Шавкат Мирзиёев яна қандай ислоҳотлар амалга оширилишини маълум қилди

19 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Республика Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди. Съездда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида қишлоқ хўжалигидаги устувор вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.
«Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифа – аввало ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдир.
«Sof.uz»нинг хабар беришича, бу борада замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш, маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳосилдорлиги паст ерларда пахта экишни қисқартириш сабзавот, дуккакли ва озуқабоп экин майдонларини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибаларни қўллаган ҳолда, юқори технологияга асосланган интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш билан биргаликда олиб борилади.
Масалан, кейинги йилларда Сурхондарё вилоятида пахта ҳосилдорлиги пастлигича қолмоқда. Фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволи йилдан йилга ёмонлашмоқда. Томорқалардан фойдаланиш ҳам талаб даражасида эмас. Ваҳоланки, Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида февраль ойидан бошлаб бемалол 3 марта ҳосил олиш имкони бор.
Шунинг учун 2017 йилда тупроқ унумдорлиги паст ерлар ҳисобидан ушбу ҳудуднинг қарийб 18 минг гектар пахта ва 1000 гектар ғалла майдонлари қисқартирилади. Ушбу майдонларда сабзавот ва мева етиштирилади, интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади, иссиқхоналар ташкил қилинади. Натижада маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ҳажми кескин кўпайиб, қўшимча қийматли экспортбоп маҳсулотлар тайёрланади. Бу аҳолининг манфаатдорлиги ошиши ва даромади янада кўпайишига олиб келади.
Ана шу масала бошқа вилоятларда ҳам босқичма-босқич қайта кўриб чиқилади ва бундай тадбирлар уларда ҳам давом эттирилади.
Яқин кунларда 2017—2020 йилларга мўлжалланган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш якунига етказилади.
Дастурга мувофиқ, экин майдонларини оптималлаштириш, пахта майдонларини босқичма-босқич қисқартириш таъминланади.
Асосий эътибор экспортга йўналтирилган мева-сабзавот ва озиқ-овқат ҳамда чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш шохобчаларини ташкил этиш ва сервис хизматлари кўрсатишга қаратилади.
Келгуси 5 йилда биз мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини 1,8 баробар ошириб, бугунги 17 фоиздан 30 фоизга кўпайтиришни вазифа қилиб қўймоқдамиз.
Қўшимча тарзда 200 минг тонна маҳсулот сақлаш қувватига эга бўлган совутгичли омборхоналар қурилади. Бу ўз навбатида янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадини кўпайтириш ва маҳаллий бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконини беради.
Асoсий вазифаларимиздан яна бири – қишлоқ хўжалигини молиялаштиришнинг мавжуд тизимини такомиллаштиришдан иборат.
Бу ишларни амалга оширмасдан туриб, биз кафолатланган барқарор ҳосилдорликни, бутун агросаноат комплексини ривожлантиришни ва энг муҳими, фермерларнинг моддий манфаатдорлигини оширишни ва қишлоқ жойларда турмуш даражасини яхшилашни таъминлай олмаймиз. Бу тадбирларнинг амалга оширилиши устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади».

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Октябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Сен   Ноя »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви