“Эшон эшон билан, хўжа хўжа билан қуда бўлиши керак”.

Одамлар орасида «Эшон», «Қорача», “Тўра” ва шунга ўхшаш  гаплар,  оддийроқ қилиб айтса “табақалар” бор. Яна шундай ҳолат бўладики,  улар “эшон”, “хўжа” бўлмаганларга қиз бермайди ёки улардан қиз олмайди. Бу гаплар қанчалик асосли, умуман, Исломда  бунинг баёни қандай?
Саволларга   “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом – хатиби Одилхон Қори Юнусхон ўғли жавоб беради

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Шариатда насл-насаб билан фахрланишдан, одам ажратишдан қайтарилган. Аслида банда қалбидаги имони, қилаётган солиҳ амаллари, чиройли одоб-ахлоқи муҳим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ сизларнинг (ташқи) кўринишингизга ҳам, бойликларингизга ҳам қарамайди, қалбингизга ва амалингизга қарайди” (Муслим, Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан – ривоят қилган).

БУ ҲАММАСИ САФСАТА
Исломда оқсуяк, қорача, олий тоифали, паст даражали деган нарсалар йўқ. Бандаларнинг ҳаммаси бир. Уларнинг бой-камбағаллиги, чиройли-хунуклиги, аслзода ёки таги “паст”лиги аҳамиятга эга эмас. Ота-боболари билан мақтаниш, насл-насаби билан ғурурга кетиш жоҳилиятга оид иллатлардан биридир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қавмлар ота-боболари билан фахрланишни бас қиладилар. Зеро, улар жаҳаннам кўмиридирлар ёки Аллоҳ наздида бурни билан ахлат титадиган гўнг қўнғизидан ҳам хорроқ бўладилар. Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридаги кибрни, ота-боболар билан фахрланишни кетказди. Албатта, у тақволи мўмин ёки бахтсиз фожирдир. Одамларнинг барчаси Одамнинг ўғилларидир. Одам эса тупроқдан яратилган” (Термизий ривоят қилган).

Бу ерда ота-боболари билан, насл-насабининг “тоза”лиги, таг-тугли эканини пеш қилиб кибрланадиган кимсаларга раддия берилмоқда, бундай ишлар жоҳилият одатларидан экани таъкидланмоқда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилинган саҳиҳ санадли ҳадисда: “Жоҳилият даврида ўтиб кетган ота-боболарингиз билан фахрланманглар!..” дейилган (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривоят қилган).

АВВАЛО ЛОЙИҚ БЎЛИНГ!
Бизда ҳалиям ота-боболар билан мақтаниш иллати сақланиб қолган. Ўтмишда яшаб ўтган аждодларни тилга олиб, уларнинг авлоди эканимиз билан мақтанамиз, “Бухорий авлодимиз”, деймиз, бироқ битта ҳадисни ёдлашга, унинг маъноларини қунт билан ўрганишга ҳафсала қилмаймиз. “Замаҳшарий авлодимиз, бизнинг бобомиз арабларга ўзининг тилини ўргатган” деб оғиз кўпиртирамиз-у, бироқ араб ҳарфларини билмаймиз, алифбодан хабаримиз йўқ. “Ибн Сино бизнинг юртдан чиққан, тиббиёт мадади синодан олинган” , деб айтамиз-у, лекин халқ табобатидан сабоқ олишга, ҳамма учун муҳим бўлган илк тиббий илмларни эгаллашга ҳам қунт қилмаймиз.
Ота-боболар билан мақтанишдан ҳеч қандай наф йўқ. Агар биз улуғ аждодларимиз изидан юрсак, улар каби илмга қаттиқ киришиб, тараққиётга озми-кўпми ҳисса қўшсак, ана шунда аждодларга муносиб ворис саналамиз.

СОВЧИЛИКДА…

Совчиликда ҳам бу мезон асосий ўринда туриши керак. Ҳадиси шарифда қизнинг имонига эътибор беришга чақирилган. Шунда оила мустаҳкам бўлади.
Саҳобалар даврида ҳам асосан иймонга, ихлосга эътибор берилган. Дин-диёнатдан узоқлашиш, ихлоснинг йўқолиши оқибатида мана шундай мақтанчоқлик, одам ажратиш, насл-насабини пеш қилиш каби ҳолатлар бошланган (етти аждодини сўраб-суриштириш, наслида бирон касаллик бор-йўқлиги билан қизиқишнинг йўриғи бошқа). Унутмайлик: кишининг насл-насаби, бойлиги, обрў-эътибори ёки чиройи бахт келтирмайди. Саодатга элтувчи бирдан-бир восита, бу – имон-эътиқод, покиза қалб ва чиройли хулқ!

ИСЛОМДА “ЭШОН ЭШОН БИЛАН, ХЎЖА ХЎЖА БИЛАН ҚУДА БЎЛИШИ КЕРАК, ОЛИЙ ТОИФАЛАР ОДДИЙ ХАЛҚ БИЛАН ҚУДА-АНДА БЎЛМАЙДИ”, деган гап йўқ. Никоҳда келин-куёвнинг имон-эътиқодда, одоб-ахлоққа, қолаверса, касб-ҳунар ва шу каби жиҳатларда бир-бирига муносиб эканига қаралади. Келин-куёв ўзаро мос бўлса, уларнинг қайси табақага мансублигининг аҳамияти йўқ.

ХУЛОСА ЎРНИДА
Аллоҳ таоло башариятнинг отаси – Одам алайҳиссаломни тупроқдан, Одамнинг жуфти Ҳаввони эса унинг қовурғасидан яратган. Ҳамма одамнинг зуваласи бир жойдан олинган. Ҳар бир инсон оддий тупроқдан яратилган. Бири тупроқдан, иккинчиси олтиндан, бошқаси кумушдан халқ қилинмаган. Асли тупроқ бўлган хилқатнинг кибрланиши, мақтанчоқлик қилиши дуруст эмас.
Одам тупроқдан яратилган, инсониятнинг асли – отаси бир экан, улар ўзаро ака-ука, опа-сингил эканлар, манманликнинг нима кераги бор. Зеро, қадр-қиймат бойлик, мансаб, насл-насаб ёки чиройда эмас, имон-эътиқодда, тақводадир. Валлоҳу аълам!

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Июль 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    Авг »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви