Шавкат Мирзиёев: “Бу ҳақиқатни раҳбарлар яхши тушуниб олиши шарт”

Шу йил 25 сентябрда Бош вазирнинг интернет тармоғида электрон қабулхонаси ташкил этилган эди. Ўтган даврда ушбу қабулхонага фуқароларимиздан 218 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг қарийб 59 фоизи ечимини топган бўлса, 41 фоизи кўриб чиқилмокда.

Ушбу рақамлар Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қайд этилганди.

“Очиқ айтишим керак, бу мурожаатлар таҳлилидан кўп нарса аён бўлди. Таъбир жоиз бўлса, улар ҳаётимизда мавжуд бўлган ўткир муаммоларга кўзимизни очиб берди.

Мана, одамлар нималар ҳақида мурожаат қилмоқда. Аввало, улар турли соҳалардаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, қонунга зид бўлган кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, ставкаси оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш ҳақида, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти ҳақида мурожаат қилмоқда.

Шу билан бирга, аҳолимиздан уй-жой қурилиши, коммунал, транспорт ва савдо хизмати, энергия таъминотини, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Кўриб турибсизки, азиз дўстлар, бу талабларнинг барчаси қонуний ва адолатли. Бу борада ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Лекин шу ўринда бир савол туғилади: мана шу мурожаатларда кўтарилган ҳаётий муаммоларни жойлардаги ҳокимлик ва идоралар, тегишли мутасаддилар ўз вақтида ҳал этиши зарур эмасмиди? Ҳолбуки, бу масалада алоҳида қонун, яъни, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Лекин, минг афсуски, бу қонуннинг ижросини назорат қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Шу сабабли ана шу қонун талабларини бажармаётган раҳбар ва мансабдор шахсларни нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка тортиш зарур, деб ҳисоблайман.

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур”, дейди Давлат раҳбари.
Manba: darakchi.uz