Арзон уйларнинг нархи маълум бўлди

Самарқанд вилояти туманларида 1 758 та янгиланган лойиҳадаги намунавий уйлар қурилади, деб хабар қилмоқда “Зарафшон” нашри.

Нашрга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур йўналишдаги ишлар кенг кўламда давом эттирилиб, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини янада яхшилашга эътибор қаратилмоқда. “Президент қарори асосида 2017 йил дастурида қишлоқ жойларида намунавий лойиҳаларни такомиллашган, энерготежамкор, оптимал ечимларга эга, камқийматли, уйга муҳтож оилаларга мўлжалланган арзон нархларда якка тартибдаги уй-жойлар намуналарининг учта турини қуриш назарда тутилган”, — деб таъкидлаган нашрга берган интервьюсида “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси вилоят филиали директори Акмал Шукуров. Шукуровнинг сўзларига кўра, биринчи тури бўйича уч ёки тўрт йўлакли алоҳида ошхона, ювиниш хонаси ва қўшимча бинолари бўлган умумий майдони 42,4 метр квадратдан иборат 2 хонали ҳамда 52,4 метр квадратни ташкил этувчи 3 хонали уйлар қуриш режалаштирилган. Иккинчи тури бўйича аҳоли зич жойлашган массивларда 2 сотих майдондаги ер участкасида бир қаватли икки ва уч хонали арзон уйлар қурилади. Ҳовли қисмида болалар ўйингоҳи, уй эгалари дам олишлари учун шароитлар эътиборга олинган. Таъкидланишича, канализация тизими алоҳида чиқиндихонага уланади. Сув таъминоти қийин бўлган ҳудудларда эса ҳар бир хонадонга алоҳида қўшимча зарурий бинолар қурилиши мумкин. Сув таъминоти яхши бўлган ва марказлашган канализация тизими мавжуд ҳудудларга 3 қаватли 24 хонадонли уй-жойлар қурилиши ҳам назарда тутилган. Учинчи тури бўйича эса ҳар бирига алоҳида 4 сотих майдонга эга 2 қаватли қўшиб қурилган 4 хонали 2 хонадонга мўлжалланган уйлар қурилади. Бунда биринчи қаватда зал, ошхона, ювиниш хонаси, айвон, қозонхона ва бошқа хоналар режалаштирилган. Иккинчи қаватда ота-она ва болалар учун 3 та ётоқхона, ювиниш хонаси ва йўлак лойиҳалаштирилган. Ҳовли қисмида қурилаётган намунавий уйлардаги каби дарвозахона, кириш эшиги, омборхона ва бошқа қўшимча бинолар бўлади. Бундан ташқари, ҳовлисида болалар ўйнаши, хонадон соҳибларининг дам олиши, дарахт, экин ва гуллар парваришлаши учун 81 квадрат метр жой қолади. 2 сотих майдонда уй-жойлар қуриладиган массивларда эни 13 метрли ички кўчалар, уй-жойлар оралиқ қисмида хўжалик мақсадлари учун 4 метрли йўлаклар қурилади. 2009 йилда қабул қилинган қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастури доирасида уй қурувчининг дастлабки бадали 25 %ни ташкил этган бўлса, янги дастур бўйича биринчи ва иккинчи турдаги уйлар учун 15% миқдорида дастлабки тўлов амалга оширилади. Қарор асосида бундай уйларнинг қурилиши аҳолига жуда катта қулайлик яратади. Дастлабки ҳисобларга кўра, биринчи турдаги 2 қаватли 4 йўлакли 16 хонадонли уй-жойларнинг 2 хонаси нархи 85 миллион сўм, 3 хонали эса 100,7 миллион сўмни, иккинчи турдаги аҳоли зич жойлашган туманларда 2 сотих майдондаги ер участкасида барпо этиладиган бир қаватли 2 хонали уйлар 101,5 миллион сўмни, бир қаватли 3 хонали уйлар 118,7 миллион сўмни, учинчи турдаги 4 сотих майдондаги ер участкасида барпо этиладиган 4 хонали уйлар эса 181,8 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бунда биринчи ва иккинчи турдаги уй-жойларга 15 %лик бошланғич тўлов белгиланган бўлиб, қолган қисми 7 фоизлик имтиёзли давр билан 15 йилга уй эгаси номига кредит ажратилади. Учинчи турдаги 4 сотихли 4 хонали уйларнинг нархи 181,8 миллион сўмни ташкил этиб, биринчи тўлов сифатида уй нархининг 25 % миқдорида бадал пули тўланади. Яъни, хонадон соҳиби 45,5 миллион сўм атрофида биринчи тўловни тўлаши лозим бўлади. Қолган қисми учун 15 йилга 7 %лик имтиёзли кредит ажратилади.
Уй-жойларга электр, газ, ичимлик сув тармоқлари тортиш ва ички йўлларни қуриш республика бюджети ҳисобидан бажарилади. “Ўтган йилларда намунавий лойиҳадаги уйларнинг молиявий томонлари билан асосан “Қишлоқ қурилиш банк” ТИФ Миллий банки, “Ипотекабанк” шуғулланган бўлса, янги қарор асосида Халқ банки, “Асакабанк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк” каби молия муассасалари ҳам жалб этилди”, — деб маълум қилган суҳбатдош. Нашр хабарига кўра, Самарқанд вилояти туманларида барча турдаги уйлардан 1 758 та янгиланган лойиҳадаги намунавий уйлар қурилади. Шу жумладан, Паст Дарғом туманида 182 та, Пахтачида 52 та, Жомбойда 102 та, Нарпай туманида 72 та, Иштихонда 102 та, Булунғурда 57 та, Каттақўрғон туманида 77 та, Нуробод, Қўшработ ва Пайариқда 42 тадан, Тайлоқда 152 та, Оқдарёда 372 та, Самарқанд туманида 319 та, Ургутда 145 та уйлар қурилиши режалаштирилган. Хабарда айтилишича ҳозирда бундай уйларнинг дастлабки лойиҳалари ва қурилиш жойлари аниқланмоқда.
Manba: sputnik

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники