АЛВАСТИЛАР ЎЙИНИ (2-қисм)

— Ўзи айтди. Хотинингиз, — дея изоҳ бердим суҳбатдошимнинг чимирилган қошларини кўриб.

— Энди аниқ томи кетибди. Тавба, бой-бадавлат одам бўлса эканки, кимдир молига кўз олайтириш учун уни йўқ қилиш пайига тушса?

Мен унинг бу гапларига заррача эътибор бермадим. Чунки миямда ғужғон ўйнаётган саволларни тартибга солиш билан банд эдим.

— Хотинингизни нега ташлаб кетгансиз?

— Бу шахсий ҳаётим билан боғлиқ. Уни эса дастурхон қилмоқчи эмасман.

— Хотинингиз, эрим мени жинни бўлганимдан бери ёқтирмайди, деди. Шу ростми?

Жўраев саволимга жавоб олмасдан қўймаслигимни билди, шекилли:

— Ўрнимга ўзингизни қўйиб кўринг. Жинни аёл билан яшаган бўлармидингиз? — деди.

Шу пайт бирдан тоби қочгандек бўлди. Ранги оқариб кетди.

— Аҳволингиз яхшими? — сўрадим мен унга диққат билан тикилиб. — Нима бўлди сизга?

— Ҳеч нарса, ўтиб кетади. Ҳадеб компьютер олдида ўтираверганимдан юрагимнинг мазаси қочган, шекилли. Аслида, бу ҳам хотинимнинг касофати.

— Демак, у ростдан ҳам жинни, шундайми?

— Ҳа. Тентакнинг ўзгинаси. Бир сафар ниманингдир шитирлашидан уйғониб кетдим. Қарасам, тепамда пичоқ кўтариб турибди. Нуқул “Сени ўлдираман, алвасти” дейдими-ей. Шундан кейин қўрқиб қолдим. Уйдан чиқиб кетдим.

— Ҳа, сизга роса қийин бўлибди. Лекин унга ким таҳдид қилаётганини топишим керак. Сиз бирорта одамдан шубҳаланмаяпсизми?

— Шубҳа… билмадим, ҳақманми ёки ноҳақман, аммо опасини бир сўроқ қилсангиз бўларди, у кўп нарсани билади.

— Масалан, нимани…

— Бу менга қоронғу. Сизга қўлимдан келганча ёрдам бердим, энди узр, ишлашим керак.

— Шу ёғига ҳам раҳмат. Калаванинг учини амаллаб топиб оларман.

— Қотилни топсангиз, менга ҳам кўрсатинг, бир пешонасидан ўпиб қўяй.

Жўраевга кулиб қўйдим-да, ташқарига чиқдим. Аёлнинг опаси ҳақида маълумот тўплашга киришдим. Топганларим эса қуйидагилар эди: Шарипова Зилола, 1970 йилда туғилган. Оилада икки қизнинг тўнғичи. Отаси катта бизнесмен.

— Шошма, — дедим ёрдамчим қўлимга тутқазган маълумотларни яна бир қур кўздан кечирарканман. — Отаси катта бизнесмен экан. Унга нима бўлган?

— Бундан бир ҳафта бурун вафот этган. Бахтсиз тасодиф. Машина уриб кетган. Лекин яна бир қизиқ томони бор.

— Хўш?

— У васиятнома ёзишга улгурибди.

— Қанақасига? Ўлишини олдиндан билган эканми?

— Шунақага ўхшайди, — ёрдамчим чаккасини қашлади. — Менда иккита вариант бор. Ё отасига кимдир мажбуран ёздирган ёки отаси уни ўлдиришлари мумкинлигини сезган.

— Васиятномани қўлга киритмадингми?

— Ҳозирча йўқ. Аммо васиятнома мазмунидан бохабар одам билан гаплашдим.

— Хўш…

— Ота бор меросини икки қизига бўлиб берибди.

— Мерос каттами?

— Ўҳ-ҳу, — бошини сарак-сарак қилди ёрдамчим. — Жудаям. Қўша-қўша заводлар, тўртта автомобиль, энг сўнгги русумдагиси ва данғиллама ҳовли.

— Демак, мижозимизни бежизга ўлдирмоқчи бўлишмабди-да, — ўзимча фикр қилдим мен. — Опаси айбдорга ўхшайди…

— Унда ҳибсга олаверамизми?

— Далил-исботсиз-а? Шошма, яхшиси, иккита ёрдамчи чақирамиз. Биттаси Жўраевнинг олдига, иккинчиси Шарипованинг олдига боради.

— Биз-чи?

— Сен дам ол. Менинг эса, қиладиган ишларим бор.

— Лекин мен чарчаганим йўқ, қарши бўлмасангиз, сизга ёрдамлашсам.

— Майли.

Менинг ўз режаларим бор эди. Иккита бақувват йигитни эр ва опанинг ёнига жўнатдим. Улардан керакли хабарларни олиш керак эди. Ўзим эса мижозимнинг уйига бордим.

— Қандай кирамиз? Калит йўқ-ку, — ҳайрон бўлди ёрдамчим. — Ёки бузиб кирамизми?

— Биз жиноятчи эмасмиз, бузмаймиз. Сим билан очаман.

— Ахир, биз жиноятчи эмасмиз, дедингиз-ку ҳозир.

— Тўғри, бироқ қайсидир йўл билан киришимиз керак-ку.

Уйга кирганим заҳоти эътиборимни тортган нарса гиламнинг кўтарилгани ва унинг ичидан ингичка симнинг чиқиб қолгани бўлди. Кейин ипнинг изидан секин ичкари уйга кирдим ва ип уланган жойни кўрдим-у, ниманидир англагандек бўлдим. Бироздан кейин ювиниш хонасининг эшиги томон юрдим. Эшик ушлагичидаги яна бир далил эса фикримни тасдиқлади. “Йўқ, бўлиши мумкин эмас” дея ўйладим-у, ташқарига отилдим.

— Бу аёл анча ўқимишли чиқиб қолди-ку, — деди шеригим китоб жавонини очганча ҳайратланиб.

— Наҳотки? Кўп китоб ўқирмикин?

— Ҳа, жудаям. Энг қизиғи, китобларининг орасида бирорта ҳам бадиий асар йўқ. Ҳаммаси қанақадир кимёми-ей, физиками-ей. Афтидан, шу фанлардан дарс берган бўлса керак олдин.

Мен унинг гапларини зўрға эшитдим. Фикр-у хаёлим ҳозиргина қўлга киритган далилимда эди. Дарҳол ташқарига отландим.

— Қаерга шошяпсиз? — сўради ёрдамчим.

— Кетдик, хонимнинг ҳаёти хавф остида. Бу ерда бир гап бор. Тезроқ!

* * *

Кўзланган жойга етиб келганимизда уй атрофи жим-жит эди. Биз жўнатган йигит эса, ерда чўзилиб ётар, оғзидан қон оққан, тўрт-беш жойига пичоқ санчилганди.

— Анавини қаранг, — қўриқчи йигитни кўрсатди шеригим. — Бу ерда бир гап бор.

Кўнглим бир нохушликни сезиб, дарров ичкарига югуриб кирдим. Бу ерда ҳам ҳеч ким йўқ эди. Шу пайт ичкари хоналарнинг биридан бўғиқ овоз эшитилгандек бўлди. Дарҳол ўша хонанинг эшигини тақиллатдим.

— Хоним, эшикни очинг.

Овоз бирдан тиниб қолди. Кейин ниманингдир тарақлаган овози эшитилди. Эшикни бузишга мажбур бўлдик. Шеригим эшикни ағанатганида хонада Шарипова бир аҳволда ётар, дераза эса очиқ эди.

— Қочиб кетибди, шекилли, — деди ёрдамчим.

Мен дарров дераза ёнига бордим. Ростдан ҳам бир эркак жонҳолатда югуриб кетар, қўли ғалати силкинарди.

— Фотоаппаратни бер, — дедим шеригимга.

— Нега? — ажабланиб сўради у.

— Бер дегандан кейин берсанг-чи…

У сумкасидан эндигина чиқарган фотоаппаратни юлиб олдим-да, анча узоқлашиб қолган эркакни суратга олдим. Сўнг деразанинг пастки қисмини, ерни суратга туширдим. Бу орада шеригим жабрланувчини ўзига келтиришга улгурганди.

— Тузукмисиз, хоним, — дея Шариповадан ҳол-аҳвол сўраган бўлдим.

— Раҳмат, — дея зўрға гапирди у.

— Бу қандай содир бўлди?

— Билмадим. У сездирмасдан кирди уйимга. Мен китоб ўқиб ўтиргандим. Овозни эшитиб, ортимга ўгирилганимда, юзимга мушт келиб тушди. Кейин эса, у мени бўға бошлади. Яхшиямки, сиз келиб қолдингиз. Акс ҳолда, билмадим, бундан қандай қутулардим?

— Мен бир нарсага тушунмаяпман, — ўйлашга уринди шеригим. — Тахминлар ўзини оқламаяпти-ку. Қотил ким бўлиши мумкин энди?

— Вазият чигаллашиб кетди, — Шариповага синчковлик билан тикилдим. — Аммо барибир, жиноятчи топилади. Бу аниқ. Сиз хавотир олманг.

— Хўп, раҳмат сизга. Агар вақтида етиб келмаганингизда…

Ташқарига чиқиб, таниш қўриқчи йигитнинг жасадига қарадим. Аямай пичоқ санчишибди. Унинг мурдасини дарров олиб кетишди. Ёрдамчим эса ҳамон мени саволларга кўмиб ташларди:

— Мен бир нарсани тушунмаяпман, биз шу пайтгача қотил Шарипова деб юрардик, лекин униям ўлдирмоқчи бўлишибди-ку. Демак, қотил умуман бошқа одамми?

Вазият мени ҳам анча чалкаштириб юборганди. Кимдан шубҳаланишни билмасдим. Қўлимда фақат шу пайтгача қўлга киритган биргина далилим бор эди, холос. Ана шу далилни тасдиқлатиш учун руҳий касаллар шифохонасига боришга қарор қилдим.

* * *

Эски мижозим кўзини бир нуқтага тикканча ниманидир ўйлаб ўтирарди. Йўқ, у узоқдан қараганда, сира жиннига ўхшамасди. Айниқса, ҳозирги ҳолатида у ҳар қандай ақлли одамдан ҳам юз чандон ақллидек эди. Бу ерга келишимни унга айтмадим. Чунки узоқдан унинг асл қиёфасини кўрмоқчи эдим. Лекин ўйга чўмиб ўтирганини айтмаса, у мен уйида кўрган тентак аёлдан унчалик ҳам фарқ қилмасди.

— Яхши ўтирибсизми?

Эски мижозим менга ялт этиб қаради. Ўзини мени энди кўриб тургандек тутди. Аслида, бироз олдин пайқаган, лекин ўзини сезмаганликка олганди.

— Ие, сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз? — деди у янги йилда қорбобони биринчи марта кўрган болакайдек кўзларини катта-катта очганча.

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Сентябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Авг   Окт »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви