УСТА

Кийимига унниқиб қолган чанг юқини қоқаркан, пешонасидан оққан тер Раҳимнинг кўзини ачиштирди. Енги билан кўз ёшини сидириб ташлади. Сўнг яна ишига уннади. Бу сафарги мижози жуда нозик кўринади. Ҳар тугул, сўнгги русумдаги машинани миниб юрганига қараганда таги ҳам бақувват бўлса керак. Бундайлар Рустамнинг устахонасига камдан-кам келишади. Нуқул чўнтагининг таги кўриниб юрадиганлар йўқлашади уни. Улардан кўпроқ пул олиб бўлармиди? Арзимаган нарх устида соатлаб тортишишади. Ахийри, устанинг ўзи рози бўлиб қўя қолади. Азбаройи боши оғриб кетганидан ортиқ тортишгиси келмайди. Шунинг учунми, бадавлатроқ мижоз келиб қолса, кўнгли ёришади.

Мана, бу сафар ҳам омади келган кўринади. “Пули кўп буни, — дея ўйлади Рустам, — тортишиб ўтирмаса ҳам керак”. У шу хаёлда машинанинг ичини тартибга келтира бошлади. Олд ўриндиқларини артиб, энди бардачогини кўтарганди ҳамки, ҳамёнга кўзи тушди. Бир муддат нима қиларини билмай турди. “Бойваччаларнинг пули кўп бўлади” дея ўйлаб, ҳамённи қўлига олди-да, ён-атрофга қаради, нигоҳлари билан ҳамён эгасини излади. Ана, ҳув чеккада телефонда суҳбатлашяпти. Бир кўнгли бировнинг омонатини қайтариб жойига қўяй, деб ўйлади, лекин жарақ-жарақ пуллар унинг хаёлини ўғирлаб қўйганди, беихтиёр ҳамённи очди-ю, кўзи қамашиб кетди. Хаёллари уни алдамаган, кўз ўнгида бир ҳамён доллар турарди.

— Ўҳҳу, кўкидан-ку а, — деди ҳайратини яширолмай.

Атрофга яна бир назар ташлади. Ҳамма ўз иши билан банд. Машина эгаси ҳамон телефонда суҳбатлашяпти. Шоша-пиша пулнинг ярмини чўнтагига солиб, ҳамённи жойига қўйиб қўйди.

— Бўлдими?

Уста ортига ўгирилиб, рўпарасида унга тикилиб турган машина эгасини кўрди. “Сезиб қолмадимикин? — дея ўйлади хавотирланиб, — пулини қайтариб берсаммикин? Э, йўқ, сезмагандир, бу ёғи таваккал”.

— Ҳа, тугатдим.

Ҳалиги киши машинасига ўтирди-да, жўнаб қолди. Машина тобора узоқлашаркан, устанинг кўнгли дам хотиржам тортар, дам эса виждони қийналарди. Отасининг гапларини эслади. “Ўғлим, ким бўлишингдан қатъи назар, бировнинг ҳақидан ҳазар қил” дея ўргатганди отаси. Бироқ ҳозир бу насиҳатни унутиб қўйгандек эди. Айни лаҳзаларда турмуш қийинчиликлари виждонидан устун келганди.

Ишини тугатиб, турли ўйлар қуршовида уйига йўл олди. Кўз олдидан эса ҳамён эгасининг нигоҳлари кетмасди. “Тўғри қилдиммикин? Ахир у менга ишониб, бемалол ўтирганди. Ўғрилик қилишимни хаёлига ҳам келтирмаган шекилли, акс ҳолда шунча пулни машинада қолдирадими?” деган ўй ич-ичини тирнарди. Бир кўнгли эса “Унга бу пуллар чикора. Керак бўлса, бир кунда топади. Ўйлама. Сен ҳам одамсан, қачонгача қийналиб яшайсан?” дея ўзига ўзи далда бермоқчи бўларди. Шу пайт тасодифан қоқилиб кетди. Хаёлда йўлидаги тошни кўрмай қолибди. Оёғида қаттиқ оғриқ турди. Юролмай қолди. Бармоқлари билан туфлисининг тошга тўқишган жойини уйлаб кўрди. Қоронғида кечагина олган янги туфлисининг учи йиртилиб кетганини кўрди.

— Бир, — деди пичирлаб.

Яна йўлида давом этди. Хаёллари тағин бугунги воқеага етаклаб кетди. Кўз олдидан ўша пуллар ўта бошлади. Секин чўнтагини пайпаслаб, бугун “ишлаб топган” пулини санади. Бир йиллик маошидан ҳам кўпроқ эди. “Энди анча режаларимни битириб олсам бўлади” деган ўйда жилмайиб қўйди. Яна қоронғида пайқамай қолди, оёғини ноқулай босиб, сирпанчиқда тойиб кетди ва олдинга йиқилди. Пуллари ҳар томонга сочилиб кетди.

— Уфф, — деди у асабийлашиб, — кўзимга қарасам бўлмайдими?

Ўрнидан туриб, уст-бошини тозалади. Лойга қоришган пулларини йиғиб олди.

— Икки, — деди тағин ўша паст товушда.

Уйига етиб келганида қоронғулик анча қуюқлашиб қолганди. Аёли эрининг ҳаяллаб қолганидан ташвишланди.

— Бунча кел қолдингиз, аҳволингиз яхшими? — деди Лобар опа эрининг устки кийимини илгакка иларкан.

— Яхши, — деди уста, — бугун иш кўпайиб кетди.

— Кийимларингиз лой бўлибди-ку! Йиқилиб тушдингизми? Ҳозир ювиб қўяман.

— Йўқ, — деди уста шимини маҳкам ушлаб, — ювма, тураверсин.

Ювилмаган кийимни кўрса жаҳли чиқадиган эрининг ҳозирги ҳаракати аёлни ажаблантирди.

— Нега? Ахир ҳар сафар кийимларимни ювиб қўй, дердингиз-ку!

Аёлининг бу гапи устани довдиратиб қўйди.

— Т…тўғри, айтгандим… лекин ҳозир…

— Нима ҳозир, дадаси?

— Барибир, кир бўлади-ку, ўшанда ювасан. Ҳозир овора бўлиб юрма.

Аёл эрининг нега бундай деганини тушунмаган бўлсада, гап қайтариб ўтирмади. Уста шимни кўзга кўринадиганроқ жойга илиб қўйди. Овқатини шоша-пиша ичди-ю, ухлашга ётди. Тезроқ кўзим илинса, кўнглимдаги нохуш ўйларни унутарман, дея ўйлади. Бироқ ҳа деганда уйқу келавермади. Кўзини юмди дегунча машина эгасининг нигоҳлари кўз ўнгидан кетмас, ҳамёндаги пуллар кино тасмасидек ўтаверарди. Хаёлида кимдир пулни ўғирлаб кетаётгандек эди. Ўрнидан турди-да, шимининг чўнтагини пайпаслади — пул жойида. Жойига қайтиб ётди. Боши ёстиққа теккан заҳоти ухлаб қолишни истарди. Лекин… Тун ярмидан оққанда чарчоқ устунлик қилди. Устани уйқу элитди. Аммо алақ-жалақ тушлар кўриб чиқди. Айниқса, саҳарга яқин қўрқинчли тушлар кўрди. Саҳрода юрганмиш. Ён-атрофида ҳеч зоғ йўқ. Бир пайт қумлар ўпирила бошлабди. Қанчалик югурмасин, устанинг оёғи остидаги қумлар ҳар томонга сочилиб кетибди. Уста ер қаърига чўка бошлабди. Бир маҳал кимдир билагидан маҳкам тутибди. Қараса — ўша ҳамён эгаси. Уста бақириб юборди. Аёли чўчиб, уйғониб кетди.

— Нима гап, дадаси, аҳволингиз яхшими?

— Уч, — деди уста чуқур-чуқур нафас олиб, — учинчиси.

— Ниманинг учинчиси? — сўради ажабланган Лобар.

Уста бир муддат жимиб қолди.

— Ҳеч ниманинг, — деди сўнг, — алаҳсирабман, шекилли.

— Олдин ҳеч бунақа алаҳсирамасдингиз. Кўнглим сезяпти, кеча ишингизда нимадир бўлган. Яна кийимларингиз лой бўлиб кириб келдингиз…

— Туфлим ҳам йиртилди. Шу балодан қутулмасам бўлмайди.

Эрининг бу гапидан аёл тамомила талмовсираб қолди.

— Нима? Қанақа бало яна? Дадаси, ростини айтинг, нима бўлди?

— Кейин тушунтириб бераман. Ҳозир ҳеч нарса сўрама.

— Лекин…

— Ҳаммаси яхши дедим-ку сенга. Хавотир олма.

Раҳим нонушта ҳам қилмасдан, ишга шошилди. Йўл-йўлакай, отасининг ўгитини эслади. “Бировнинг ҳақига хиёнат қилсанг, фалокатдан бошинг чиқмайди, болам. Борди-ю, кимнингдир нарсаси сенга ўтиб қолгудек бўлса, уч марта кўнгилсизлик содир бўлгунча қайтариб бер. Кейин кеч бўлиши мумкин” деганди отаси. Уста ўзи йўлиққан уч кўнгилсизликни эслади. Ҳар доим бемалол юриб келадиган кўчасида бир марта тўқишиб кетди, иккинчи марта йиқилиб тушди. Одатда бундай бўлмасди. Саҳарда кўрган тушичи. Ҳар доим тинчгина ухларди. Боши ёстиққа теккан заҳоти кўзи илинарди. Ҳар хил тушлар ҳам кўрмасди. Демак… Уста сесканиб кетди.

— Шунақа одамга айланиб қолдингми? — деди ўзини сўроққа тутаркан. — пулни олаётганингда заррача иккиланмадинг-а. Бировники бу, ўғрилик яхшимас, деб ўйлаб ҳам кўрмадинг-а. Шунчалик иймонингни йўқотдингми? Э, суф сенга. Отанг шунақа тарбия берганмиди? Шу пайтгача қинғир ишдан ҳазар қилардинг-ку! Нима ўзгартирди сени? Йўқчиликми? Шу ҳаром пулларни болаларингга едирмоқчи бўлдингми? Ўзинг бирор марта оғзингга ҳаром луқма олганмисан? Отанг ҳалол одам эди-ку, сен кимга ўхшадинг? Аёлингнинг, болаларингнинг кўзига қандай қарайсан? Яхшиям Лобар кўриб қолмабди пулларни. Кўрганида бор гапни айтмаганингга қўймасди.

Уста ўзини койий-койий ишхонасига ҳам кириб келди. Чўнтагини пайпаслаб кўрди — пул жойида. Шимини алмаштирмади, бирортаси пулни билиб қолишидан қўрқди. Қўрққанга қўш кўринар, деганлари рост экан. У ҳозир ҳамма нарсадан шубҳаланарди.

— Мана бу машинани ўзингиз кўринг, устоз. Бироз мураккаброқ экан, тушунмаяпман.

— Қани, бир кўрайчи, — деди уста шогирди кўрсатган машинани кўздан кечираркан, — ўҳҳў, айтганингча бор экан. Бўпти ўзим тузатаман.

Қўли ишда бўлса-да, Раҳимнинг фикру хаёли пулларда эди. Ўтиб қолмасмикин, дея йўлга қараб-қараб қўярди. Бироқ ҳа деганда ўша машина эгаси келавермасди. Кун тушдан ўтганида устахона ёнида яп-янги машина келиб тўхтади. Уста шошилганча ортига қаради-ю, ҳафсаласи пир бўлди. Бу бошқа машина эди. Раҳим ака ҳафсаласизлик билан ишини давом эттирди. Машинадан тушган кишига эътибор ҳам бермади.

— Кечирасиз, — деди янги мижоз, — мен кеча ҳам келгандим.

Овоз устага жуда таниш туйилди. Ортига ўгирилди-ю, кўзи кечаги сўнгги русумдаги машина эгасига тушиб, довдираб қолди.

— Эсладим, — деди кўзларини олиб қочиб, — келинг.

Шу пайтгача пулларни эгасига қайтариб беришга тайёр турган уста энди негадир иккиланиб қолганди. Аниқроғи, журъат қилолмаётган, машина эгасининг унга нима дейишини ўйлаб чўчирди.

— Кечаги ишингиз менга жуда ёққани учун бугун ҳам олдингизга келавердим. Бу укамнинг машинаси. Бир кўриб берасиз энди.

Раҳим ака ҳамон иккиланарди. “Пулини ҳозир берсаммикин ёки… Майли, тузатаверайчи, бир гап бўлар”.

Уста ишга киришди. Машинани тузатиб бўлгач, энди ҳалиги кишига ишимни тугатдим демоқчи эди, нимадир ёдига тушиб, эшикни очди. Кўзи бардачокка тушди. Хаёлига келган фикрдан ўзи ҳам қувониб, чўнтагидаги пулни бардачокка солиб қўйди. “Машина ўзиники эмас-ку, — дея ўйлади шу пайт машинанинг бошқа эканлиги ёдига тушиб, — э, айтгандай, укамники деганди-ку”. Кўнгли жойига тушган уста машина эгасини чақирди.

— Мана, машинангиз тайёр.

— Ишқилиб, кечагидекми? — сўради машина эгаси машинасини кўздан кечираркан.

— Ундан ҳам аъло.

— Раҳмат.

* * *

Раҳим уйга қайтаркан, чўнтагига қўлини солди. Кечаги пулга ўрганиб қолган шекилли, ғалати бўлди. “Қайтариб бермасам бўлармиди, — деб ўйлади ҳатто, — э, йўқ. Нималар деяпман ўзи?”. Шу пайт кўзи кўча ўртасида турган тошга тушди. Кеча шунга тўқишган эканда. Пул васвасаси билан пайқамай қолган. Уста тошни бир четга ирғитди. Бироз юрганидан сўнг ёмғирдан қолган кўлмакни кўрди. Демак, шу ерда сирпаниб кетган. У кўлмакни айланиб ўтди. Уйга кириб келганида хавотирланиб кутиб турган Лобар Раҳимга пешвоз чиқди.

— Аҳволингиз яхшими? Куни бўйи ўйлаб ўтирдим. Телефон қилай дедим-у, ишингизга халал бермай деб…

— Тўғри, ишга берилиб кетган эканман шекилли, ҳозир анча яхшиман. Кейинроқ бирор ҳафта дам оларман.

— Албатта, неча марта айтаман сизга соғлиғингизни ўйланг деб.

Раҳим хотиржам овқатланди. Ёнида ўтириб, эркалик қилаётган қизчасининг ўқишларини суриштирди. Анча ҳаловат топган, елкасини босиб турган оғир юк қулагандек эди. Чарчоқ енга бошлагач, бошини ёстиққа қўйди-ю, уйқуга кетди…

Низомжон ИСЛОМОВ

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Июль 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    Авг »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви