Қарияни таьқиб этган келинчак

Ризамат отанинг кўнгли бир неча кундан бери ғаш. Уч кундан кейин ёлғиз фарзанди Олтинойнинг тўйи бўлишини ўйлаб, қизининг бахтидан бир қувонса, ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз ўзи қолаётганидан бир куюнарди. Хотинининг вафотидан сўнг шу қизига қаттиқ боғланиб қолди. Энди эса бу меҳрибонининг ҳаётини тақдири азал шаҳар билан боғлаяпти. «Қаерда бўлса ҳам, бахтли бўлса бас…» Ота фақат шу сўзлар билан ўзини юпатарди.

Бир неча кундан бери маҳзун тортиб қолган Олтиной дадасининг олдига чой кўтариб келди. Падари бузрукворининг бир нуқтага тикилиб турганини кўриб, бироз индамай турди. Сўнг чойни қайтариб, пиёлага қуяркан, ёқимли товушда:

— Дада, нималарни ўйлаб ўтирибсиз? — деб сўради.

Қизининг саволи Ризамат отанинг хаёлларини бўлиб юборди:

— Эҳ, қизим, нимани ҳам ўйлардим? Шунчаки… Энди сенсиз кунларим қандай ўтаркин? Сени жуда соғинсам керак.

— Дадажон, хавотир олманг, 5-6 ойдан сўнг яна қишлоққа қайтамиз. Шунда ҳар кун сиздан тез-тез хабар олиб, ёнингизда бўламан.

Тасодифан томчилай бошлаган ёмғир ота-боланинг суҳбатига халал берди. Улар бирин-кетин уйга кириб кетишди.

* * *

Тўй ажойиб ўтди. Ҳамма хурсанд. Фақатгина Ризамат отанинг кўнглига ўралашиб қолган ғашлик асло тарқамас, негадир қизини сира қўйиб юборгиси келмасди. Лекин начора, қиз бола — палахмон тоши. Аллоҳнинг ҳукми шу экан, дея қизига оқ фотиҳа тиларкан, отанинг қалбидан ўйлар тизгини кетма-кет ўтаверди.

Ҳайҳотдай ҳовлида чолнинг ёлғиз ўзи қолди. Қизини узатганига бир ҳафта бўлмай туриб, қалбини олам-олам соғинч эгаллади.

Ризамат ота шу қишлоқдаги мактабда қоровул. Ҳар куни ишдан алламаҳалда қайтади. Бугун ҳар доимгидек қоронғи тушиб қолган. Аммо шундай бўлса-да, тўлин ойнинг ёрқин нурлари зим-зиё кўчаларни ёритиб турарди. Нималарнидир ўйлаб, хаёл суриб келаётган отанинг кўзи тасодифан кўчанинг бир чеккасида мунғайиб ўтирган келинчакка тушди. У таажжубланди. «Ярим тунда келинчак нима қилиб юрибди? Балки йўлидан адашиб қолгандир», деб ўйлаб, Ризамат ота унга яқинроқ борди. Бошини қуйи солиб турган келинчак отани кўриб, унга салом берди. Келинчакнинг юзларига диққат билан разм солган ота бир сесканиб тушди. Унинг маъюс чеҳраси худди қизига ўхшарди. «Олтиной пойтахтда бўлса, қанақасига бу менинг қизим бўлсин? Балки уни соғинганим учун шундай туйилаётгандир», деб ўйлади Ризамат ота.

— Қизим, қоронғида бу ерда нима қиляпсиз? Кимнидир кутяпсизми?

Келинчак ҳеч нарса демас, фақат жилмайганча қараб турарди, холос.

— Ёки адашиб қолдингизми? — қайта сўради чол.

Келинчак ҳануз гапирмас, жим тураверарди.

— Қизим, борадиган жойингиз йўқми? Агар шундай бўлса, хоҳласангиз, бизникига юринг.

Яна ҳеч қандай жавоб бўлмагач, Ризамат отанинг хуноби ошди:

— Менга гапиргингиз келмаётган бўлса, майли, мен кетаман. Лекин, қизим, қоронғида ёлғиз юрманг, бу яхши эмас.

Ризамат ота йўлида давом этди. Бироз юргандан сўнг ортига ўгирилди. Қараса, келинчак ҳам ортидан келяпти. Ота ҳеч нарса демай кетаверди. Келинчак ҳам унга эргашиб борарди. Уйига етиб келишига 7-8 қадам қолганда, чол яна ортига ўгирилди. Келинчак ҳамон унга жилмайиб турарди. Бироқ кўзларида қандайдир ғамгинлик бор эди. Келинчакдаги айнан шу ғамгинлик уни қизидан фарқлаб турарди, отанинг наздида. Чунки Олтинойнинг кўзлари доим чақнаб турар, ўзгача сурур бор эди.

— Қизим, ҳеч тортинманг, бу менинг уйим, — деб, Ризамат ота деворлари нураб қолган пастаккина дарвозали уйга ишора қилди. Кейин эса дарвозани очиб, келинчакни ичкарига таклиф қилиш ниятида ортига ўгирилди. Шунда у ҳайратдан ёқа қотиб қолди. Келинчак бир зумда ғойиб бўлганди. Ота «Тавба», деди-ю, уйига кириб кетди.

Эртаси куни ҳам у ишдан қайтаётиб, ўша жойда яна ўша келинчакни учратди. Бу ҳолдан ажабланган чол унинг ёнига яқин бориб, сўради:

— Кеча нега кетиб қолдингиз, қизим, тинчликми? Ёки сизни хафа қилиб қўйдимми?

Яна ўша ҳолат. Келинчакнинг жавоб бергиси келмасди. Буни пайқаган чол таҚин йўлга тушди. Худди кечагидек, бугун ҳам келинчак чолга ҳамроҳ бўлди.

«Бу ким бўлдийкин? Кел, уни яна бир гапга солиб кўрай-чи?» деган ўйда Ризамат ота ҳалиги келинчак билан суҳбатлашмоқчи бўлди:

— Худди сизга ўхшайдиган чиройликкина қизим бор. Турмуш қургандан сўнг шаҳарга кўчиб кетди. Уни жуда соҚинаман. Негадир сизни кўрганимда, қизим ёдимга тушди…

Келинчакнинг юзида кечаги табассум ифодаси кўринмасди. Унинг юзига тубсиз қайҚу соя солганди. Улар уйга етиб келишди. Ризамат ота дарвозани очишдан олдин келинчакка юзланди:

— Кеча индамасдан кетиб қолдингиз, бугун ундай қилманг, хўпми? Келинг, яхшиси, бизникида яшай қолинг, қизим. Мени ўз отангиздек қабул қилинг.

Келинчакнинг ғамгин юзларини қароғида милтираётган кўз ёш томчилари юва бошлади.

— Нега йиғлаяпсиз, қизим? Нима бўлгандаям куйинма, ойнинг ўн беши ёруғ бўлади. Худо хоҳласа, ҳаммаси изига тушиб кетади, — дея ота келинчакка далда бергандек бўлди.

Чол дарвозани очиб, не кўз билан қарасинки, келинчак яна ғойиб бўлганди. Бу ғайритабиий ҳолатдан қўрқувга тушган ота уйига кирар-кирмас дарров калима қайтара бошлади.

Бу ҳолат бир неча кун давом этаверди. Ҳар куни ишдан қайтаётганда Ризамат ота келинчакка рўбарў бўлар, одатдагидек, қизи ҳақида тўлиб-тошиб гапирар, уйига етиб борганида эса, келинчак ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қоларди. Бу ҳолат икки ҳафта давом этди.

Бугун негадир эрта тонгдан Ризамат отанинг юрагига ғулғула тушди. Ота энди ишга кетишга чоғланиб турганида, куёви кириб келди. Ризамат ота куёвини бир аҳволда, ҳорғин, хафа ҳолда кўриб, қўрқиб кетди.

— Ассалому алайкум, дада. Аҳволингиз тузукми?

— Ваалайкум ассалом, ўғлим. Қани, ичкарига киринг. Тинчликми, Олтиной қани? Қачон шаҳардан қайтдинглар? — дея ота куёвини саволларга кўмиб ташлади.

Куёви ҳеч нима демади. Бўғзига аччиқ бир нарса тиқилиб қолганди.

— Нега Олтинойни ўзингиз билан бирга олиб келмадингиз? Ё бирор гап бўлдими?

— Ота, мени кечиринг, қизингизни асрай олмаганим учун кечиринг!.. — йигитнинг кўзларидан ёш думалади. —Ҳаммаси тўсатдан бўлди. Йўлда кетаётгандик, Олтинойни машина уриб кетди. Бу бахтсиз воқеа эди, энг даҳшатли фожиа… Дарров касалхонага олиб бордик. Икки ҳафта давомида комада ҳушсиз ётди. Дўхтирлар ҳеч қандай умид йўқ дейишди. Бироқ биз ҳаммамиз уни, албатта, ҳушига келиб, оёққа туриб кетишига ишонардик. Шунинг учун бу ҳақда сизга хабар қилиб, хавотирга қўйишни хоҳламагандик. Бироқ Аллоҳ унга шундай қисқа умр берган экан, қўлимиздан ҳеч нарса келмади..

Бу гапларни эшитиб, Ризамат отанинг оёқларида мадор қолмади. Қўллари қалтирай бошлади. Тили калимага келмас, фақат кўзларидан аччиқ ёш томчиларди, холос.

Ёлғиз қизидан ҳам ажралган отага ҳаётнинг қизиғи қолмади. Бир ой олдин қизини келинлик либосида ўзга уйга кузатганди. Энди эса… Унинг учун бундан-да даҳшатлироқ фожиа йўқ эди. Оғир айрилиқдан кейин ота касал бўлиб ётиб қолди.

Вақт ҳамма нарсага даво бўлади, деганлари рост экан. Ризамат ота тузалиб, яна ишга қатнай бошлади. Лекин унинг кўзларида ҳаётга умид буткул сўнган, фақат кун ўтказиш учунгина ишга борарди. У ишдан аввалгидек қоронғида қайтарди. Ризамат ота ўша келинчакка дуч келишни жуда истарди. Кучи қолмаган бўлса-да, дадил қадамлар билан келинчакни учратган ўша манзилга шошилди. Бироқ у ерга етиб борганида, ҳеч ким кўринмасди. Чол ён-атрофга қараб, уни қидира бошлади. Аксига олиб, энди у йўқ эди. «Олтиной мени ташлаб кетганди, энди сиз ҳам мени ёлҚиз қолдирдингизми?» дея ўзига ўзи пичирлади Ризамат ота.

Энди у ҳар доим ишдан қайтишда келинчакни учратишни ва унга ҳамроҳ бўлиб келишини умид қила бошлади. Бироқ бундай бўлмади. Ризамат ота қоронғида уйига қайтар экан, ўзича воқеаларни таҳлил қилди. «Икки ҳафта давомида менга ҳамроҳ бўлган келинчак комада ҳушсиз ётган қизимнинг руҳи… Ўзи ваъда қилганидек, ҳолимдан хабар олгани келибди-да».

Ризамат ота келинчакни қайта учратмади. Ҳар доим қизини ёнида юргандек тасаввур қилар ва хаёлан у билан суҳбатлашиб юрарди. Қишлоқдагилар эса уни ўзига-ўзи гапириб юрадиган жиннига чиқаришди. Отадан ҳол-аҳвол сўрайдиган бирор кимса топилмади. Фақат баъзи-баъзида куёви келиб турар ва улар иккиси Олтиной ҳақида узоқ-узоқ суҳбатлашишарди.

                                                                                            И. ФАРИДА

 

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Август 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Июл   Сен »
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви