Нақд пул масаласи муаммоларнинг муаммосига айландими?

Айни кунларда аниқроғи июль ойидан бошлаб нақд пул муаммоси республика даражасига кўтарилди. Бу муаммо юзасидан ҳатто “Ишонч телефонлари”дан ҳам нажот қолмади. Уларга муаммони айтсангиз сизга “боримиз шу нима қилайлик” қабилида жавоб оласиз.

 Хуллас бугун яна шу муаммо ҳақида матбуот бонг урмоқда. Етакчи сайтларимиздан бўлган Кун.узда муаллиф Сарвар Анвар ўғлининг “Нақд пул можароси: кейинги бекат – Банк!” номли мақоласи муаммоларнинг муаммосига айланган ушбу мавзуга бағишланади.

Мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:

Ҳар бир мамлакатда қабул қилинган қонунлар ўша жамият манфаати, ривожланиши ва инсонлар турмуш тарзини янада фаровонлаштиришга хизмат қилади. Ана шу қонунлар асосида жамият пойдевори мустаҳкамланади.

Ўзбекистонда ҳам турли соҳалар сингари банк соҳасида ҳам бир нечта қонунлар қабул қилинган бўлиб, улар мижоз ва банк ўртасидаги муносабатларга ойдинлик киритади.

Масалан, “Банклардаги депозит ҳисоб-варақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида (ПҚ-147)  шундай дейилади: “Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларини депозитларга жалб этиб, уларни айланмага қўйиб ва шу ҳисобдан банк даромад олиб, амалда омонатчилар ҳисобига манфаат кўриб, айни вақтда ўзларининг омонатчилар олдидаги тўғридан-тўғри мажбуриятларини аниқ бажармасдан, уларнинг қонуний талаблари ва эҳтиёжларига бефарқ қараётганликлари, бунинг устига омонатчиларнинг буюртмаларини қондириш чоғида ўз мавқеини суиистеъмол қилиб, уларнинг манфаатларини писанд қилмасликлари мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатлар деб ҳисоблансин”.

Қарордаги бу гаплар Ўзбекистонда фаолият юритувчи барча тижорий банкларга тааллуқлидир, бироқ бу гапдан улардан айримларининг хабари йўқ назаримизда. Бундай дейишимизга асослар етарли…

Қарор ҳажми каттагина, айни дамда уни шарҳлашга ҳожат йўқ. Аммо билганимиз шуки, ушбу банкларда ишловчи ходимлари мижоз билан муносабатда ўзларини худди чайқов бозоридаги каби тутишларидир, яъни қандай: сиз бирор иш билан борасиз, улар эса “эрта келинг, индин келинг, бугун у ходимнинг қорни оғриб қолди, бугун мижоз кўп, бугун компьютер ишламай қолди, эратага юз фоизлик жавоб билан бажарилади”, каби гапларни эшитиб, ҳайрон қоласиз. “Мен ўзи қаердаман?”, деган савол ёпирилиб келади. Шу банкка миллион-миллион пулларингни ишонсанг-у, у бўлса сизни ёш боладек ахмоқ қилса, додимни кимга айтай, деб қоласиз. Аммо додингизни фақат мана шу банк эшитади ва юқоридаги жавоблар билан сизни “сийлайди”.

Бизни бу вазиятга диққатимизни қаратишимизга “Давр банк” Амалиёт бошқармасидаги (МФО 00981) ҳолатлар сабаб бўлди. Нақд пул олиш учун борганимизда, у ердагилар чунонам “ҳунар” кўрсатишдики, буни ҳатто дарбозлар ҳам уддалай олишмайди. Ходимлар маошига қўшиб нақд пул бериш илинжида банк эшигига бош суқдик. Шу ўринда бир гап: бунга ўхшаш банкларнинг ўз “ставкаси” бор. Ҳисоб-рақамдаги пулнинг истаган фоизини нақд пул қилиб беришади ва бу истак 30 фоиздан ошмайди. Аммо шунга ҳам ўн кунлаб югурилади, йиғлаб-сиқталади, “катта оға”лар ўртага суқилади, ишқилиб она сути оғизга келади.

Бу ерда ҳам шу аҳвол. Бизнинг йиғлашга на кўз ёшимиз бор ва на “катта оғаларимиз”, шу сабаб бўзчининг мокисидек қатнай бошладик. Шунга яраша ишлар битса, майли эди, бироқ “мокилигимиз” ҳамон давом этмоқда.

  Бу нима?

“Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун”, деган гапга қарши боришми? Ёки банкирлик бюрократиянинг бир кўриниши деганими?

Бу қоидаларга, банкларнинг ўзлари биладиган сирларга тушунмаймиз, тушинишни ҳам истамаймиз. Билганимиз, қонунларга ҳар бир ташкилот, ҳар бир шахс сўзсиз бўйсинишидир. Бўлмаса, қоғоздагилар қонунлар эмас, қораламалар бўлиб қолмайдими?

Мақола шундай жавобсиз саволлар билан тугар экан, муаллиф мисол келтирган банклар қаторига “Капитал банк” ва қолган барча банкларни ҳам қўшса бўлишини эслатиб ўтамиз. Чунки бизнинг 14 июлда “Капитал банк” ойлик иш ҳақимизнинг нақд пул қисмини бермаётгани юзасидан Марказий банкнинг “Ишонч телефони”га мурожаат қилганимизда “Ока сила ўтган ойни ойлигини гапирасиз ҳали 2 ойлаб ойлик ололмаётганлар бор” дея жавоб берганди Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бошқармаси 5-оператори дея ўзини таништирган масъули.

Хуллас, қолган олди қочди гапларга ҳожат йўқ. Матбуотдан, айниқса телевидениедан чин дилдан илтимос қилиб, ёлвориб сўраган бўлардик банкларимизнинг барқарорлиги, уларнинг ютуқлари ҳақида ҳозир кўрсатув, бирор ижтимоий ролик берманглар. Чунки бу одамларнинг устидан кулиш бўлади.

Айни вақтда мамлакатимиздаги пул-кредит сиёсати, банклар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, соҳа ходимларини малакали кадрлар билан янгилаш, умуман олганда нақд пул муаммосини бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишга катта эҳтиёж туғилмоқда.

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Муносиб номзодга овоз беринг!
Муносиб номзодга овоз беринг!
Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Сентябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Авг   Окт »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви