Шавкат Мирзиёевдан қишлоқлар учун янги ташаббус: 4 минг километр, 3 миллион 200 минг аҳоли ва 84 фоиз кўрсаткич

Мирзиёев сайловолди дастурида бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун Ўзбекистон миқёсидаги қатор мақсадли дастурларни амалга ошириш, хусусан қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган

Табиий сув заҳиралари ниҳоятда чекланган Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу йўналишда ўтган даврда мамлакатимизда катта ишлар қилинган бўлса-да, айни пайтда аҳолимиз сони ўсиб, охирги 25 йилда 10 миллионга кўпайгани, ўнлаб янги-янги қиш­лоқ ва шаҳарчалар пайдо бўлаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мавжуд вазият бу борада кечиктирмасдан, самарали чоралар кўришни талаб этмоқда, деб хабар қилган ЎзЛиДеп матбуот-хизмати. “Бу вазифаларни амалга ошириш учун Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этиш ҳамда Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза сув” махсус жамғармасини тузиш кўзда тутилмоқда”, — дейилган хабарда. Таъкидланишича, келгуси беш йил давомида қарийб 9 минг километрлик ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3 миллион 200 минг аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 67 %дан 84 %га етказиш имконини беради.