Коррупцияга қарши кураш тартибига оид қонун биринчи ўқишда маъқулланди

Қонун лойиҳаси муҳим ва ўз вақтида қабул қилинаётган бўлиб, у коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни кенг кўламда қонун йўли билан тартибга солишга қаратилган
Sputnikнинг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ қабул қилди, деб хабар қилди пайшанба куни Ўзбекистон Республикаси парламенти матбуот-хизмати.
Депутатлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишдан бошлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар қилишича, қонун лойиҳаси муҳим ва ўз вақтида қабул қилинаётган бўлиб, у коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни кенг кўламда қонун йўли билан тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг самарадорлигини оширишга, шунингдек жамият ҳаётининг барча соҳаларида бундай ҳолатга тўлиқ барҳам беришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан мурасасозлик муҳитини яратишга қаратилгандир. Парламент қуйи палатаси депутатлари ўз ишларини “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилиш билан давом эттирди. Депутатлар қайд этганидек, қонун лойиҳаси маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақоми, уларни қабул қилиш, сақлаш ҳамда озод қилиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, интизомий жазо чоралари ҳамда маъмурий қамоқни амалга оширишга тааллуқли бошқа қоидаларни назарда тутади. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатларини мустаҳкамлашга, маъмурий қамоқ жазосини ўташнинг ягона амалиётини таъминлашга, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда ушбу тизим ходимларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади. Мунозаралар якунларига кўра, депутатлар ушбу қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқуллаб, биринчи ўқишда қабул қилишди. Масъул қўмиталарга келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда мазкур ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси топширилди.

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники