Ўзбек тилидаги муаммолар юзасидан очиқ хат йўлланди

Она тилимизга жони ачиган блоггер Санжар Саид томонидан 21 октябрь куни мамлакатмизда янги ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддиновга она тилимиз билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклиф, фикр-мулоҳазалр ёзилган очиқ хат йўлланди, деб хабар бермоқда sharh.uz.

Мазкур очиқ хатнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Аввало, сизни ва жамоангизни, халқимизни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 27 йиллиги билан табриклайман. Она тилимизнинг бугунги аҳволи, муаммолари, унинг ривожи ва равнақи йўлидаги тўсиқлардан ўзингиз ҳам яхши хабардор бўлсангиз керак. Шундай бўлса-да, уларга бир назар ташлаб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Чунки тилимизнинг тобора ғариблашиб, гибридлашиб бораётгани оддий ўзбек сифатида мени ҳам кўп ўйлантиради, баъзида ғамга ботиради…

Хабарингиз бор, 1993 йил 2 сентябрида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Вазирлар Кенгашининг шу куни қабул қилинган қарорида эса 2010 йилнинг 1 сентябридан янги алифбога тўлиқ ўтилиши белгиланди. Орадан олти йил ўтдики, жиддий ўзгариш йўқ, ҳали ҳеч ким юрак ютиб ушбу масалани юқори доираларга олиб чиқмади. Қўлингиздан келса, ушбу масалани бир ёқли қилиш бўйича аниқ таклифларни керакли жойларга кўтариб чиқсангиз.

Иккинчидан, замонавий ахборот технологияларининг ривожланиши лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида кўплаб ўзгаришлар, янгиланишларни амалга ошириш эҳтиёжини пайдо қилди. Оддий мисол, бугун электрон ОАВда лотин алифбосидаги сўзларни кирилча билан боғлайдиган ‘ белгиси қўлланилади. Қонун-қоидаларда эса у мавжуд эмас. Шунингдек, икки ҳарфдан иборат sh, ch, o’, g’ кабилар ҳам бошга битган бало бўлаяпти. Ёш авлодни улар ўрнига w, 4, 6 каби қисқартмалардан фойдаланаётганидан нолиб, уларни чаласаводликда айблаймизу, аслида бунга лотин алифбосига асосланган ўзбек тилини тузиб чиққан профессору мутахассислар бош айбдор эканини инобатга олмаймиз. Халқ ҳар доим ўзига қулай, осон йўлдан боради. Битта товуш учун икки ҳарфни териш гоҳида туппа-тузук зиёлиларга ҳам малол келиб қолади. Ёшларга нима, биров келиб уларни жазолайдими? Хуллас, қонунга ўзгартиш киритиш керак. Акс ҳолда ҳозирги каби кейинги авлодлар ҳам чаласавод бўлиб қолаверади. Уларни тўғри ёзишга ҳеч қачон мажбурлай олмайсиз!

Учинчидан, она тили дарсликларини томи кетган, фанатик профессору академиклар исканжасидан озод қилиш керак. Улар дарсликларни халққа осон, енгил қилиш, авлодларни саводли қилиш мақсадида эмас, унвон, лавозим, обрў ва моддий манфаат учун чиқаришмоқда. Биттаси ўзича қоида ўйлаб топадию унвони ошади, у ёқда эса ўқувчи бечоралар янги қоидани ўзлаштиролмай гаранг бўлиб қолаверади. Вақтингиз бўлса ўзингиз инсоф билан дарсликларни варақлаб, оддий ўқитувчи, оддий бола кўзи билан уларга баҳо бериб кўринг-чи. Таклифим, ўша дарсликларни, уларга қўшиб ишга вақтни беҳуда ўтказиб, ишлаётганларнинг асабини ўйнаш учун келадиган чолу кампирлар билан йўқотиш керак! Дарсликларга эса одам ўқиса тушунадиган, ҳаётда қўллайдиган, кундалик турмушимиз, иш, ўқиш ва кўча-кўйда дуч келиши мумкин бўлган мисолу масала, қоидаларни киритинг. Эргаш гапли қўшма гапларнинг қоидасию қўшимчаларини ихтисослашган университетларда илмий тадқиқот олиб бораётганлар истаганича ўрганаверсин, марҳамат!

Тўртинчидан, кўча-кўйдаги хатоларни камайтириш (!) бўйича аниқ таклифларни ҳукуматга тақдим этиш керак. Бунда бошқа тилларга “ҳужум қилиш”, тадбиркорларни қўрқитиш каби эскирган ва адолатсиз усулларни қўлламаслик керак. Аввало, тил тўғрисидаги қонунга мувофиқ, унинг талабларини бузганларга қарши аниқ жазо чоралари қўлланилиши лозим. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция хуштак чалади-ю,бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди? Ўша “ҳуштак”лардан бири сизнинг қўлингизда бўлиши керак.

Бунда қуйидаги таклифни илгари сураман: реклама ва эълон, баннер, панно ва таблолар, қадоқлар ва бошқалардаги хатоликлар учун тадбиркор эмас, балки уни ишлаб чиқарган, чоп этган типография, реклама агентликлари масъул ва жавобгар бўлсин. Улар ўз корхонасида мусаҳҳиҳ штати очсин ёки бирор мутахассис билан шартнома асосида ҳамкорлик олиб борсин. Телеграмдан беш-ўнта сўзнинг тўғрилигини текшириб бериш мутахассисга иш бўлибдими? Хуллас, бу борадаги қонунчиликни кучайтириш, такомиллаштириш вақти келди.

Бешинчидан, замонавий ахборот технологиялари, хусусан, компьютер, смартфон ва бошқа электрон қурилмалар интерфейслари, операцион дастурлари, Ўзбекистонда оммалашган хорижий интернет манбалари, машҳур ижтимоий тармоқлар, мессенжерларда ЎЗБЕК тилини кенг тадбиқ этиш чораларини кўриш ва уларни тезлаштириш керак. Бугун Ўзбекистонда 13 миллион киши интернетдан фойдаланаётгани мазкур муаммонинг кўлами жуда катта эканидан далолат беради. Муаммоларни қисқа вақтлар ичида самарали ҳал этишнинг фундаментал, назарий ва амалий йўлларини топиш, керак бўлса, давлат бюджетидан маблағ ажратилиши лозимлигига тепадагиларни ишонтириш даркор.

Менимча, шу айтилган масалалар ўз ижобий ечимини топса, ўзбек тили анча ўзини енгил ҳис этар, халқ ўз она тилига яқинроқ бўлар эди. Сизга куч-қувват, инсоф тилаб қоламан!

PS: Яна бир гап, Худо ярлақаб ёзганларимни ўқиб қолсангиз, менинг кимлигим, “нима кароматлар кўрсатганим” билан қизиқиб, қимматли вақтингизни беҳуда ишларга сарфлаб юрманг, яхшиси ёзганларим билан овора бўлинг, миллатимиз, тилимизнинг тақдири сиз каби инсонларга кўп жиҳатдан боғлиқ!

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Муносиб номзодга овоз беринг!
Муносиб номзодга овоз беринг!
Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Октябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Сен   Ноя »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви