Бўладиган бола бошидан ёхуд Ислом Каримовнинг кундалигида бирорта ҳам 4 баҳо бўлмаган

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хасталик сабаб бевақт ўлим топиши бутун Ўзбекистон халқини чуқур қайғуга солди. Бу воқеа кўплаб ёзувчи ва шоирлар, ижод аҳлининг юрагини ларзага келтирди. Кўнглининг тубида ётган гапларини юзага чиқарди. Ким шеър ёзди, ким қўшиқ куйлади. Ким ҳамон бунга қўл уролмаётганидан афсусда.

Шоир Муҳаммад Исмоилнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси айни кунларда ҳар доимгидан гавжум. Унинг Президент Ислом Каримовнинг болалик йиллари, у ўқиган мактаб билан боғлиқ фактлар, Президент тутган кундаликдан тортиб, ўқитувчи айтган илиқ фикрлар одамларнинг эътиборини тортмоқда. Бир неча йил Самарқандда, Ислом Абдуғаниевич Каримов ўқиган мактабда меҳмон бўлиб, ўқитувчилар билан суҳбат қурган Муҳаммад Исмоил ўша пайтларда кўрган ва гувоҳ бўлганлари, эшитганларини одамларга тақдим этди. Президентнинг болалиги билан боғлиқ ҳикоя сизни ҳам бефарқ қолдирмаслигига ишонамиз.

Бўладиган бола бошидан маълум ёхуд Президентнинг 4 баҳосиз кундалиги

Бундан бир неча йил муқаддам Самарқанд шаҳрига, президентимиз Ислом Абдуғаниевич ўқиган 21-мактабга борган эдим. Мени, Ислом Абдуғаниевичнинг болалик чоғлари қизиқтирар, “Бўладиган бола бошидан маълум” иборасини ишлатиб, ҳаммани лол қолдирувчи мақола ёзсам дердим.

Мактаб Ислом Абдуғаниевич ўқиган пайтлари қандай бўлса, ўша ҳолатда сақланиб қолган, кўҳна ва шинам, стол, стул, доскалар, хоналар ўша-ўша, ҳатто, Ислом Абдуғаниевич тутган кундалик дафтарлар, иншо дафтарлари, табеллар, биринчи синфдан то юқори синфгача синфдошлар билан тушган суратлар, винеткалар, бироз сарғайиб, йиллар нуқси урганини айтмаганда, ҳаммаси гард юқтирилмай сақланган эди. Кундалик дафтарга қўйилган баҳолар, тўғриси мен умуман кутмаган, мени бу қадар ҳайратга солади деб ўйламаган, яъни ҳаммаси аъло – 5 баҳолар эди. Йиллар давомида бирорта 4 олмаслик, назаримда, ақлимга сиғмасди.

Ҳайратимни яширолмай, “Ростдан ҳам шундай бўлганми?”, деган маънода мактаб директори Сайёра Маликовага юзландим.

— Бу жуда қизиқ, — деди Сайёра опа. — Президентимиз мактабни тугатган 1955 йилда, Самарқанд вилоятига фақат битта олтин медаль келган. Ўша Олтин медални Ислом Абдуғаниевич олганлар. Ўша йили вилоятда ўқувчилар ўртасида ўтказилган олимпиаданинг мутлоқ ғолиби ҳам Ислом Абдуғаниевич бўлганлар. Бундан ҳам қизиғи, Ислом Абдуғаниевични кўп йиллар ўқитган устози, кекса педагог Ҳалим Абдураҳмонов, 1955 йилда Ислом Абдуғаниевичга топширган Фахрий ёрлиқнинг орқасига қолдирган ёзувдир:

“Мен бутун умримни педагогикага бағишладим. Олтмиш йиллик фаолиятим давомида минглаб болаларга устозлик қилдим. Аммо шу йиллар ичида Ислом Каримовдай зукко, ақлли, илмга чанқоқ, дўстларининг меҳру муҳаббатини қозонган бошқа ўқувчини учрата олмадим. Ислом Каримовга ўнинчи синфни битирув кечасида Олтин медаль топширишим, ҳаётимнинг энг саодатли дақиқаларидир!”

“1955 йилда олимпиаданинг мутлоқ ғолиби бўлиш, Олтин медаль олиш ва кекса педагогнинг бундай олқишига сазовор бўлиш – бу жуда катта бахт!”, дея сўзларди Сайёра Маликова.

— Ислом Каримов, болаларча содда, болаларча беғубор инсон эди. Болаларча орзу қиларди, мўъжизаларга болаларча ишонарди, болаларча келажакка интиларди, — дейди Самарқанд шаҳридаги Президент ўқиган 21-мактабнинг кекса ўқитувчиси Мустаҳкам Останақулова. — Бизнинг мактабдан Ислом Каримовнинг оёғи ҳеч қачон узилмаган. Агар Ислом Каримов болалигини соғинмаганда, ўқувчилик йилларини эсламаганда, болаликдан қолган ширин хотираларни қўмсамаганда, бизнинг мактабга тез-тез келмас, болалар билан болаларча суҳбатлашмасди. Ислом Каримов болалигида учувчи бўлишни орзу қиларди. Тасаввур қилинг-а, қирқ тўққизинчи, эллигинчи йилларда Ислом Каримов учувчи бўлишни орзу қилган ва мактабдаги авиамоделчилар тўгарагининг фаол аъзоси бўлган. Тўгарак раҳбари Иван Алексеевич Колениченко бизга бир қизиқ воқеани гапириб берганди: “Кечки пайт эди. Мактабда қоровулдан бошқа ҳеч ким йўқ, бизнинг синфнинг чироғидан ўзга чироқлар ўчирилганди. Уч тўрт ўқувчи билан самолётларнинг янги моделини ясаб ўтиргандик. Бир пайт эшик тақиллаб қолди. Ўқувчиларнинг ота-оналаридан бўлса керак дея, жойимда турган ҳолатда “Кираверинг, эшик очиқ”, дедим ва ишимни давом эттиравердим. Биз болалар билан ишга берилиб кетган эдик. Бир пайт ортга ўгирилиб қарасам, тепамда Ислом Абдуғаниевич турибди. У пайтда Қашқадарё вилоятининг обком секретари эди. Қучоқлашиб кўришдик. Ислом Каримов болалик пайтларида авиамоделчилар тўгарагида кечки ўн, ўн биргача қолиб кетар эди. Шунинг учун ҳам у кейинчалик Политехника институтига ўқишга кирди, Авиация заводида ишлади. Хуллас, ўша куни тун ярмигача суҳбатлашиб ўтирдик.

Ислом Каримов тўгарак ҳалиям ишлаяптимикин, издошларимиз бормикин, болалар самолётлар ясаяптимикин, самолётсозликни ўрганаяптимикин, деган хавотирда экан. Бизни кўриб қувониб кетибди. Ўшанда у ҳаммага совға-салом улашди. Ўқувчиларга фақат аъло баҳоларга ўқишни тайинлади. Бу кутилмаган учрашувдан бошим осмонга етди”.

— Ислом Каримов ясаган авиамоделлар мактабимизда ҳали ҳам турибди. Буюк инсонлар буюк болалар туфайли дунёга келишини унутмайлик, — дея сўзини якунлади Мустаҳкам Останақулова.

Ислом Каримовнинг жойи жаннатдан бўлсин. Кимки мен сингари у зотдан миннатдор бўлса, келинглар дуо қилайлик. Зеро, бу дуомиз холис дуодир. Мен 25 йил давомида у киши ҳақида бирор мақола, бирор шеър ёзмаган эдим. Энди ўйлаб қарасам, Ислом Каримов менга ҳам, халқимизга ҳам кўп яхшиликлар қилган экан. 25 йил давомида тинч-осуда, бахтли-саодатли ҳаёт кечирдик. Қисқаси ўз умримдан, ҳаётимдан мамнунман. Ношукур бўлмайлик. Худо фақат ношукурларнигина жазолашини, ношукурларнинг биринчиси Шайтон эканлигини унутмайлик. Ким ўз кечирган ҳаётидан мамнун бўлса, Яратган унинг яхши яшаши учун Ислом Каримовни сабабчи қилиб қўйгандир. Ўз ҳаётидан мамнун эмасларнинг ихтиёрлари ўзларида. Яратганнинг даргоҳи кенг. Уларга ҳам омад ёр бўлсин.

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Сентябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Авг   Окт »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви