“Нобел” мукофоти сиёсатга ем бўлдими?

Америкалик қўшиқчи шоир, 60-йилларда АҚШда пайдо бўлган хиппилар ҳаракатининг етакчи вакилларидан бири, жаҳонга машҳур рок юлдузи Боб Дилан (аслида Роберт Аллен Зиммерман) 2016 йил адабиёт йўналишида Нобель мукофотига лойиқ топилди.

BBCнинг хабарига кўра, Боб Дилан узоқ йиллар давомида Нобел мукофотига муносиб кўрилган, бироқ адабиёт бўйича Нобелни тақдирлаш комиссияси аъзолари рок-юлдуз номзодини рад этиб келганлар. Бу шоирнинг яхшигина шеърий матнлари борлигини рад этмайман. Аммо, очиғини айтсам, жаҳон шеъриятида Боб Диландан юз карра баланд шоир ва ёзувчилар борлигини жуда яхши биламан. Мукофотнинг Диланга берилгани ҳақидаги хабар хабар тарқалиши билан жуда қисқа вақт ичида дунёдаги жуда кўп таниқли адабиёт вакиллари бу танловдан ҳайрон қолганларини баён қилишди. Уларнинг айримлари мукофот қўмитасини Ғарб шоу-бизнесига хизмат қила бошлаганини мазах ҳам қилишди.

Узоқ вақтдан бери бу адабий мукофотга даъвогарлик қилиб келаётган ва ҳақиқатан ҳам адабиёт оламида ўрнини топган япониялик носир Харуки Мураками, кениялик ёзувчи Нгуи Ва Тхионго, норвегиялик драматург Юн Фоссе, сириялик шоир Адонис ва икки америкалик адиб: Филипп Рот билан Дон Делило четда қолишди.

Аслида-ку, мен бу ижодкодкорларнинг биронтасига Нобель мукофотини бериш тарафдори ҳам эмасман. Менга қолса, бу мукофотни асли арабнажод, француз тилида ижод қиладиган Амин Маалуфга берган бўлардим. Гап унинг «Самарқанд» деб номланган роман ёзганида ҳам эмас. Қолаверса, бу роман бу ёзувчининг энг яхши асари ҳам эмас. Ўлай агар, гап менинг бу романнинг ёқтириш ёки ёқтирмаслигимдаям эмас. Ҳамма гап Боб Диландан анчагина арзирли ижодкорлар борлигида. Биргина Евгений Евтушенко ёки Рауф Парфи ижоди билан қиёслагандаям Дилан ижодининг дами ўчади.

Нобель мукофоти ХАЛҚАРО мақомга эга экан, мукофотга даъвогар ижодкор умумжаҳон миқёсда тан олинган бўлмоғи лозим. Шу асосда Боб Дилан ижодига қарайдиган бўлсак, унинг ижоди фақат ва фақат АҚШ (ва қисман инглиз тилли минтақада) мусиқа маданияти доирасидагина таъсири борлигини кўрамиз. Унинг адабий ижоди Шарқни қўя турайлик, Оврупода ҳам деярли номаълум.

Энг ажабли томони шундаки, халқаро мукофот қўмитасининг тақдимномасида қайд этилишича, адабиёт бўйича халқаро мукофот Боб Диланга «»Американинг буюк қўшиқчилик анъаналари доирасида шеърий ифоданинг янги тили”ни яратгани учун» берилган эмиш. Аслида-ку гап бошқа ёқда.

Гап шундаки, Америка империализми ҳукмронлигини қўллашга мойил Швеция ҳукумати таъсирида Нобель мукофоти қўмитаси фаолияти тобора сиёсийлашиб бораётгани очиқ-ойдин ҳодисага айланди. Анча йиллар олдин турк ёзари Ўрхон Помуққа, ўтган йили мукофотнинг Светлана Алексеевичга берилишида ҳам сиёсат таъсири кучли бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Алексеевич ёзган асарлар адабиётдан кўра ҳужжатли журналистикага кўпроқ тегишли. Унинг белорусиялик ватандоши Василь Биков ижоди бу ҳарбпараст журналист аёл ёзганларидан бир неча карра устун экани ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Хуллас, асл адабиёт мезонлари бир чақага айланган бу дунёда бугун бозор адабиёти талаблари барқарор бўлиб бормоқда. Бундай сиёсат охир-оқибат Нобель мукофотининг қадри бир тийин бўлишига олиб келади. Эсингизда бўлса, мен олдин ҳам бу ҳақда ёзган ва жумладан хулоса тарзида мана бу мулоҳазамни айтган эдим: «ХХ аср охирига келиб адабий мезонлардан кўра сиёсий даъволар асосида мукофот берадиган Нобель комитети фаолияти бугунги кунда ўзи сув ичиб турган булоққа тупурадиган, ўз қадриятларига нописанд, дунёда фақат Ғарб бор, фақат Ғарб маданияти бор деб “ўйлайдиган” кимсаларни излаб топадиган ташкилотга айланганини яхши биламиз…»

Энди Харуки Муракамига келсак, юқорида ёзганимдек, қатор йиллардан буён ушбу олий мукофотга даъвогарлар рўйхатида қайд этиб келинган япон ёзувчиси бу сафар ҳам мукофотдан қуруқ қолди. Мураками ҳақида гапирганда уни осмонга кўтариб мақтовчилар ҳам, унинг ижодини тан олмайдиганлар ҳам борлигини айтиш лозим. Шахсан мен бу зиддиятнинг сабабини жуда яхши англайман.

Уни рад этувчилар назарида Мураками кунчиқар мамлакати адабиётининг Рюноскэ Акутагава, Ясунари Кавабата, Ясуси Иноуэ, Дадзай Осаму, Юкио Мисима (ва ҳ.к) каби сўз усталари ижодида ҳамиша барқарор бўлган япон дунёқарашидан чекиниб, Ғарб адабиётида устивор оқимлар таъсиридаги ёзувчи бўлса, унинг ижодини олқишлаган тараф айни шу ғарбча таъсир оқибатида Мураками ХХ асрдаги япон адабиётига янгиланиш олиб киргани билан эътиборга лойиқ, деган фикрни олға суради..

Биринчи қараш тарафдорлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган илк япон адиби Кавабатанинг мукофот тақдимотида сўзлаган маърузаси асосий мезон бўлиб қолаверади. Уларнинг қарашича, янгиланиш фақат миллий руҳдан воз кечмаслик эвазига бўлиши керак. Албатта, бу икки нуқтаи назардаям муайян ҳақиқатлар мавжудлигини рад этиб бўлмайди. Бу икки қараш баҳси Муракамининг Нобель мукофоти олиш- олмаслигидан қатъий назар бу яқин кунларда тўхтамаслигига шахсан мен мутлақ ишонаман.

Шу кунларда ҳатто япон матбуотида «Мураками Нобелни оладими, йўқми, деган баҳс жонга тегди. Унинг номи атрофида кўп йилдан бери давом этаётган «можаро» япон адабиётида худди Муракамидан бошқа мукофотга лойиқ ёзувчи йўқдек» деган мулоҳаза акс этган бир-икки мақола ҳам эълон қилинди. Бу норозиликдаям жон бор.

Аммо, нима бўлгандаям, ўзининг илк асари — “Шамол қўшиғини тингла” романи учун Япониянинг адабиёт соҳасидаги энг нуфузли мукофотга лойиқ топилган кундан бошлаб Мураками номи дастлаб япон, кейинчалик дунё китобхонлари оғзига тушгани адабиёт тараққиётига хизмат қилади, деб ўйлайман.
“Хуршид Даврон кутубхонаси”

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Октябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Сен   Ноя »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви