АЛВАСТИЛАР ЎЙИНИ (1-қисм)

— Мени ўлдириб қўйишади, қутқаринглар, ёрдам беринглар.

Рўпарамдаги каравотда ётганча бақираётган аёлга раҳмим келди. Сочи тўзғиб кетибди. Бармоқлари нуқул титрайди. Ҳатто ўнг қўлининг жимжилоғига тақилган узук ҳам безовта. Узукка тикиларканман, хаёлимга лоп этиб бир фикр келди.

— Узук жимжилоққа тақиладими? — сўрадим мендан-да ажабланиб турган ёрдамчимдан.

— Йўқ, — дея кўрсаткич бармоғини чаккасига тиради ёрдамчим. — Бу сал анақароқ бўлиб қолган.

— Унда нега жиннихонада эмас?

— Қизиқсиз-а, ахир, уйида ҳеч ким бўлмаса, ким ҳам Камоловани жиннихонага олиб борарди? Қолаверса, бечора бу аҳволга яқиндагина тушган кўринади.

— Унда бундан бир гап чиқиши қийин, — ҳафсалам пир бўлди менинг. Сўнг хонтахта устида турган иккита стаканни бир четга суриб қўйдим. — Изқуварларга қўнғироқ қилишни ҳар ким ҳам эплаши мумкин, аммо бўлган воқеаларни батафсил айтиб бериш бу аёлнинг қўлидан келмаса керак.

Чуқур хўрсиниб, энди ортимга ўгирилгандим ҳамки, аёлнинг аянчли овози эшитилди:

— Кетманг, — деди у қўлини олдинга чўзиб. — Мени ўлдиришмоқчи.

— Ким ўлдирмоқчи сизни? Айтинг…

— Ажиналар, шайтонлар… Ҳа-ҳа, сочлари тўзғиб, кўзлари аланг-жаланг бўлиб юрган алвастилар…

— Ажиналарми, алвастиларми, шайтонларми, қайси бири? — сўрадим аёлга яқинроқ келиб.

— Ҳаммаси… улар уйни эгаллаб олишган.

— Мен кўрмаяпман-ку! — худди сочлари ҳурпайган алвастини кўриб қоладигандек уйни синчиклаб қаради ёрдамчим.

— Улар фақат менга кўринишади, ишонмасангиз, — дея аёл ўрнидан туриб, ёнимизга келди. — Мана, қаранг.

У ювиниш хонасининг эшигини очди. Шу пайт бирдан қандайдир сокин мусиқа овози эшитилди.

— Кўрдингизми? — деди у кўзларини катта-катта очиб. — Мана шулар мени ўлдиришмоқчи. Улар “Алвастилар қўшиғи”ни куйлашади.

— Алвастилар қўшиғи?! Қўйсангизчи, балки эшик очилганда, шунақа овоз чиқар. Ҳозир кўрайликчи…

Ёрдамчим эшикни очиб ёпди, аммо ҳеч қандай овоз эшитилмади. Бу ҳол мени ҳам ажаблантирди. Чунки шу пайтгача ҳеч бир синоат, афсун, сеҳргарликка ишонмасдим. Лекин ҳозир кўз ўнгимда содир бўлаётган воқеалар… Мен секин эшикни ушладим-да, ўзим томонга тортдим. Йўқ, ҳеч қандай овозни эшитмадим. Кейин аёлга қарадим. У: “Кўрдингизми?” дегандек қошини чимириб қўйди. Кейин яна эшикни очиб ёпганди, яна бояги ғалати мусиқа овози эшитилди.

— Эрингиз қаерда? — сўрадим аёлдан.

У бир муддат ўйланиб турди-да:

— Кетган, — деди қўли билан девор томонни кўрсатиб. — Узоққа кетган, сафарга…

— Қаерга сафарга? Иш юзасиданми? — саволга тутди бу сафар ёрдамчим.

— Йўқ, мени ташлаб кетган. Жинни билан яшамайман, деган. Ҳозир бошқасини топиб олган бўлса керак. Мендек жиннини бошига урадими?

— Ҳа, бу унга яна бир зарба бўлган, — деди шеригим. — Бекорга жинни бўлиб қолмаган экан, дунёда қандай эркаклар бор-а, шундоқ чиройли аёлни ҳам ташлаб кетиб бўларканми?

Ёрдамчимнинг бу саволи менинг ҳам миямда айланаётганди.

— Биздан нима истайсиз? — Яна аёлга юзландим мен.

— Улар мени ўлдиришади. Мени қутқаринг.

— Бўпти. Уни руҳий касалликлар шифохонасига топширамиз. Шу билан бўлдими?

— Улар… — тутилиб гапира бошлади аёл. — Ажиналар у ерга бора олишмайдими?

— Ажиналарми? Йўқ, хотиржам бўлаверинг, — аёлни юпатган бўлдим.

— Унда яхши. Бораман.

Хаёлимни девордаги аллақандай чизиқлар тортди. Бироз қўпорилганди. Қўлим билан ушлаб кўрдим, қўлим ҳам бирпасда оппоқ бўлди.

— Кечирасиз, қўлимни ювиб олсам дегандим.

Аёл ювиниш хонасининг эшигини очиб бергач, қўлимни тозалаб ювиб олдим. Кейин:

— Кетдикми? — дедим аёлга қараб. — Сизнинг ҳаётингизга мен жавоб бераман. Шундай экан, манави ажиналардан қутқаришим керак. Тўғрими?

Аёл жилмайиб қўйди. Кейин кетма-кет уйдан чиқдик. Оёғимни судраб юришга ўрганиб қолганим учун эшикдан чиқаётиб оёғимни нимагадир илаштириб олдим. Гилам кўтарилиб қолди, аммо аёл шу заҳоти уни тўғрилаб қўйди.

— Эрингизнинг фамилиясини айта оласизми? — тағин аёлни саволга тутдим.

— Жўраев, — жавоб берди аёл ҳафсаласизгина. — Банкда ишлайди. Ер ютсин уни…

Йўл-йўлакай такси тўхтатдим. Аёл сариқ рангли енгил машинанинг орқа эшигини ўнг қўлининг кўрсаткич ва ўртанча бармоғи билан очди-да, машинага ўтирди. Ёнида эса мен жойлашдим.

— Уйингизда ажиналар билан боғлиқ яна бирор синоатли ҳодиса содир бўлганми?

Аёл бу саволимни кутмаган, шекилли, менга ҳайрон бўлиб қаради. Кейин бироз ўйланган киши бўлди-да:

— Ҳа, баъзан ташланиб ҳам қолишади, — деди. — Аммо мен уларга ён бермайман. Фонарим билан даф қиламан уларни… Ҳа…

Аёлни керакли манзилга элтиб қўйгач, унинг эрини топишга киришдим.

— Шу шартми? — дея норози бўлди шеригим қароримни эшитганидан кейин. — Аёлни шифохонага олиб бориб қўйдик, тамом. Қиладиган ишимиз қолмади-ку.

— Адашасиз. Ишимиз энди бошланди. Мен бу аёлга ким суиқасд уюштирмоқчи бўлганини билишим керак.

— Суиқасд? — энсасини қотирди шеригим. — Бу аёлга ким суиқасд уюштириши мумкин? Бир жинни бўлса…

— Ҳамма гап мана шу жинниларда. Агар билсанг, бу ҳаётда энг кўп иш жинниларнинг қўлидан келади. Мен сезиб турибман…

— Нимани?

— Ҳеч нимани… Бўпти, мен банкка кетдим. Жўраев деганлари билан гаплашиб кўрай-чи… унда нима гап экан?

Бироздан сўнг баланд қаватли банк биноси олдида пайдо бўлдим. Жўраев деганларини топиш қийин бўлмади. Чунки аёлнинг уйига борганимда уй анчагина ҳашаматли эканлигига гувоҳ бўлгандим. Бу ҳашаматларни эса топиш-тутиши тузуккина бўлган одам ярата олади. Мабодо бу одам банкда ишласа, унда фақат битта банкда ишлаши мумкин, яъни, яхшигина “ўйин” бўладиган банкда. Мен мўлжаллаган банк эса, айнан турли ўйинлар авжига чиққан маскан ҳисобланарди, чунки бу банк бошқа банкларга нисбатан анча кўп омонатчиларга эга эди.

Жўраевни топиб борганимда, у креслога ястанганча кўзини юмиб ўтирарди. Мен эшикни очиб кирдим-у, томоқ қириб қўйдим. У эса кўзини очиб, мени кўрди-ю, шошмасдан ўрнидан қўзғалди.

— Ие, меҳмон, келинг, — деди мен унинг узоқ кутган меҳмони-ю, банк шахсий уйидек. — Қайси шамоллар учирди? Пулингизни омонатга қўймоқчисиз, шекилли. Зап иш…

— Мен изқуварман, — унинг гапини бўлдим. — Олдингизга хотинингиз масаласи бўйича келгандим.

Бир зумда унинг юзидаги қувонч ҳафсаласизлик билан алмашди. Қовоғи осилди. Креслога қайтиб ўтирди-да:

— Изқуварларга ҳозир ҳам иш бор эканми? — деб лабини буриб қўйди.

— Албатта. Ахир, бу дунёда пихини ёрган жиноятчилар ҳам учраб туради.

— Бу гапингиз тўғри. Хўш, хотиним нима ҳунар кўрсатибди яна?

— Унинг аҳволидан хабардормисиз?

— Аҳволидан? — Жўраевнинг юзида заҳарханда аралаш кулги пайдо бўлди. — Агар жиннилигини айтаётган бўлсангиз, ҳа. Унинг мияси айниб қолган.

— Унга кимдир суиқасд уюштириши мумкинми?

— Суиқасд? Кимга? Хотинимгами? Жаноб изқувар, одатда, сизларни жуда синчков дейишади. Аммо бунга ўхшамайди. Ўзини жинни деб ҳисоблаётган, шундоқ ҳам ўзини ўзи еб битираётган аёлга ким ҳам суиқасд уюштириши мумкин? Бўлмаган гап. Бу гапни қаердан олдингиз ўзи?

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Муносиб номзодга овоз беринг!
Муносиб номзодга овоз беринг!
Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Сентябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Авг   Окт »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви