Шавкат Мирзиёев ва Ерлан Идрисов: нималар муҳокама қилинди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, қардош Қозоғистоннинг раҳбарияти ва халқини тарихий сана – Қозоғистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги билан яна бир бор самимий табриклади.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида қарор топган ва чуқур тарихий илдизларга эга ишончли ва самарали муносабатлар мамлакатларимиз ва халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб бериши ва ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларида бугун жадал ривожланаётгани таъкидланди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири самимий қабул учун Президентга миннатдорлик билдириб, давлатимиз раҳбарига ва Ўзбекистон халқига Президент Нурсултон Назарбоевнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромини етказди.

Ерлан Идрисов давлатимиз раҳбарини Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор муборакбод этди.

Учрашувда мамлакатларимиз яқин қўшни ва вақт синовидан ўтган ҳамкорлар сифатида Ўзбекистон ва Қозоғистонда, бутун Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдан, иқтисодий, ижтимоий тараққиёт ва фаровонликдан бирдай манфаатдор экани қайд этилди.

Шу нуқтаи назардан, Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибига муваққат аъзо этиб сайлангани ва бу Ўзбекистон томонидан кенг қўллаб-қувватлангани Марказий Осиё давлатлари манфаатларини глобал миқёсда ҳимоя қилиш учун янги имкониятлар яратади.

Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига оид, авваламбор, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорликнинг барча йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашди. Хусусан, савдо соҳасида йирик шериклар бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш, бу борадаги барча имкониятларни ишга солишга тайёр экани таъкидланди.

Томонлар икки ва кўп томонлама серқирра ҳамкорликнинг бугунги даражасидан, мамлакатларимиз ҳукуматлари, хўжалик субъектлари ва ҳудудлари ўртасидаги алоқаларнинг фаоллигидан мамнуният билдириб, Абадий дўстлик ва Стратегик шериклик тўғрисидаги давлатлараро шартномалар руҳида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этдилар.

Учрашувда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Manba: uza.uz