Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон олдидаги устувор вазифаларни санаб ўтди

Ўзбекистон президенти вазифаларини бажариш зиммасига юклатилган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқи вақтида мамлакат олдида турган устувор вазифаларни айтибўтди.

Шавкат Мирзиёев қайд этдики, Ўзбекистон кейинги йилларда эришилган юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини мустаҳкамлаб, макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиши керак.

«Биринчидан, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва кейинги йиллардаги иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш зарур. Миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк тизимини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ва маҳаллий даражада бюджет барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш керак. Бунда четдан қарз олиш бўйича консерватив ёндашув сиёсатини давом эттириш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетишига йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади. Буларнинг барчаси Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг аввало ўзимизнинг куч ва имкониятларимизга таяниш зарурлиги ҳақидаги узоқни кўзлаган стратегиясини давом эттириш билан боғлиқ», — дея қайд этган Шавкат Мирзиёев.

«Иккинчидан, нодир ва қимматбаҳо металларни чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат ва кимё саноатини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурларни амалга оширишимиз зарур», — деган у.

«Учинчидан, ташқи бозорларда рақобат ва беқарорлик кучайиб бораётган шароитда иқтисодиётнинг реал тармоқлари билан бир қаторда мамлакатимиз ҳудудларида ҳам рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш алоҳида аҳамиятга эга», — дея қайд этган у.

«Ана шу мақсадда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, фермер хўжаликларининг экспортда иштирок этишини янада рағбатлантириш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Бу иқтисодий ўсиш, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш, аҳолининг меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва моддий фаровонлигини оширишнинг асосий локомотиви бўлиши керак», — деган Шавкат Мирзиёев.

«Тўртинчидан, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб ва топшириқлари ижросини изчил давом эттириш даркор. Турли бюрократик тўсиқлар ва асоссиз текширувларни бундан кейин ҳам қатъият билан чеклаш зарур», — дея қўшимча қилган у.

«Бешинчидан, энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифа — Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган Аҳолининг меҳнат билан бандлигини ошириш дастурини бажаришдан иборат. Йил охирига қадар бир миллиондан зиёд янги иш ўринларини ташкил этишимиз зарур. Касб-ҳунар коллежларининг 480 минг нафар битирувчисини ишга жойлаштириш масаласи алоҳида назоратни талаб қилади. Биз жамиятнинг ижтимоий табақаланиш даражасини пасайтириш, мамлакатимизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмаслиги бўйича Ислом Абдуғаниевич томонидан белгилаб берилган сиёсатни қатъий давом эттирамиз», — дейди у.

«Олтинчидан, халқаро коммуникация тармоқларига уланган замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини шакллантириш, шунингдек, миллий ахборот-коммуникация тизимларини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан пухта ўйланган ва ишлаб чиқилган стратегияни амалга оширишни давом эттирамиз», — дея қайд этган Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев айтдики, бугунги шароитда энг илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш устувор аҳамият касб этмоқда.

«Бу соҳада қабул қилинган Миллий дастурга мувофиқ, телекоммуникация технологияларини, алоқа тизимлари ва инфратузилмасини янада ривожлантириш, информацион тизимлар комплекслари ва «Электрон ҳукумат» ахборот базасини шакллантиришимиз керак», дея қўшимча қилади у.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳудудларини комплекс ривожлантириш соҳасидаги ишларни давом эттириб, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент, Термиз, Наманган ва Урганч шаҳарларини ободонлаштириш бўйича мамлакат президенти томонидан қабул қилинган қарорларнинг амалда бажарилишини таъминлаш керак.

«Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги вазифа — кўп тармоқли фермерликни ривожлантириш, ҳар бир фермер хўжалигининг иқтисодий самарадорлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашдир. Бу масалани биз мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг гарови деб ҳисоблаймиз», дейди у.

«Биз Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббускори бўлган қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ аҳолиси учун шаҳар даражасидаги турмуш шароитини таъминлайдиган намунавий уй-жойларни ва тегишли инфратузилмани қуриш бўйича дастурни фаол давом эттирамиз.

Таълим ва тарбия, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спортни ривожлантириш масалалари, ёшларимизнинг чуқур билимга эга бўлиши, чет тилларини ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллашини таъминлаш доимий устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Энг муҳим йўналишлардан яна бири — жамиятимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, фуқаролик институтлари ривожланишини қўллаб-қуватлаш, сиёсий партияларнинг обрў-эътибори ва таъсирини ошириш, сайловчиларнинг овози учун рақобатни кучайтиришдан иборат», — дея қайд этган Шавкат Мирзиёев.

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Муносиб номзодга овоз беринг!
Муносиб номзодга овоз беринг!
Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Сентябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Авг   Окт »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви