Сериаллар хуружи ёхуд телеканалларимиз нега ўзи айтиб, айтганига ўзи амал қилмайди?

«Севгим менинг, андуҳим менинг», «Уйимдаги бегона», «Келин», «Муҳаббат тафти»…

Буларнинг барчаси каттаю кичикни соатлаб экран қаршисида ўтиришга мажбур қиладиган, телеканалларимиз орқали тақдим этилаётган хориж сериалларининг номи.  Бу телесериалларнинг томошабинлари ҳам оз эмас, албатта. Ҳатто, болажонларимиз тилидан ҳам шу сериал қаҳрамонларнинг исмлари тушмайди. Қизиқ, болаларимизни қизиқарли эртаклару севимли мултфильмлардан ҳам ажратишга улгурган ушбу сериаллардирдаги тилсим нимада экан, дея  хавотирга тушади киши.

Айримлар сериаллар кишини  муаммолардан чалғитади, кайфиятни кўтаришга ёрдам беради, дейди. Психологлар айниқса  ақлий фаолият билан мунтазам ишловчи кишиларга сериал кўришни тавсия этиб, бу жараён уларга миянинг зўриқиши натижасида кислород етишмаслиги ҳолатларининг олдини олиши ва мияда қон айланиши яхшиланишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлайди. Аммо сериал томошабинлари орасида уй бекалари, ўсмирлар ва кексалар кўпчиликни ташкил этади.

Тақдим этилаётган деярли барча  сериалларнинг, хоҳ у Мексика, хоҳ Ҳиндистон, хоҳ Покистон бўлсин, барчасининг мавзуси уйқаш – севги-муҳаббатдан иборат. Мексика киноижодкорлари томонидан тайёрланган барча сериаллар учун эса икки севишган қалбнинг бир-бирига етишгунигача бўлган «саргузаштлари»дан иборат сюжет ҳар сафар янги ҳаракатлар билан алмашиб такрорланаверади. Миллионлаб  кишиларни экран қаршисига  «михлайдиган» бу сериалларнинг энг катта ютуғи томошабин томонидан осон «ҳазм қилиниши» бўлса, ажаб эмас. Назаримда, бу каби сериаллар кишиларни тор доирада фикрлашга, янада кўпроқ маиший юмушлар орасида ўралашишга, энг ачинарлиси, инсон эътибори қаратилиши лозим бўлган муҳим, долзарб масалалардан чалғитади. Натижада «ҳазм» қилиниши осон ва содда ахборотни олишга ўрганган инсон мияси заифлашиб бораверади.   Энг чатоғи шуки, мазкур хориж сериалларида «тараннум» этилаётган манзаралар, урф-одатларимизга зид ҳолатларнинг тобора кишиларимиз онгига одатий ҳолдек сингиб бораётганидадир. Мексика сериалларининг қай бири ҳақида гапирмайлик, носоғлом оила муҳити, эр-хотиннинг бир-бирига хиёнати, она бир, ота бошқа фарзандлар, ёшми, қарими –  аёлнинг аввал бир, сўнг иккинчи эркак билан яшаши каби ҳолатлар деярли барча сериаллар сюжетини ташкил қилади. Эътибор берилса, мазкур сериалларда оила муҳити доирасида содир бўладиган кўплаб воқеалар бизнинг ахлоқ-одобимизга, менталитетимиз тўғри келмайди.

Эътиборсизликданми ёки билимсизликданми, айрим ота-оналарнинг оила даврасида фарзандларини ҳам сериаллар гирдобига ташлайди. Наҳот улар бу билан ҳали оила, турмуш, миллий менталитет, қадриятларимиз ҳақида тўла тушунчага эга бўлмаган фарзанди психикаси ва  тарбиясига акс таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмайди? Ажнабий сериалларда дуч келинадиган,  ҳатто сўз билан тавсирлашга ҳам андиша қиладиган вазиятларни ота-оналар ўз фарзандлари билан, бувилар набиралари билан бир экран қаршисида ўтириб томоша қилиши нечоғлик ўринли?  Ахир шу тарзда аста-секинлик билан ўша  сериалдаги воқеалар, қаҳрамонларнинг ўй-фикрлари онгимизга ўрнашиб, сингишиб, юриш–туришимиз, хатти-ҳаракатларимизда намоён бўлиб боришини сезмаяпмизми? Маънавиятимизга кўрсатадиган салбий таъсирини сезмай қолишимиз мумкинлиги ҳақида наҳот вақтида ўйлаб кўрмаймиз? Бугун телеканалларимизда  эфирга берилаётган сериаллар орқали динимизга, миллийлигимизга ёт ғояларни зимдан сингдиришга уринишлар бўлмаётганига ким кафолат бера олади? Фарзандларнинг ота-онасининг розилигисиз яширин қурган никоҳини  муҳаббат дея оқлаши ёхуд ёш қизнинг отаси баробар киши бойликларига эга бўлиш мақсадида навбатдаги хотинликка рози бўлиб, турмушга чиқиб каби лавҳаларни кўрган ёшларимизда қандай хулосалар уйғониши мумкин? Бу каби манзаралар сериаллар орқали узлуксиз кўрсатилиши тобора ёшларимизнинг онгида қаршилик уйғотмай, оддий бир ҳолатдек қабул қилиниши эртага қандай оқибатларга олиб келади?

Бу каби оғриқли саволлар барчамизни безовта қилиши шарт, деб ўйлайман. Ана шунда – ўз вақтида бу ҳақда қайғурсак, оиланинг устуни саналган орият, садоқат, иффат  каби фазилатларнинг топталиши, азалий қадрият ва урф-одатларимизга путур етиши, умуман, миллатнинг томирига болта урилиши каби хатарларнинг олди олинган бўлар эди.

Мен бир нарсага ҳеч тушунмайман: телеканалларимиз орқали оммавий маданиятга қарши кураш, огоҳликка чорлаш мазмунидаги кўплаб ҳужжатли фильмлар, ижтимоий роликлар, мунозарали ток-шоулар кўрсатилиб, кетидан айнан шу фикрларга зид келадиган мазмундаги телесериалларнинг эфирга узатилишидан қандай наф, маъно бор?

Муаллиф: Моҳира ТОШПЎЛАТОВА

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Сентябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Авг   Окт »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви