Самарқандда даҳшатли авария (видео)

Самарқанд шаҳрида Nexia автомобили йўл четидан юриб бораётган икки пиёдани ҳамда шу ерда тўхтаб турган яна бир Nexia’ни зарб билан уриб кетди. Бу ҳақда “Дарё” хабар бермоқда.

Постга илова қилинган видеода кузатув камераси қайди акс этган бўлиб, унда автомобиль йўли четида Nexia тўхтаб турганини кўриш мумкин. Унга орқа томондан икки пиёда яқинлашиб келаётган вақтда эса бошқа бир Nexia катта тезликда уларни орқадан келиб уриб юборган. Пиёдаларнинг иккиси ҳам турли томонга отилиб кетганини, зарбага учраган Nexia бир неча метргача сурилиб кетганини кўриш мумкин.

Изоҳлардан маълум бўлишича, мудҳиш ҳодиса Самарқанддаги трикотаж заводи яқинида юз берган. Ўзини пиёдалардан бирининг қўшниси деб таништирган фойдаланувчи унинг 21 ёшда эканлигини ва куни кеча дафн этилганини таъкидлаган. Гуруҳнинг яна бир аъзоси эса иккинчи пиёда ўлим тўшагида ётганини маълум қилган.

Фойдаланувчиларнинг кўпчилиги ушбу ҳолатда айбни тўлиқ ҳайдовчига юклаган ҳамда унинг шаҳар кўчасида бундай катта тезликда ва эҳтиётсизлик билан машина ҳайдашини кечириб бўлмайдиган ҳолат деб атаган. Шунингдек, пиёдалар йўлаги бўла туриб, автомобиль йўлидан юрган икки пиёдани вазиятга сабабчи қилганлар ҳам топилди.
Manba: darakchi.uz