Янги қонун лойиҳаси: энди жавобгарлик оширилади, агар…

Депутатлар палатанинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан бир қатор қонун ва кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини кўриб чиқишмоқда.

Хусусан, Бюджет кодексида кўзда тутилган бюджет ва смета-штат интизомини, бюджет сўрови, рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар сметалари ва штат жадвалларини, шунингдек молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартибини бузган ҳолларда жавобгарликка тортиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган.

“Мазкур қонуннинг қабул қилиниши бюджет ва смета-штат интизоми бузиш ҳуқуқбузарликларини квалификация қилиш борасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд қарама-қаршиликларни бартараф этишни ва бир хилда талқин қилишни, бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун жавобгарликни тартибга солувчи тўлиқ ва якунланган қонунчилик ҳужжатини шакллантиришни таъминлайди. Шунингдек, амалиётдан келиб чиққан ҳолда бу ўзгартиришлар Бюджет кодексининг алоҳида нормаларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс ва Жиноят кодексларининг тегишли нормалари ўртасидаги тафовутларни бартараф этади”, дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Аваз Ўринбоев.

Ушбу қонун лойиҳаси фракциялар муҳокамасидан сўнг, палатанинг навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритилади.