АЛВАСТИЛАР ЎЙИНИ (3-қисм)

— Сизни кўргани келдим. Аҳволингиз яхшими, ҳеч ким безовта қилмаяптими, шуни билгани келдим. Ахир, менинг ҳимоямдаги одамсиз.

— Ғамхўрлигингиз учун раҳмат. Шундоқ ҳам сизга анча юк бўлдим. Менга кўп яхшиликлар қилдингиз. Мана, кўриб турибсиз, аҳволим яхши. Ўйнаб-кулиб юрибман-да.

— Сиздан бир нарса ҳақида сўрамоқчи эдим, — дея энди чўнтагимга қўл солгандим ҳамки, шеригим менга имо-ишора қилди.

— Фақат ҳозир эмас, ишим кўп, — дея жеркиб бердим уни.

Лекин у тихирлик қилавергач, ноилож ўрнимдан қўзғалдим.

— Нима дейсан шу пайтда?

— Бир муҳим хабар бор, нохуш хабар…

— Хўш, чайналмай айтсанг-чи…

— Жўраев ўлибди.

Бу гап қулоғимга унчалик ўрнашмади. Миям ҳам ҳазм қила олмади.

— Нима дединг? — сўрадим қошимни чимириб. — Жўраев ўлибди? Нега ўлади? Ким ўлдиради?

— Билмадим. Ишхонасида жон берибди. Ҳозир текширишаётганмиш жасадини.

— Унда тезроқ етиб борайлик.

Шарипова билан хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, шифохонадан тўғри яна ўша баланд бино томон йўл олдик. Етиб келганимизда атрофга тумонат одам тўпланганди. Тўғри юқори қаватга чиқдик. Жўраевнинг хонасини полиция ходимлари ўраб олганди. Мен жасаднинг олдига яқинлашдим. Оғзидан қон келган, бошини стулга қўйиб ўтирарди.

— Шу ҳолатда ўлиб қолганга ўхшайди, — деди ёрдамчим. — Бунинг ҳам оғзидан қон келибди.

Шеригимнинг бу гапи мени сергак торттирди. Қўриқчи йигитнинг ўлган ҳолатини эсладим. Бу ўша ҳолатга жуда ўхшарди. Маълумот йиғишга кетган ёрдамчим эса, бироздан кейин қайтиб келди:

— Экспертиза миясига қон қуйилган, деган хулосага келган. Иссиқда кўп қаҳва ичгани, кейин қон босими юқорилиги учун мазаси қочиб қолган ва миясига қон қуйилган.

— Бир қараганда, шундай. Аслида эса, бу ерда бир жумбоқ борга ўхшаяпти.

— Жумбоқ дейсизми?

— Ҳа, жумбоқ… Нима дейсан, Шариповадан хабар олмаймизми?

— Нега? Унинг бу жиноятга алоқаси бор, деб ўйлайсизми?

— Менимча, шундай. Чунки у аввал Жўраевни, кейин эса, синглисини ўлдиришни ният қилган. Ёки…

Миямдаги иккинчи асосий тахминни айтишга журъат этмадим. Банкдан чиқиб, тўғри Шарипованикига йўл олдим. Уйига етиб боргач, эшикни тақиллатдим. Бироздан кейин сочлари елкасига ёйилган Шарипова чиқиб келди. Бизни кўриб, аввал ажабланди, кейин эса, ичкарига таклиф қилди.

— Безовта қилганим учун узр, — дедим гапнинг индаллосига ўтиб. — Сизга бир-иккита саволларим бор эди.

— Хўш?

— Ўша куни, яъни, биз тасодифан келган куни нега томоша уюштирдингиз?

— Томоша? — ҳайрон бўлди аёл. — Тушунмадим, қанақа томоша?..

— Қанақа бўларди? Сизнинг жонингизга қасд қилингани билан боғлиқ томоша… сизни бўғишгани билан боғлиқ томоша…

Аёлдаги ҳайрат шеригимга ҳам кўчди.

— Нималар деяпсиз? — деди у кўзларини катта-катта очиб. — Ахир, биз…

Аммо мен бир қўлимни кўтариб, уни жим қилдим. Сўнг аёлга юзландим.

— Хўш, саволимга жавоб кутяпман.

— Жуда аҳмоқона савол бердингиз. Ахир, ўша куни мени ўлдиришга уринишганини ўз кўзингиз билан кўрдингиз-ку.

— Кўрганим йўқ, сиздан эшитдим…

— Лекин унинг деразадан сакраб қочганини кўрдингиз. Ахир, мен ўзидан ўзи бақирадиган аҳмоқ эмасман-ку.

— Нима, мен ҳамма гапингизга ишонаверадиган аҳмоққа ўхшайманми? — ростакамига қизишиб кетдим. — Биринчидан, уйга ҳеч қанақа босқинчи кирмаган. Чунки мен эшикни бузиб кирдим. Нима, босқинчида калит бормидики, эшикка шикаст етказмасдан, уни очиб кирса.

Аёл менга ялт этиб қаради.

— Ахир, — деди тутилиб. — Унинг деразадан сакраб тушганини…

— Бу томошага келсак, — Шарипованинг гапини кескин бўлдим. — Сиз айтган эркак деразадан сакраб тушмаган. Чунки ўша куни деразадан пастга қараганимда, ҳеч қандай оёқ изи йўқ эди. Ваҳоланки, ер тупроқ, цемент эмас. Сиз айтган эркак эса, дарахт ортига яшириниб, ишорангизни кутиб турган. Сиз ишора қилишингиз билан у чопишни бошлаган.

— Мен ҳеч қанақа ишора қилганим йўқ, ахир, кириб келганингизда бир аҳволда…

Аёл бу сафар ҳам гапини тугатишга улгурмади. Мен эса чўнтагимдан битта расм чиқардим-да, олдига олиб бордим.

— Манави расмдаги идиш синиқларини кўрдингизми?

— Ҳа, — деди у бироз қизариб. — Кимдир ташлагандир-да…

— Кимдир эмас, сиз ташлагансиз. Анави ёллаган одамингизга белги бериш учун…

— Бўлмаган гап… сиз туҳмат қиляпсиз…

— Шунақами, — юзим ғазабдан буришиб кетди, кейин шеригимга қарадим. — Манави алвастини бўғиб ўлдиринг.

Мени шу пайтгача умуман бу аҳволда кўрмаган, қолаверса, бунақа ваҳимали гап эшитмаган шеригим довдираб қолди.

— Бу нима деганингиз? Ахир, мен уни қанақа қилиб?..

— Бу — буйруқ. Сиз уни бажаришга масъулсиз. Уни бўғиб ўлдиринг, тезроқ…

Шеригим ноилож қолди. Чунки агар шартимга кўнмаса, мен уни бошлиғига итоат этмаганликда айблаб, ишдан бўшатишим ҳам мумкин эди. У жонҳолатда аёлни бўға бошлади.

— Йўқ, йўқ, — хириллаганча типирчилай бошлади Шарипова.

Унинг юзи оқариб, кўзи олая бошлагандагина шеригимга тўхтатишини айтдим. У аёлни қўйиб юборди, Шарипова эса ерга ётиб қолди.

— Бўғиш мана бунақа бўлади, — дея аёлга янада яқинроқ келдим. — Шеригимга эътибор беринг, одам бировни бўғаётганда ана шундай терлайди, ваҳимага тушади, териси тортишиб қолади. Сизни бўғган одамда эса, мен бунақа тердан асар ҳам кўрганим йўқ.

Гапимнинг исботи тариқасида расмни яқинроққа олиб келиб кўрсатдим.

— Қаранг, бу заррача терламаган ҳам. Балки энди бўйнингизга оларсиз ёки анави қўриқчи йигитнинг ўлимини ҳам сизга ағдариб, узоқ йилга ҳукм қилишларини сўрайми?

— Қанақа қўриқчи йигит? Нима ҳақда гапиряпсиз? — тамомила каловланиб қолди аёл.

— Мен олдингизга келганимда ўлиб ётган йигитни айтяпман.

— У менинг ҳаётимга тажовуз қилган…

— Йиғиштиринг бу эртагингизни, Шарипова, наҳотки мени алдаб бўлмаслигини ҳали ҳам тушунмадингиз? Ё ростини айтасиз ёки…

* * *

— Хўш, ишимиз тугади ҳисоб. Мана, Шарипова бор айбни ўз бўйнига олди. Энди дам олсак ҳам бўлар-а, — деди ёрдамчим ташқарига чиққанимиздан сўнг.

— Менга ҳам шундай туюляпти. Фақат бир нарса ўйлантиряпти мени…

— Яна нима?

— Ҳақиқий қотилнинг кимлиги. Жўраев билан қўриқчи йигитнинг қотили…

— Тушунмадим, бу иккаласининг нима алоқаси бор? Тамомила бошқа одамлар-ку.

— Лекин иккаласининг ҳам ўлим ҳолати бир хил. Экспертиза миясига қон қуйилганини таъкидлаяпти. Бу сизни ажаблантирмаяптими?

— Лекин бу йигитни пичоқлашган…

— Ким? Шу аёлми? Шариповами? Наҳотки шу аёлнинг мана бундай барзанги эркакка кучи етади, деб ўйласангиз… Устига-устак, қўриқчи йигит доим ҳушёр турарди.

— Унда қандай пичоқлаган? — ҳайрати ошди шеригимнинг.

— Юринг, ҳозир шуни аниқлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

— Қаерга борамиз?

— Камолованинг олдига…

— Жиннихонагами?

— Ҳа.

Бироз вақтдан кейин яна бизни шу ишнинг домига тортган аёл қаршисида турардик.

— Эрингиз ўлди, — дедим мен дабдурустдан.

Аммо аёл пинагини ҳам бузмади. Фақат:

— Қандай қилиб, уни жазолашга кимнинг қўли етибди? — деб сўради.

— Миясига қон қуйилганмиш… иссиқда кўп қаҳва ичгани учун қон босими ҳам…

— Унга буям кам, — яна ўшандай хотиржамлик билан гапирди Камолова. — Яна нима гаплар?

 

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Сентябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Авг   Окт »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви