Тошкентдаги чегирманинг аҳволи: бир жуфт пайпоқ 120 000 сўм?!

Тошкентдаги “Самарқанд дарвоза” гипермаркетида 9-декабр куни “Мўъжизали жума” ўтказилиши аксарият маҳаллий нашрларда тинмай реклама қилинди. Маҳсулотларга 70%лик чегирмалар эълон қилиниши ҳақида хабар топган борки, ўша куни машҳур гипермаркет томон шошилди. “Мўжизали жума” ҳақида харидорлар тассуротларини келтириб ўтамиз
Спутник Ўзбекистон нашри “Мўъжизали жума” куни “Самарқанд дарвоза”да бўлган харидорлар билан боғланиб, уларнинг таассуротлари билан қизиқиб кўрди. “Нимасини сўрайсиз, “Самарқанд дарвоза” нақ Ипподром бозорини эслатади-я. Бутун Тошкент кўчиб келганми, билмадим, одам жуда кўп эди”, — деди 9 декабр куни арзонроқ маҳсулот харид қилиш истагида гипермаркетда бўлган харидорлардан бири. “Рекламанинг сеҳрли кучи таъсири бу билмадим, гипермаркет яқинидаги автомобил турагоҳида машинамни қўйишга бўш жой топа олмади. Бир соат вақтим мана шу муаммони ҳал қилиш учун кетди”, — дея шикоят қилди Анвар исмли харидор. Аммо одам кўплиги-ю, машинани қўйишга жой топилмагани хамир учидан патир эканлиги аён бўлди. Харидорлардан бири “рекламаларда ваъда қилинган 70% чегирмаларни қидиравериб, чарчаганини” маълум қилди. “Маҳсулотларга 70% чегирма бўлади. “Скидкасиз” нарсани топа олсангиз, у сизга бепул берилади”, дейишганига ишониб, келаверибман. Аммо ҳаммаси бекор гап экан. Дўконларнинг ҳеч бири янги олиб келинган коллекцияларга чегирма қилмаган. Чет элдан келтирилган буюмларга 20% чегирма берилган, холос. 50% чегирмалар эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “великан” (катта ўлчамдаги, демоқчи, таҳр.) кийимларга! Тўғри, 70% скидка ҳам бор эди: энг қиммат маҳсулотларга, фақат. Яъни ўша 70%лик чегирма берилган бир жуфт пайпоқнинг нархи — 120 минг сўм! Бу деярли энг кам иш ҳақи бараварида! Бошқаларни билмадиму, мен ҳайратда қолиб, ҳеч нарса харид қилмай қуруқ қайтавердим”, — дея ўз ҳайратини яширмади Дилафрўз исмли харидор. “Эркакларнинг яхши, сифатли кўйлаги 200 минг сўм! Аёллар кўйлаклари эса — сифатлилари 2 миллионгача нархланган. Ёпирай, оддий аҳоли учунмас, шекилли”, — деб таъкидлади харидорлардан яна бири. Аммо, юқорида билдирилган фикрларга қарамай, ўз дидига мос, энг асосийси, “чўнтакбоп” маҳсулотларни топганлар ҳам жуда кўпчиликни ташкил қилган. Мана мисол учун, харидорлардан бири нақ бир соат навбатда туриб чарчаганини яширмади. “Магазин кассаларининг олдига яқинлашиб бўлмайди. Навбат ҳам “ўзбекча”. Одамлар қатор бўлиб туришса-ку, олди-берди ҳам осонроқ кечар эди”, — дея фикр билдирди суҳбатдош. Нима ҳам дердик, чегирмалар жумасини эълон қилиш ғоясининг ўзи ҳурматга сазовор. Ташаббускорлар бу йилдаги барча камчиликларни инобатга олган ҳолда, келгуси йилдаги бу каби тадбирга яхшироқ тайёргарлик кўрадилар, деган умиддамиз. Мисол учун, кондиционер, қўриқлаш хизмати, автомобил тураргоҳи ва қўшимча кассирлар масаласи дегандек. Ахир, харидор мамнун бўлса — асосийси шу эмасми?
Manba: sputnik