ДЕВОНАНИНГ БАХТИ

У учун шу тўрт девор — дунё. Макони ҳам, ошёни ҳам шу. Ҳар эрталаб ташқарига чиқади-да, ўз дунёсини кезиб чиқади. Чарчамайди, бошқаларга ўхшаб бошқа нарсага чалғимайди. Фақат тўрт томонда тинимсиз изғийди. Нега бундай? Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди бунинг сабабини. Балки, ниманидир излаётгандир?

Бугун ҳам тонг саҳарда турди. Дастлаб хонасининг ҳар бир бурчагига разм солди. Каравотнинг остига қаради, тополмади, шекилли, эшикни оҳиста очиб, ташқарига чиқди. Кенг ҳовли бўйлаб одатдагидек изғий бошлади. Ҳовлидаги дарахтларга синчковлик билан термилди. Бир четда нималар билан овора бўлиб юрганларга қаради. Йўқ, ҳеч қаерда йўқ. Эслашга уринди. Олдин бўларди. Ҳар куни қўлига оларди-да… Эҳ, қанийди ўша дамлар қайтиб келса. Афсус. У шуларни элас-элас хотирларкан, аянчли жилмайиб қўйди. Ўша лаҳзалар, уни шу кўйга солган мудҳиш хотиралар қайта бош кўтарди…

* * *

Муз йўлда кетиб боришарди. Отаси рулда, ўзи ҳам олд ўриндиққа ўтириб олган. Онаси эса орқа ўриндиқда, хаёлга берилган. Шаҳарга кетишаётганди. Кутилмаганда машина қаттиқ тормоз берди. Ёнларида келаётган машина уларни туртиб юборди.

— Дадаси! — жон ҳолатда қичқирди онаси.

Кейин нима бўлганини аниқ эслолмайди. Кўз олдида ҳамма нарса чирпирак бўлиб айлана бошлади. Бироздан сўнг кўз олди қоронғилашди. Ҳушини йўқотди. Кўзини очганида шифохонада ётарди. Ажали етмаган экан, тирик қолди. Ён томонга ағдарилган машина отаси ва онасининг умрига зомин бўлганди. Унинг қандай тирик қолгани олдида эса шифокорлар елка қисишди, холос. Ҳа, буни тиббиёт исботлолмасди, инсоният ожиз эди. Фақат Яратгангина биларди бу мўъжизанинг сабабини.

У шифохонадан тўлиқ тузалиб чиқа олмади. Мияси қаттиқ шикастланган экан. Эси кирди-чиқди бўлиб қолди. Устига-устак тилдан ҳам қолди. Гоҳ-гоҳида ҳамма ёқни остин-устун қиладиган одат чиқарди. Кейин шу ерга олиб келиб ташлашди. Ўшандан буён унга тинчлик бермаётган нарсасини қўмсайди. Унга энг ширин лаҳзани ҳадя этган ўша нарсани соғинади. Куни бўйи излайди. Бугун эса жуда интиқ бўлди. Астойдил истади. Ўша нарса учун ҳар нимага тайёр эди. Лекин тополмади. Хомуш аҳволда хонасига кирди.

Шу пайт олдига ёши каттароқ, чиройли рўмол боғлаган, семизроқ аёл кирди. У бошини кўтарди — рўпарасида ҳамшира турарди. Қўлида шприц. Ҳамшира унга эҳтиёткорона яқинлаша бошлади. Негаки, ҳар сафар у укол қилишларига йўл қўймас, зўрға тинчитишарди уни. Бироқ бу сафар у жим. Ҳамшира унга яқинлашиб келди. У эса нигоҳини бир нуқтага қадади. Бармоқлари билан ниманидир кўрсатди. Ҳамшира эса уни тушунмади, тушунолмади. Ахийри унинг тоқати чидамади. Аёлга талпиниб, бошидаги рўмолини юлқиб олди. Ҳамшира чинқириб юборди. У эса рўмолни юзига босди. Тўйиб-тўйиб ҳидлади. Ўшанда ҳам шундай бўлган, машина чирпирак бўлиб айланганида онасининг рўмоли бошидан ечилиб кетиб, унинг юзига урилганди. Бирам муаттар ҳид таралганди-ки. Гарчи бу лаҳза атиги бир неча сония давом этган бўлса-да, ёқимли ҳид ҳамон димоғида ўрнашиб қолган. Бу ёқимли ҳид онасидан қолган сўнгги ёдгор эди. У рўмолни янада маҳкамроқ юзига босди. Лекин рўмолдан тамомила бошқача ҳид келарди. У рўмолни бир четга улоқтирди. Бошини кафтлари орасига олиб, нигоҳларини ерга қадади. Ҳамшира унга бир муддат тикилиб турди-да, ташқарига чиқди. Бироздан сўнг қон юқи қолган эски рўмол билан кириб келди.

— Мана буни қидираётганмидинг? — сўради ҳануз хомушликка чўмган беморига қараб.

У бошини кўтарди. Кўзлари катта-катта очилиб кетди. Рўмолга жон ҳолатда тармашди. Кирбардор рўмолни юзига босди. Гарчи рўмол шунча пайт қон юқидан ҳидланиб кетган бўлса-да, онасининг хушбўй ҳиди барини ёриб чиққанди.

— Ҳушингдан кетганингда қўлингда ётган экан. Кейин кераксиз деб бир четга ташлаб қўювдик. Яхшиям, ташлаб юборишмабди. Онангники-а?

У ҳамширанинг гапларини эшитмасди, бор ақлу шуури, онги рўмолдаги ҳидни туйиш билан банд эди. Кўзларидан оқаётган ёш юзини ювиб, рўмолчани ҳам ҳўл қилди. У йиғларди. Келганидан бери илк бора йиғларди. Бу йиғида онасини йўқотгани билан боғлиқ аламли хотиралар, рўмолни ҳидлаганидаги соғинч — ҳамма-ҳаммаси қоришиб кетганди…

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Июль 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    Авг »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви