Олий таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш тартиби ўзгарди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази матбуот анжумани ўтказди.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ҳужжатлар қабул қилиш муддати 15 июндан 15 июлга қадар бўлади. Олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тест синовлари эса 5 июль куни ўтказилади.

Бу абитуриентларга янада кўпроқ қулайлик яратиш, таълим муассасаларини тест жараёнига тайёрлаш, белгиланган бинолар ва аудиторияларни керакли жиҳоз ва ускуналар, ўқув воситалари билан таъминлаб, муддатидан олдин шай ҳолатга келтириш имконини беради.

Давлат тест маркази директори ўринбосари Қ.Ҳақбердиев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида таълим муассасаларида ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги юксалиб, жаҳон андозалари ва замон талабларига мос бўлган таълим стандартлари амалиётга жорий этилаётганини таъкидлади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 26 майдаги “2016-2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларининг бакалавр таълим йўналишларига 57 минг 907 талаба, жумладан, 19 минг 120 талаба давлат гранти, 38 минг 787 талаба тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди. 174 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида саралаш тест синовлари ташкил этилиб, унда 138 минг 214 ўқувчи иштирок этди. 10 олий ҳарбий таълим муассасасида ўтказилган тест синовларида 6 минг 163 абитуриент қатнашди.

2016-2017 ўқув йилида Тошкент давлат техника, Тошкент давлат аграр, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетлари, Тошкент архитектура-қурилиш, Тошкент кимё-технология, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият, Андижон қишлоқ хўжалиги, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтлари, Тошкент тиббиёт академиясида янги таълим йўналишлари очилди.

– Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган билимли, иқтидорли, салоҳиятли ёшлар йилдан-йилга ортиб бормоқда, – дейди Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Қаюм Боймирзаев. – Бу йил олий ўқув юртларига 663 минг 304 абитуриент ҳужжат топширди, бу бир ўринга 11,5 йигит-қиз талабгорлик қилди, дегани.

Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги умумтаълим мактабларига инглиз тили ўқитувчиларини етказиб бериш мақсадида тест синовларида юқори балл тўплаган 117 нафар абитуриент қўшимча равишда ўқишга қабул қилинишга тавсия этилди.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига соҳа мутахассислари жавоб қайтарди.

Manba: anons.uz