Янги ТошМИдан Қўйлиққача: Тошкент метроси лойиҳасининг сурати муҳокамаларга сабаб бўлди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент метросининг кенгайтирилган лойиҳаси сурати пайдо бўлди. Унда Тошкент метрополитени нафақат Юнусобод ва Сергели бўйлаб, балки Қўйлиқ бозори ва янги ТошМИ йўналишларида ҳам ривожлантирилиши режалаштирилаётганини кўриш мумкин, деб ёзмоқда «Carzone»

Лойиҳада Тошкент метросининг мавжуд, қурилаётган ва қурилиши ҳали бошланмаган барча йўллари кенг харитаси тасвирланган. Унга кўра, “Чилонзор” йўли жанубий йўналишда “Сергели” йўли билан туташади, шимолий йўналишда эса, “Буюк Ипак йўли” бекатидан сўнг, Трактор заводига томон камида яна учта бекат билан тўлдирилади.

Ҳозирги вақтда “Беруний” бекатидан бошланиб, “Дўстлик” бекати билан тугайдиган “Ўзбекистон” йўлини ҳам камида еттита бекат билан тўлдириш кўзда тутилган. Агар лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, “Ўзбекистон” йўли янги ТошМИда қуриладиган бекатдан бошланиб, лойиҳалаштирилаётган “Қўйлиқ бозори” бекати билан тугайди. Бунда метро йўли Тузел қўрғони ва Бахт кўли бўйлаб ҳам ўтади.

“Юнусобод” йўли бўйича айтарли янгилик йўқ – йўлни жанубий йўналишда Жанубий вокзалга қадар давом эттириш режаси ҳали ҳам долзарб, шимолий йўналишда эса қурилиши давом эттирилиши кутилаётган уч бекат ўрнига ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда фақат иккита бекат кўрсатилган: “Шаҳристон” (собиқ “Ҳабиб Абдуллаев”)дан кейин қурилиши айтилган лойиҳавий номи “Файзулла Хўжаев” бўлган бекат йўқ, ундан кейин дарҳол “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари келади.

Энг асосий янгилик – “Сергели” йўли билан боғлиқ. Лойиҳага кўра, йўл жами 12 бекатдан иборат бўлади ва уларнинг фақат тўрттаси (лойиҳавий номлари – “Чоштепа” (бу ердан “Чилонзор” йўлига ўтиш мумкин бўлади), “Ўзгариш”, “Дўстлик”, “Сергели”) шаҳарнинг Сергели туманидан ўтади, қолгани эса Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб, Чилонзор буюм бозори, Ўрикзор бозори, Ибн Сино, Жарариқ мавзелари орқали янги ТошМИга етиб боради (ва шу ерда “Ўзбекистон” йўли билан туташади).

Суратда лойиҳа “Тошкент метропроекти” компанияси томонидан ишлаб чиқилгани кўрсатилган, бироқ унинг амалга ошириш муддатлари ва қиймати ҳақида батафсил маълумот берилмаган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг бир гуруҳи бу суратни қувонч билан қарши олиб, “Қўйлиққа ҳам метро бораркан” деган гапларни айтган бўлса, баъзи юзерлар суратнинг ҳақиқийлигини шубҳа остига олди. Фойдаланувчиларнинг бири харитада “Дўстлик” номли бекат иккита бўлиб қолганига эътиборни қаратди (бири – собиқ “Чкалов” бекатининг ҳозирги номи, иккинчиси – Сергелининг Дўстлик даҳасида қуриладиган бекатнинг лойиҳалаштирилган номи).

Тошкент метросининг кенгайиши мавзуси Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев сабаб яна жонланди. Жумладан, у 18 сентябрь куни Юнусобод туманида бўлиб, “Юнусобод” йўлидаги иккита бекат (катта эҳтимол билан, “Тошкент метропроекти” лойиҳасидаги “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари)да қурилиш ишларини якунлаш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берди. 25 сентябрь куни эса Шавкат Мирзиёев Сергелида бўлиб, у қатнашган йиғилишда Тошкентда ер усти тезюрар метро йўналишлари қурилишини лойиҳалаштириш ишларини жадаллаштириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шавкат Мирзиёевнинг Сергелига ташрифи ҳақидаги Ахборот”нинг лавҳасида“ Сергели” метро йўлининг “Ўзгариш” бекати лойиҳавий макети ҳам намойиш этилди. Унда метро йўли ҳам, бекат ҳам ер устида эканини кўриш мумкин.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев “Юнусобод” метро йўлидаги метро қурилишини якунлашни тезлаштириш учун Тошкент метрополитенини “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси тизимига ўтказиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга ҳам кўрсатма берган.

Маълумот учун, Тошкент метрополитени 1977 йилда ишга тушган бўлиб, Ўрта Осиёдаги биринчиси ҳисобланади. Айни вақтда Тошкент метроси уч йўналиш, жами 29 бекатдан иборат, йўлларининг умумий узунлиги 36,2 километрни ташкил этади. Шаҳар метроси 2014 йили 54 миллион йўловчига хизмат кўрсатган.

 

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Муносиб номзодга овоз беринг!
Муносиб номзодга овоз беринг!
Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Октябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Сен   Ноя »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви