АЛВАСТИЛАР ЎЙИНИ (якуний қисм)

— Манави сизга, — дея унинг қўлига йўл-йўлакай видолашув хатини ёзган қоғозимни тутқаздим.

— Нима бу?

— Опангиз хат қолдирибди. Афсус, уни қутқариб қололмадик. Бечора бошига тушган қаттиқ зарбдан ҳалок бўлибди.

Камолова менга ялт этиб қаради. Юзидаги хотиржамлик ўрнини хавотир, таажжубланиш эгаллади.

— Нега ўлади у? — деди бор овозда бақириб. — Нега, айтинг?

— Уни сиз ўлдирибсиз…

— Мен… Бу гапни қаердан олдингиз?

— Ўзи шундай деб ёзиб қолдирибди. Эрингиз билан дон олишиб юргани учун уни…

— Қизиқсиз-а, мен қаёқдаги бир тентак бўлсам, одам ўлдира оларканманми? Қолаверса, ҳали манави тўрт девор орасидан чиққаним ҳам йўқ.

— Ҳа, ҳақсиз, — дедим шаштимни атайлаб пасайтириб. — Афтидан, қотилни анча излашимга тўғри келади. Бўпти, биз кетишимиз керак…

Аёл ниманидир сўрашга чоғланди, лекин индамади. Касалхонадан чиққанимиздан кейин эса, шеригим:

— Нега уни осонлик билан айблаб, яна адашганингизни тан олдингиз? Нега тирик опасини ўлганга чиқардингиз? — деб сўради.

— Чунки мен унинг опасига бўлган муносабатини билмоқчи эдим. Шунинг учун икки хил савол бердим, у кутган ва кутмаган. Опасининг ўлими ҳақидаги хабарни етказганимда у ҳайрон бўлди, аммо бу сохта ифода эди. Чунки кўз қорачиқларида ҳеч қандай ўзгариш сезмадим.

— Балки у ҳайратланганда шунақа бўлар…

— Мен ҳам худди шуни ўйладим ва унга иккинчи, ўзи кутмаган хабарни айтдим. Опаси уни ўз ўлимида айблаганини маълум қилдим. У эса бу сафар чинакамига ҳайратланди, чунки кўз қорачиқлари ҳам кенгайди…

— Демак…

— Демак, у опасининг ўлимини истаяпти. Сабаб эса мерос…

— Ҳеч нарсани тушунмаяпман. Бу ерда айбдор ким-у, жабрдийда ким? Ҳамма айбдорга чиқиб қолди-ку.

— Лекин айбдор битта. У бизни усталик билан чалғитишга уриняпти. Шунинг учун калава баттар чигаллашиб кетяпти. Дарвоқе, Жўраевнинг иши нима бўлибди?

— Мияга қон қуйилиши ташхиси… ҳеч қандай жиноий иш очилмабди ҳозирча…

— Жуда яхши. Бу айни дамда керак ҳам эмас. Баъзи бировларни ҳуркитиб қўйиши мумкин. Энди битта қиладиган ишимиз қолди.

— Хўш? Қанақа?

— Камоловани касалхонадан чиқариш. Ахир, у тузалиб қолди.

— Ростданми? Ишончингиз комилми?

— Аслида, ҳозир унинг касалхонада ётгани эмас, уйига келгани ёрдам беради бизга. Шунинг учун уни уйига олиб келишимиз шарт.

* * *

Камолова қароримизни эшитиб ҳайратланди.

— Яна анави ажиналар, — деди юзини буриштириб.

— Хавотир олманг. Қотилларнинг кимлиги топилди. Жўраевни ишхонасидаги бир ёрдамчиси ўлдирган экан. Мансабига кўз олайтирганмиш. Бошида айбини бўйнига олмади, аммо кейин тан олишга мажбур бўлди. Бу ёғидан хавотир олманг. Энди сизни ҳеч қандай алвастилар безовта қилмайди. Кетишингиз мумкин.

Камолова юкларини йиғиштириб чиқди. Шифокорлар ҳам унинг тузалиб қолганига ишонч ҳосил қилишган экан, дарров рухсат беришди. Камолова касалхонадан чиқиб кетаркан:

— Хоним, — дедим ортидан тикилиб. — Эртага уйингизга бораман. Агар яна алвастиларнинг овози эшитилса, ишни тузукроқ ўрганиб чиқамиз. Кўнглингиз тўқ бўлсин.

У жилмайиб қўйди-да, йўлида давом этди. Мен эса, касалхонадаги ҳамшира танишимнинг олдига бордим.

— Хўш, — дедим малласоч, кўзлари айёрона кулиб турадиган Жамилага қараб.

— Собиқ кимё ўқитувчиси. Лабораторияда ҳам узоқ вақт ишлаган. Аммо кейин бўшаб кетган.

— Нега?

— Эримнинг ишлари юришиб кетганидан кейин ишлашга ҳожат қолмади, деди.

— Ташаккур. Шу маълумотларнинг ўзи етарли.

* * *

Эртаси куни Камолованинг уйига бордим. Эшикни ўзи очди, кайфияти анча яхши эди.

— Тузалиб қолдингизми? — мулозамат қилдим мен.

Аёл бизни кутмагани учунми, бир муддат жим бўлиб қолди.

— Балки ичкарига киритарсиз? — дедим мийиғида жилмайиб.

— Ие, узр, марҳамат, киринглар.

Шеригимга имо қилдим-да, қўлимни ювиш баҳонасида ювиниш хонасига ўтдим. У аёлни суҳбатга тортди.

— Кечирасиз, аёлимга тилла зирак олмоқчи эдим, — деди у Камоловага юзланиб. — Аёл киши яхшироқ билади-да асл тиллани. Шунга маслаҳат бера олмайсизми?

Ўзига ёққан мавзуда гап очилгани учун Камолова гапга берилиб кетди. Мен эса ювиниш хонасига кириб, шеригим билан яширинча келганимда ўрнатиб қўйган жажжи камерачани ечиб олдим. Ўйлаганимдек, Камолова бунга эътибор ҳам қаратмаган экан. Камерани чўнтагимга солиб қўйдим-да, ташқарига чиқдим.

— Хўш, — дедим аёлга қараб. — Энди арвоҳлар безовта қилмаяптими?

— Йўқ, хайрият, кетишди, шекилли.

— Қани, эшикни очиб кўринг-чи…

Камолова эҳтиётсизлик қилиб, шартта эшикни очди. Ҳеч қандай овоз эшитилмади.

— Ана, — деди у чеҳраси ёришиб. — Кўрдингизми, ҳеч бир овоз эшитилмаяпти.

Мен эса овоз нега эшитилмагани борасидаги тахминим тўғри чиққанидан хурсанд эдим. Энди жиноятнинг барча ҳақиқатлари ошкор бўлганди.

* * *

Тергов хонасига кириб келганимда, мен чақиртирган ҳамма шу ерда жам бўлганди. Камолова ва унинг опаси.

— Сизларни бу ерга чақиришимдан мақсад, жиноят фош бўлди, азизлар, — дедим чўнтагимдан барча далилий ашёларни чиқариб. — Жўраев ва Шарипова Зилоланинг уйини қўриқлаган қўриқчи йигитларнинг қотилини топганим ҳақида айтмоқчи эдим.

Камолованинг юзида таажжубланиш ифодаси пайдо бўлди.

— Ахир, буни айтгандингиз-ку.

— Тўғри, аммо унда бироз янглишган эканман.

— Бироз?! Нима, бу билан қотил бошқа одам демоқчимисиз?

— Ҳа, шундай демоқчиман…

— Ким экан у?

— Бундан олдин Жўраев нимадан ўлганини айтай.

— Қон босими ошганидан, — луқма ташлади Камолова. — Буни биламиз.

— Йўқ, адашасиз, уни ўлдиришган, заҳарлаб ўлдиришган.

— Заҳарлаб?!

— Ҳа. Унинг мурдасини кўрганимизда, оғзи атрофида қон қотиб қолганди. Бу унинг заҳарланганининг биринчи белгиси. Иккинчидан, унга секин таъсир қилувчи заҳар берилган. Бу заҳар ички организмларини секинлик билан емириб борган. Энг аввало, миясини заҳарлаган. Оқибатда, мия фаолияти бузилиб, қон кетган. Унгача кўнгил айниши ва шунга ўхшаш ҳолатлар юз берган. Чунки унинг олдига борганимда мазаси қочиб, кўз қорачиқлари катталашиб кетганди. У буни юракдан, деди. Аммо мен бунинг сабаби нима эканлигини кейинчалик англаб етдим.

— Уни ким заҳарлаши мумкин? — сўради Шарипова бироз талмовсираб.

— Ким бўларди, сиз-да…

— Мен?

— Ҳа, сиз. Худди уйингизни қўриқлаган қоровул йигитни ўлдиргандек. Унга ҳам заҳар бериб, мазасини қочиргансиз, кейин буни қотиллар қилган, деб ўйлашлари учун бир-икки марта пичоқ санчиб олгансиз…

— Бўлмаган гап! — кўзлари чақчайиб кетди аёлнинг. — Мен ўлдирмаганман уни. Қўриқчини ҳам мен…

— Инкор этишнинг фойдаси йўқ, чунки қўриқчи йигитнинг организмидан заҳар топилган. Хуллас, қотил сизсиз. Энди менга айтинг-чи, нега синглингизни ўлдиришга уриндингиз? Мерос туфайлими? Унда Жўраевни нега ўлдирдингиз? Нима учун?

Шарипова тамомила довдираб қолди. Бир менга, бир синглисига қаради. Мен эса хонадан чиқиб кетишнинг айни фурсати етганлигини англагандим. Менинг ишорам билан шеригим олдимга келди-да, қулоғимга пичирлади. Мен эса, кичиккина диктофонни ўриндиқнинг билинмайдиган жойига қўйиб:

— Мени чақириб қолишди, ҳозир қайтаман, фақат талабим шу, айбингизни инкор этишдан фойда йўқ, Шарипова, яхшиси, барча тафсилотларни яширмай айтинг, — дея ташқарига чиқиб кетдим.

Хонадан узоқроқ жойга бориб, уларни кузатиб турдим. Опа аввал синглисига нималарнидир гапирди, кейин эса, қўлини пахса қилганча гапира бошлади. Синглиси ҳам ундан қолишмасликка уринарди. Шарипова Камолованинг ёқасидан олгандагина хонага кириб келдим. Улар мени кўриб, довдираб қолишди. Кейин жойларига ўтиришди.

— Тинчликми? — сўрадим Шариповадан. — Нима бўлди?

У лом-мим демади. Синглисига қараб қўйди-да, жойига қайтиб ўтирди.

— Балки сиз айтарсиз, — Камоловага юзландим. — Нега бир-бирларинг билан жиққамушт бўляпсизлар?

Лекин сингилдан ҳам садо чиқмади.

— Жуда яхши, унда мана бу гапиради, — дея ўриндиқнинг ёнидан кичкинагина диктофонни олдим.

Опа-сингилнинг авзойи кескин ўзгарди. Мен эса, уларга парво ҳам қилмай, диктофоннинг керакли тугмасини босдим. Унда опа-сингилнинг суҳбати янграй бошлади:

— Нима, мен сени деб қамалиб кетавераманми? Эрингни мен ўлдирганим йўқ-ку.

— Нима қилибди қамалсангиз, ахир, ота-онам сизни боқиб олиб, катта қилганининг ҳурмати йўқми? Ота-онам олдидаги қарзингизни мени деб узасиз-да. Қолаверса, меросда сизнинг ҳам яхшигина улушингиз бор. Хавотир олманг, сизни ўзим қамоқдан чиқариб оламан.

— Бу эртагингни бошқага айтасан. Мен қамалмайман, сен қамаласан.

— Мен?!

— Ҳа, сен. Ҳаёти анчагина пулга суғурта қилинган эрингни ўлдириб, пулларига эга чиққанинг учун…

Шу ерда диктофоннинг “Стоп” деган тугмасини босдим-да, опа-сингилларга қарадим. Иккаласи ҳам ҳайкалдек қотиб қолишганди.

— Ҳайрон бўлгандим-а, нега Жўраевни заҳарлашди, деб. Ахир, унинг меросга алоқадорлиги йўқ эди-да. Демак, ўлимига ҳаётининг суғурталангани сабаб бўлган.

— Уни мен ўлдирганим йўқ, — жонҳолатда бақирди Камолова. — Манави туҳмат қиляпти менга. Эримнинг қотили мен эмасман.

— Буни ҳозир кўрамиз, — дея яна диктофоннинг керакли тугмасини босдим.

— Биринчидан, сен ҳам менга шерик бўлгансан. Ўрмонга ўт кетса, ҳўл-у қуруқ баробар ёнади.

— Сен нима деяпсан, аблаҳ?

Овоз шу ерга келганда тинди.

— Энди нима қиламиз? Хўш… Ҳамма нарса аниқ, қотиллар…

— Ахир, мен ақлан ноқисроқман, буни ўзингиз ҳам биласиз. Ҳозир шунинг таъсирида оғзимга келган гапни гапириб юбордим, яқинда жиннихонадан чиққанимни биласиз-ку, — жим турганимни кўриб, менга илтижоли тикилди Камолова. — Лаънати арвоҳлар таъқибидан зўрға қутулганимни ҳам биласиз.

— Дарвоқе, арвоҳлар… арвоҳлар, аслида, бўлмаган, тўғрими?

Бу гапимдан Камолова тамомила шокка тушиб қолди.

— Бу нима деганингиз? Ахир, ўз қулоғингиз билан эшитдингиз-ку.

— Бу сизнинг нағмангиз эди. Ювиниш хонангизнинг ушлагичига инчичка сим ўтказиб қўйгансиз. Буни бир қарашда англаш қийин, чунки у ип ҳавога ўхшаш рангга бўялганди ва уни бир қарашда кўриш қийин. Ипнинг эшик ушлагичига уланган қисмига эса, магнит ёпиштирилганди. Сиз эшикни очганингизда, узугингиздаги темир кўз ўша магнитни тортади. Оқибатда ип таранг тортилиб, у уланган қўнғироғи секин жиринглайди. Бу томондан эса, ичкари хонада ғалати магнитофонни кўрдим. Синчиклаб қарасам, ҳалиги ип унинг овозини кўтарувчи тугмачасига ҳам уланган экан. Демак, ҳаммаси оддий, сиз эшикни очасиз, узугингиздаги темир кўз эса магнитни ўзига тортади, оқибатда, ип ҳам чўзилиб, икки хил мусиқа бир вақтда эшитилади. Қарабсизки, сиз айтган “алвастилар қўшиғи” янграйди. Дастлаб бу қадар мураккаб режа уюштиришингиз мумкинлигига ишонмагандим. Чунки бунга ақлингиз етмайди, деб ўйлагандим. Аммо мени бир нарса ўйлантирди: нега айнан жимжилоғингиз билан эшикни очдингиз? Ахир, бунинг қулай жиҳати йўқ-ку. Шундагина тушундимки, бу ерда бир режа бор. Ўшандан кейин қўлимни ювиб олай, деганимда, сиз шошилиб, узук тақмаган бармоғингиз билан ювиниш хонасининг эшигини очдингиз. Чунки биз сизнинг жинни эканлигингизга, аниқроғи, шундай хулоса чиқаришимиз учун уюштирган томошангизга ишондик. Сизнинг эса, бундан кўнглингиз хотиржам тортди ва эҳтиёткорликни унутдингиз. Хуллас, бу сафар ҳеч қандай овоз чиқмади ва шубҳаларим ўз тасдиғини топди. Яна бир гап. Ўша куни эшикдан чиқаётганда гиламга тўқнашиб кетдим ва гилам остига яширинган нимагадир кўзим тушди. Сиз эса шоша-пиша гиламни тўғрилаб қўйдингиз. Унинг нима эканлиги менга қоронғу, аммо ўша “алвастилар қўшиғи”нинг янграшига хизмат қилиши аниқ эди.

— Ошириб юбормадингизми? — ҳайрон бўлди ёрдамчим. — Битта аёл шунча ишни қилиши мумкинми? Бунинг учун одам мутахассис бўлиши керак.

— Сиз ҳақсиз, — дедим ёрдамчимнинг гапидан сўнг умидворлик билан менга тикилган Камоловага қараб. — Аммо бу аёл илгари физика фани бўйича мутахассис бўлган. Мактабда дарс берган. Буни руҳий касалликлар шифохонасидаги танишим ҳам тасдиқлайди. Шуни эшитганимдан кейин, ростдан ҳам бу аёлнинг кўп нарсага қодирлигига гувоҳ бўлдим.

— Менинг айбим нима?

Ялт этиб Шариповага қарадим.

— Сизни унутай дебман-ку. Сиз янаям каттароқ жиноят қилгансиз. Уйингизга борган куним олган суратим ёдингиздами? Мана у, — дея чўнтагимдан расм чиқардим. — Унда ерда синиб ётган иккита стакан синиғи ҳам муҳрланиб қолган.

— Хўш?

— Сиз бу стакандаги заҳар ёрдамида кимнидир ўлдирмоқчи бўлгансиз. Унинг кимлигини эса, мен айтмасам ҳам, яхши биласиз.

Шарипованинг нигоҳи тошдек қотди. Аянчли нигоҳларини синглисига тикди. Камолова ҳам ниманидир тушунгандек эди.

— Хуллас, мен кетдим. Сизларга бир-икки йиллик қамоқ жазоси етади. Аслида, қамаш ҳам шарт эмас сизларни. Хайр.

Опа-сингилларни тегишли ходимларнинг қўлига топширдим-да, ишхонадан чиқдим. Ортимдан шеригим ҳаллослаганча эргашди.

— Нега уларнинг бор-йўғи икки йил қамалишини истаяпсиз? Ахир, улар оғир жиноятларга қўл уришган-ку.

— Тўғри, бири эрини ўлдириб, катта миқдордаги суғурта пулини олмоқчи бўлган, иккинчиси эса, синглисини йўқотиб, унинг меросини ҳам эгаллашни ният қилган. Лекин… Шарипова Камоловани заҳарлаган. У ҳадемай ўлади. Бу — аниқ.

— Унда Шарипова-чи? У жазоланиши керак-ку.

— Биринчи марта Камолованинг уйига борганимизда, иккита стаканни кўргандим. Уни четга суриб қўйгандим.

— Ҳа, хонтахтанинг устида турганди.

— Ўша стаканлардан бирига ҳам худди шундай заҳар солинганди. Чунки стаканнинг бир чети қизариб қолганди.

— Демак, Шарипова ҳам…

— Албатта. Камолова Шариповани олдинроқ заҳарлаб улгурган. Хуллас, энди опа-сингиллар бир-бирининг бошига етди. Улар яхши режа ишлатишганди. Бири ўзининг жинни эканлигига бизни ишонтириб, шу билан ўзини жиноятдан соқит қилмоқчи эди. Иккинчиси эса, ўзининг жабрдийда эканлигини исботлашга уринди. Лекин улар одам танлашда янглишишди, холос. Қолаверса, бу — уларнинг қисмати. Энг ёмони нима, биласизми?

— Хўш, иккала инсоннинг ҳам жувонмарг бўлишими?

— Йўқ. Энг ёмони шуки, мерос кўчада қоладиган бўлди. Йўқ, яхшиси, уни руҳий касалликлар шифохонасига топшириш керак, ёрдам тариқасида. Ҳа, майли, бу бизнинг ишимиз эмас.

Низомжон ИСЛОМОВ

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Октябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Сен   Ноя »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви