ШИППАК

Кўчага чиқди-ю, пешонаси тиришди. Ён-атрофга истар-истамас тикилди. Чуқур хўрсинди. Ҳозиргина кийгани — йиртиқлигидан бутун жойи қолмаган, оёғидан тушай-тушай деб турган шиппагига хижолатомуз қараб олди-да, мактаб томон кетаётган оғайниларига эргашди. Йўл-йўлакай тенгдошларини кузатиб борди, бирининг оёғида қоп-қора қилиб мойланган яп-янги туфли, бошқаси эса кроссовка кийиб олган. Ҳамманинг кийими ўзига ярашиб турибди. Болакай бироз секинлашди. Олдинда кетаётган бола билан ёнма-ён бўлиб қолса, у устидан кулишидан, йиртиқ шиппагини кўрсатиб, қўлини бигиз қилиб масхаралашидан чўчиди. Аммо бўлмади. Тезроқ бормаса, дарсга кеч қолишини ўйлаб, қадамларини тезлатди.

— Ҳа, полвон, — деди синфдоши унга кулимсираб, — аҳволинг яхшими?

— Яхши, — деди у хижолат аралаш кулиб, — ўзинг-чи?..

— Бўлади, — синфдоши уни бошдан-оёқ кузатди. — Бу дейман, яна «Нексия»нгни миниб олибсан-ку, а?

Оёғига қараб тиржайишидан болакай синфдоши шиппагини мазах қилаётганини сезди. Синиқ кулимсиради.

— Ҳа, энди… — деди-ю, бошқа гапиролмади.

Жўяли гап тополмади. Ахир совуқ кунда шиппак кийиб олган болакай бу ишини нима деб изоҳларди. «Туфли олишга пулим йўқ, отам охирги пулига манави кийилаверганидан ёқаси униқиб кетган кўйлак ва оҳори тўкилган шимни олиб берди, туфлига пули етмади», дея олмади. Эҳтимол, ғурури йўл қўймагандир. Болакай оғайнисининг таъналарию масхарага тўла нигоҳларидан узоқлашиш учун қадамини тезлатди. Аммо бу сафар ҳам таъна-маломатлардан қуруқ қолмади.

— Анавини қара, — дея мазах қиларди болалар. — Ўв, шиппагингни менгаям бер, ёқиб қолди.

— Нимасини айтасан, — унга қўшилди бошқа бир бола, — зўридан бўлса керак-да, сира оёғидан қўймайди.

— Менгаям битта олиб келиб бер, пулини бераман!

Болакай роса мулзам бўлди. Кўзини чирт юмди-да, югуриб кетди. Энди мактаб ҳовлисига кирмоқчи эди, кимдир елкасига туртди.

— Эй, нега бу аҳволда келдинг? — деди юқори синфда ўқийдиган болалардан бири. — Мен сенга неча марта айтдим ўқишга шиппакда келмагин деб. Нима, бу ер сенга ялангоёқлар ўқийдиган жойми, а?!

Болакай кўзларини қаттиқ юмди. Кейин бошини кўтариб қаради. Чидай олмади. Ўзини қўлга ола билмади, кўзидан бир томчи ёш сизиб чиқди. Бир қаршисида ўзига нафрат ва беписандлик билан қараб турган йигитга, бир оёғидаги шиппакка қаради-да, нима қиларини билмай қолди.

— Мен… Дарсга кеч қоляпман, — деди мўлтираб, — илтимос, ака, ўтказворинг. Ичкарига киришим керак, бўлмаса, ўқитувчим…

— Мен қулоғингга танбур чертяпманми? Мактаб формаси деган тушунча бор, сен эса шунга амал қилишинг керак. Бизга эса сенларни тартибга чақириш уқтирилган. Тушундингми?

— Лекин мен…

Болакай яна айтолмади. «Туфли олишга пулим йўқ, отам охирги пулига манави кийилаверганидан ёқаси униқиб кетган кўйлак ва оҳори тўкилган шимни олиб берди, туфлига пули етмади», дейишга нафсонияти чидамади. Аслида, ўзини камситиб, нега бундай аҳволда юрганини сўраган ҳар бир одамга шундай жавоб беришнинг ўзи оғир. Болакай ўзини ичкарига урганди, бояги бола уни итариб юборди. Болакай мувозанатини йўқотди, товони шиппакка сирпаниб, бармоғи олдинга чиқиб кетди. Оқибатда орқага, эрталаб бир шаррос қуйиб, кейин тинган ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмакка кириб кетди. Яхшиямки, орқа томонга қараб йиқилаётганда қўлини тираб қолди, акс ҳолда уст-боши расво бўларди. Шундоғам унинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмасди — шиппаги лойга ботган, эски шимининг пойчаси ҳам расво бўлганди. Каттагина сумкаси ҳам лойга қоришганди. У қаршисида ўзига тиржайиб қараб турган йигитга ғазаб билан тикилди. Ўрнидан турди-да, ўзини ичкарига урди. Раҳми келдими, ҳартугул, назоратчи йигит бу сафар ҳеч нарса демади. Ўтказиб юборди. Болакай югурганча синфхонага кириб келганида ўқитувчиси мавзуни тушунтираётганди.

— Ассалому алайкум, мумкинми? — деди у ҳансирай-ҳансирай.

Ўқитувчи қаршисида ер чизганча шумшайиб турган болакайга бир муддат тикилиб турди-да:

— Нега кеч қолдинг? Устингга нима қилди? — деб сўради.

Болакай индамади. Лойга қоришган шиппагига қараб-қараб қўйди. Шимини пастроққа тушириб, шиппагини ёпиб қўймоқчи бўлганди, аксига олиб, шимининг лойқа сув ёпишган пойчасига кўзи тушиб, ҳафсаласи пир бўлди. Баттар ўнғайсизланди. Шу пайт орқароқда ўтирган бир бола луқма ташлади:

— Устоз, бу шиппагида сирпанчиқ учган бўлса керак-да…

— Тўппа-тўғри, менимча, шиппакда зўр бўлса керак учиш…

— Тағин кўйлак билан шим кийиб олганини-чи… Ундан кўра, устинггаям шиппагингга мос нарса кийиб ол, келгинди…

Тамом. Болакайнинг пешонасига иккинчи тамға ҳам босилди. Отасининг иши туфайли шу ерга кўчиб келишганди, болакай эса янги мактабга боришга мажбур бўлганди. Аммо янги синфдошлари билан чиқишиб кета олмаяпти. Улар нуқул болакайни камситгани-камситган. «Гадой», «Шумқадам» ва шунга ўхшаш бир қанча лақабларни қўйиб олганди.

Ўқитувчи болаларни амаллаб тинчлантирди. Кейин болакайга бошдан-оёқ қараб чиқди-да:

— Чиқиб кет, — деди қатъий оҳангда.

— Нима? — кўзлари жавдиради болакайнинг. — Лекин, устоз, мен дарсга қатнашиш учун…

— Шу аҳволда-я… Мактаб муқаддас даргоҳ, шуни унутма. Манавинақа кўчада қандай юрсанг, шундай кириб келадиган маскан эмас. Бор, шиппагингнинг ўрнига туфли кийиб кел…

— Лекин… — болакай тағин ерга қаради, — менда бори шу…

Охирги икки сўзни айтгунча болакай терлаб кетди. Киприклари намланди. Бироқ шундай бўлса-да, негадир бу сафар бўғзига қадалган сўзларни сақлаб ўтирмади, ёрилди:

— Менинг ҳеч қанақа туфлим йўқ, тушундингизми? Отам менга туфли олиб беролмайди. Охирги пулига, мана, — дея у кўйлаги ва шимига ишора қилди, — манавиларни олиб берди. Нима, шиппакда келган боланинг ўқишга ҳақи йўқми? Туфлим бўлмаса, менда нима айб?! Гапиринг!

Болакай портлаб юборган, кўз ёшлари юзини тинимсиз юварди. Ўқитувчи уни нима деб овутишни билмай қолди. У нотўғри гапириб қўйганини тушунганди.

— Мен… Айтмоқчи эдимки…

У гапини тугатишга улгурмади. Болакай эшикни қарсиллатиб ёпганча чиқиб кетди. У тўғри мактаб ҳовлисига бориб, дарахтлардан бирининг панасига ўтирди. Осмонга термилди. Кўз ёшлари тўхтай демасди.

— Нега? — деди у қўлларини осмонга чўзиб, — нега мени бунча қийнайсан? Менинг айбим нима, айт? Шиппак кийган одам одам эмасми? Мен атайлаб шиппак кийибманми? Нима, ўнта туфлим бўла туриб, атайлаб шиппак кийган бўлсам экан, устимдан кулишса? Ахир чорасизман-ку! Наҳотки шуни тушуниш қийин бўлса? Бўлди, бугундан бошлаб бу мактабга қадам қўймайман! Мен ўқий олмайман, ўқишни истамайман. Чунки оёғимга кийишга шиппакдан бошқа нарсам йўқ! Йўқ!

Тўғридаги синф ойнасидан ўқитувчи ҳозиргина ўзи чиқариб юборган болакайни кўриб турарди. Қалбида болакайга нисбатан шафқат ҳисси уйғонди.

Болакай эса ўрнидан турди-да, шимини қоқиб тозалаган бўлди. Кўз ёшларини артиб, сумкасини қўлтиқлаганча энди ортига ўгирилганди ҳамки, ўзига меҳр билан тикилиб турган ўқитувчисини кўрди.

— Сиз?

— Ҳа, мени кечир, ўғлим. Мен сени нотўғри тушунибман.

Ўқитувчисининг ачинганнамо қараб туришига чидай олмаган болакай кўзларини олиб қочди.

— Шарт эмас, хафа бўлганим йўқ, — деди ўқитувчисига бир қараб олиб. — Бу мактабга бошқа қайтмайман.

— Ундай дема, сен дунёдаги энг яхши боласан. Шиппагинг ҳам энг яхши…

— Мен сизга ёш бола эмасман.

— Хўп, майли, менга қара, — ўқитувчи ёнидан бир даста пул чиқарди, — манави сенга…

Болакай аввал ажабланди. Кейин:

— Нима бу? — деди бир пулга, бир ўқитувчисига қараб. — Нима қиламан буни?

— Туфли оласан, илтимос, қўлимни қайтарма…

— Мен тиланчи эмасман!

— Ким сени тиланчи деяпти? Сен бунинг эвазига зўр ўқишинг керак. Менга қара, ўғлим, бу туришда шамоллаб қоласан. Кейин ота-онангни қийнаб қўясан. Бу ўртамизда қолади. Синфдошларинг ҳам сир сақлашга сўз беришди.

Ўқитувчи пулни қўярда-қўймай болакайга тутқазди. Болакайнинг эса севинчи ичига сиғмас, қайта-қайта раҳмат айтарди.

— Бу пул, — деди ўқитувчи, — туфли олишингга етмайди. Эртага яна бераман, ана шунда бемалол оласан. Хўпми? Бўпти, энди борақол!

Болакай яна бир марта раҳмат айтди-ю, мактаб ҳовлисидан катта йўлга чиқди. Кейин бир муддат у ёқ-бу ёққа қараб турди-да, йўл четидаги интернет клубга кирди.

— Ўйинга ёқинг, — деди эшик олдида ўтирган ёши каттароқ йигитга.

— Неча соат?

Болакай ўқитувчиси берган пуллардан бир нечтасини йигитга тутқазди.

— Манавинга яраша.

— Ичкарига кирасан.

Орадан хийла вақт ўтгач, болакай компьютерхонадан чиқди-ю, тўғри уйига шошилди. Унинг эгнида эрталаб уйдан чиққач, алмаштириб сумкасига солиб олган — янги кўйлаги, оҳори тўкилмаган шими ва қоп-қора туфлиси бор эди.

Низомжон ИСЛОМОВ

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Муносиб номзодга овоз беринг!
Муносиб номзодга овоз беринг!
Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Июль 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    Авг »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви