ЙЎЛДА ОЛИНГАН САБОҚ

Шаҳардан чиққанига қарийб ярим соат бўлган эса-да, йўловчиларнинг сассиз кетиши Ботирни зериктирди. Йўл узоқ, ким биландир гаплашиб, ўзини чалғитмаса, ичи ёрилиб, сиқилиб кетади. Шунинг учун ҳам орага қараб-қараб қўйди. Орқа ўриндиқда ўтирган чол-кампир индамай кетишяпти. Отахон ора-орада хўрсиниб қўяди. Кампир эса чуқур ўйга толган. Ботир нимадир дейишга оғиз жуфтлади-ю, лекин индамасликка қарор қилди. Йўловчиларнинг қандайдир дарди борлигини билиб, “Тағин яраларини янгилаб қўймай” деган хаёлда жим кетаверди. Ёнидаги эркак киши билан суҳбатлашмоқчи бўлганди, у аллақачон пинакка кетибди. Кейин юзланди:

— Қўшиқ қўйсам бўладими, ота?

Чол тасдиқ маъносида бош ирғагач, Ботир магнитофонини ёқди, дарров қўшиқ янгради:

— Ўғлим, отанг қарияпти, ҳушёр бўлгин, огоҳ бўл…

— Овозини баландлат, ўғлим, — деди шу пайт отахон ўрнидан бир қўзғалиб.

Ботир қўшиқнинг овозини баландлатди. Отахон эса кўзини юмиб олганди.

“Ўғли хафа қилган, шекилли, — деб ўйлади Ботир, — ёки фарзанди йўқмикин?”

Унинг хаёлини отахоннинг гапи бўлиб юборди. Аниқроғи, отахон қўшиқнинг: “Ҳар сўзингдан қулаб тушар, тоғу тошлар ҳеч гапмас”, деган жумлалари янграганида ўзига ўзи гапирди:

— Тўғри, инсон қариганидан кейин нозик кўнгил бўлиб қоларкан. Эҳ, шу пайтгача не-не иддаоларни, таъналарни кўтарган юрак энди оддий нарсаларни ҳам кўтара олмаяпти.

— Тинчликми, ота, — дея орқасига бир қараб олди Ботир, — боядан бери сўрайман дейман, лекин ҳаддим сиғмаётганди. Нима бўлди ўзи?

— Э, нимасини айтасан. Шаҳарга ўғлимникига келгандик, кампир билан. Энди қарий бошлаганингдан кейин кераксиз бўлиб қоларкансан.

Отахоннинг бу гапидан норози бўлган кампири уни жеркиб берди:

— Қўйсангиз-чи бунақа гапларингизни. Шарофжоним сизга ортиқчасиз, дедими?! Шунчаки иши кўпайиб кетгани учун ортиқча эътибор қарата олмагандир…

Бу гапни Ботир ҳам тасдиқлади.

— Тўғри, ота, ўғлингиз бемеҳрга ўхшамайди. Мана, ҳатто сизлар учун орқа ўриндиқни тўлалигича банд қилди. “Бемалол кетсинлар, қийналмасинлар”, деди-ку!

— Эй, ўғлим, ҳозир ўйлаётганларим нотўғри бўлиб чиқишини мен ҳам жуда истардим. Лекин ҳамма нарса кундек равшан. Ўзимни овутишга, чалғитишга қанчалик уринмай… Ўтган сафар келганимиз эсингдами, кампир? Ўшандаям ўғлинг ишидан ортмаганди. Тўрт девор ичида иккаламиз бир-биримиз билан гаплашиб ўтиравергандик. Ўшанда “Ҳа, иши кўпайиб қолгандир-да”, деб ўйлагандим. Лекин бу сафар ҳам…

— Бўлди қилсангиз-чи, чол?! Қариб миянгиз айниб қолибди.

— Нимани бўлди қилай? — овозини баландлатди отахон. — Мен шаҳарга, ўғлингнинг уйига кўрпачасига омонатгина ўтириш учун келганмидим? Ёки анави келинингнинг қош-қовоғига қараш учунми?! Неччи марта келган бўлсак, шу келиннинг қовоғи бирор марта ҳам очилмаган. Ёки ўғлимизга шуни келин қилиб, адашдикми, а?

— Ҳай-ҳай, шайтонга ҳай беринг, дадаси. Яхшими, ёмони, ўғлингизнинг ош-овқатига қараб турибди, невараларингизнинг онаси, келинингиз. Энди Шарофжон иш билан бўлиб, бизнинг келаётганимизни айтишни унутгандир. Шунга кутилмаганда келганимизни кўриб, ажабланган-да. Бўлмаса, қандай меҳрибончилик қилди? Тилидан бол томдия келинимнинг…

— Бу гапинг ҳам тўғри. Лекин боя айтдим-ку, одам қаригани сари эътиборталаб бўлиб боравераркан.

— Ота, шаҳарга нима мақсадда келгандингиз ўзи? — Ботир вазиятни юмшатиш учун орага гўп қўшди.

Аммо бу билан вазиятни баттар кескинлаштириб юборди.

— Бел безовта қиляпти, болам. Шу ўрнимдан турсам, санчиқ беради. Ўтиришгаям қийналаман. Шуни даволатаман деб келувдим. Лекин…

Чол сукут сақлади. Гапиролмади. Бироқ Ботир унинг нима демоқчи бўлганини тушунди.

— Нега бир оғиз айтмадингиз шуни? — деди кампир чолига тикилиб. — Шу қарадим, имо қилдим, аммо чурқ этмадингиз. Биров тилингизни боғлаб қўйганмиди?

— Қандай айтаман? Келинингнинг қовоғи солиқ, ўғлингнинг қовоғи солиқ, ўзимдан ўзим гапирмайман-ку!

— Улардан гина қилманг. Ҳозир айни рўзғорларини тиклайдиган пайтлари. Ташвишлари ўзларига етиб ортади. Ўзи биз бемаврид келдик-да…

— Бемаврид?! — пешонасини тириштирди отахон. — Ота-она ҳеч қачон ўз фарзандининг уйига бемаврид ташриф буюрмайди, кампир. Қаердан олдинг бу гапни? Бемаврид келиб, нима, биз уйини кўтариб кетдикми? Бир дунё нарсасини еб қўйдикми?! Йўқ! Менимча, бу ўғлинг шаҳарда юравериб, бемеҳр бўлиб кетибди!

— Ундай деманг! Ота-онасини норози қилган фарзанднинг косаси оқармай ўтади, деган гап бор. Шарофжонимдан норози бўлманг!

Отахон машина ойнасидан ташқарига тикилди.

— “Мана, машинанинг орқа ўриндиғи сизларники, бемалол кетасизлар”, деганида бизни ўйлаётганидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Аммо “Келганларингга ҳеч қанча бўлмади-ку! Яна бироз туринглар, сизларсиз уйимиз ҳувиллаб қолади”, деса, янаям хурсанд бўлардим-да, кампир.

— Мен ҳам ҳаммасини тушуниб турибман. Келинимнинг кутмаганидан эмас, ёқтирмаганидан хўмрайгани, ўғлимнинг қовоқ уйиб ўтиргани, ҳамма-ҳаммасини билиб, сезиб турдим. Шунинг учун ҳам белингиз оғриётганини айтмадим. Тезроқ чиқиб кетишни истадим. Лекин, ота-она қандай қилиб ўз боласидан норози бўлади? Қандай қилиб уларни ёмон кўра олади?!

Хола кўзларида ёш ҳалқаланди. Чол шундагина бироз чегарадан чиқиб кетганини, кампирининг шундоқ ҳам дарз кетган кўнглига баттар озор етказиб қўйганини сезди.

— Қўй, йиғлама, ҳеч ким кўз ёш тўкишингга арзимайди. Шу пайтгача бир-биримизга тиргак бўлиб яшадик, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Энди мен ҳам ичимдагиларни кимгадир айтишим керак эди-ку! Ичимда сақлаб юрсам, ич-этимни еб кетарди. Шунинг учун ёрилдим-да. Майли, Шарофиддин бахтимизга соғ бўлсин.

Ботир рулни сиқиб ушлади. Юраги алланечук уриб кетди. Беихтиёр отасини эслади. Кўчиб чиққанидан кейин байрамда борганини ҳисобламаса, бирор марта ҳам хабар олмабди. Ҳол-аҳвол сўрамабди, ақалли қўнғироқ қилиб бўлса ҳам кўнгил сўрамабди.

— Мениям ота-онам бор, — деди ойнадан йўловчиларга қараб. — Бахтимга соғ бўлишсин. Ҳар доим “Болам, қачон келасан?” дейишарди. Ўшанда ҳа деб боравераманми, деб ўйлардим. Аммо инсон бир-бирига ғанимат экан. Энг ёмони, ота-онанинг кўнглини ранжитиш оғир гуноҳ.

— Болам, ота-онангизнинг қадрига етинг. Уларнинг дуосини олиб қолинг. Ота-онангиз ғанимат.

Ботир йўловчиларни манзилига элтиб қўйди-да, тўғри отасининг уйига йўл олди. Таниш дарвоза олдида тўхтаганида юрак уриши тезлашиб кетди. Сўнг дарвозани очди-да, ичкарига қадам қўйди. Ҳовлидаги каравотда чой ичиб ўтирган отасини кўриб, унинг дийдорига ошиқди. Лаблари эса оҳиста пичирлади: “Мен келдим, дадажон!”

Низомжон ИСЛОМОВ

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Июль 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    Авг »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви