Устоз Абдулла Орипов хотирасига (марсия)

Юрт ғамида ўртанган қалб куюк дерлар,
Лек шу қалбинг соҳиби мард, буюк дерлар,
Халқи учун доим жасур, суюк дерлар,
Азалий ҳақ қисмат яна енгди, устоз,
Жойларингиз жаннат бўлсин энди, устоз.

Ҳар бир нафас, ҳар бир ҳаёт кўз ёш тўкар,
Ҳар бир мисра, ҳар бир баёт кўз ёш тўкар,
Тинмай бўзлаб адабиёт кўз ёш тўкар,
Бу дунё қувончи бир зум тинди, устоз,
Жойларингиз жаннат бўлсин энди, устоз.

Йўқ, ғам чекманг, ортингиздан йиғламаймиз,
Сизни доим қувонч билан эслагаймиз,
Юз ёшда ҳам мадҳияни куйлагаймиз,
Минглаб диллар айрилиққа кўнди, устоз,
Жойларингиз жаннат бўлсин энди, устоз.

Сиздан қолди асло ўчмас буюк бир из,
Ҳар қуёшнинг сўнари бор бир кун, эссиз,
Энди сизни қалбимизга кўмамиз биз,
Ортингизда минг ниҳоллар унди, устоз,
Жойларингиз жаннат бўлсин энди, устоз.

Буюк эрур буюкларнинг ҳар бир они,
Юрти дея минг бир жафо чекар жони,
Сиз шундайин Ўзбекистон Қаҳрамони,
Ким кимлигин бутун дунё билди, устоз,
Жойларингиз жаннат бўлсин энди, устоз.

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники