Ўзбек миллий академик драма театри “Кундузсиз кечалар” спектаклида Ислом Каримов ёдга олинди

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевичнинг ташаббуси билан мустақилликнинг илк йиллариданоқ улуғ мутафаккир боболаримиз номини тиклаш, улар қолдирган бой маданий мерослардан эмин-эркин фойдаланиш ва буларни бус-бутунлигича келажак авлодга етказиш масаласига Давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Собиқ Иттифоқ даврида қатағон қурбонига айланган, шаҳид кетган адиблар хотирасини тиклаш, улар асарларини жаҳонга танитиш, ёш авлодда ўша қонли давр, халқимизнинг оғир кечмиши ҳақида тасаввур уйғотиш масаласига катта эътибор қаратилди. Ислом Каримов ташаббуси билан Шаҳидлар хотираси майдони барпо этилди.

Ўзбек театр санъати ва жадидчилик мактаби, ўша давр адабиётини бир-биридан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. 1914 йилда буюк мутафаккир бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” пьесаси саҳнага олиб чиқилди. Шу кундан бошлаб ўзбек театрига тамал тоши қўйилди.

Мана, 19 йилдирки, Ўзбек миллий академик драма театрида Собиқ Иттифоқ ўрнатган тузум, қаҳатчилик йиллари, халқ тилидан, имони, қадриятлари, эътиқоди ва миллий ўзликни англаш туйғусидан айрилган даврлар ҳақида ҳикоя қилувчи “Кундузсиз кечалар” спектакли намойиш этиб келинади. Унда миллатимизнинг жонкуяр адиби Абдулҳамид Чўлпоннинг ҳаёти ва ижоди, фаолияти, куммунизмнинг зулматга тўла кунлари тасвирланган.

Кеча, 16 сентябрь куни Ўзбек миллий академик драма театрида яна Усмон Азим асари асосида саҳналаштирилган “Кундузсиз кечалар” спектакли намойиш этилди. Унда бош ролларни Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Маҳмуд Исмоилов, Тоҳир Саидов, Фарҳод Абдуллаев, Ҳожиакбар Комилов, Бекзод Муҳаммадкаримов, Шоҳида Исмоилова ижро этишди.

Спектакль сўнггида саҳнага чиққан Абдулҳамид Чўлпон роли ижрочиси, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов бир муддат қарсаклар тин олишини, томошабинлар ўз жойларини эгаллашларини илтимос қилди ва шундай деди:

“Бу спектаклни Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевичнинг ташаббуслари билан бундан 19 йил илгари Чўлпон таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан саҳналаштирган эдик. Ҳар гал шу спектакль билан саҳнага чиққанимизда халқимиз тарихидаги ўша машъум кунларни ёдга оламиз. Шу сабаб юртимизни Мустақилликка олиб чиққан Президентимизни Яратган раҳматига олган бўлсин, деб сўрайман”.