Роғун ГЭСи қурилиши: асл мақсад нима ва зарарлари қандай?

Бугун ушбу мавзу яна эътиборимиз марказида. Сабаби барчангизга аён 29 октябрь куни Тожикистон президенти ва ҳукумат аъзолари, кенг жамоатчилик иштирокида Роғун ГЭСи қурилиши бошланиши ҳамда Вахш дарёси ўзанининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Тўғри бу ГЭС қурилиши балки қўшнимизнинг электр энергияси борасидаги муаммосини ҳал этар, аммо у минтақада жойлашган давлатлар, шу қаторда юртимизга катта зиён келтириши ачинарлидир.

1. Халқ манфаати ниқоби остидаги даромад манбаи

Роғун ГЭСи ишлаб чиқарган электр энергиясининг асосий қисми экологик зарарли бўлмиш Тожикистон алюминий заводи эҳтиёжини таъминлашга сарфланади. Шуни таъкидлаш керакки, алюминий заводлари хомашё манбаи бўлган конлар атрофида эмас, балки арзон энергетика манбалари бўлмиш ГЭСлар яқинига қурилади. Бу хомашёни заводга элтишга сарфланган ҳаражатларни тўлалигича қоплайди. Совет даврида ишга туширилган Нурек ГЭСи тожик халқининг манфаатлари нуқтаи назаридан эмас, балки Ҳарбий-Саноат мажмуасига зарур бўлган алюминий ишлаб чиқариш учун қурилгани бугун аниқ бўлиб қолди. Нурек ГЭСи ишга тушганидан кўп ўтмай Душанбедан 50 км узоқликда, Ўзбекистон билан чегарадаги Турсунзода шаҳрида 517 минг тонна алюминий ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурилган эди.

Бугунги кунда Турсунзода шаҳридаги ТожАЗ МДҲ бўйича (Братск, Красноярск, Саянск алюминий заводларидан сўнг) тўртинчи ўринда турувчи саноат корхонаси ҳисобланади. Ҳар йили бир миллиард квт-соат электр қувватини талаб этувчи ТожАЗнинг эҳтиёжини Нурек ГЭСи қондира олмаяпти. Роғун ГЭСи қурилиши эса , халқнинг электрга бўлган эҳтиёжини қондиришга эмас, балки айнан ТожАЗнинг қувватини оширишга қаратилган.

1991 йилга қадар ТожАЗ йилига ўрта ҳисобда 300-350 минг тонна алюминий ишлаб чиқарган бўлиб мутахассисларнинг фикрича 30 йил мобайнида бу рақам 7 миллион тоннадан ошиб кетган. Жаҳон бозорида бир тонна алюминий нархи 12-18 минг доллор экани ҳисобга олинса, алюминий ҳудди пахта сингари Тожикистон бюджетига валюта туширадиган асосий манба бўлиб қолгани ойдинлашади. Шу сабаб бўлса керак,Тожикистондаги бу заводни қўлга киритиш учун, фуқаролар уруши даврида мухолифат жанггарилари ҳам, ҳукуматдаги гуруҳлар ҳам, кейинги вақтларда эса Россия олигархлари ҳам бир неча бор уриниб кўрди.

Шунингдек, заводдан чиқаётган заҳарли моддалар шамол орқали атрофга тарқалмоқда. Заҳарли тутуннинг 80 фоизи Ўзбекистон ҳудудига, 20 фоизи эса Тожикистоннинг ўзига офат олиб келмоқда. Буни Тожикистоннинг Турсунзода тумани, Ўзбекистоннинг Сариосиё, Узун, қисман Шўрчи, Денов ва Олтинсой тумани аҳолиси ўз бошларидан ўтказмоқда. Алюминий тозаланиши жараёнида заҳарли газларнинг атмосферага чиқиши бугунги кунда, оддий мактаб ўқувчисига ҳам аён бўлиб қолди.

Советларнинг “режали иқтисоди” ҳамма нарсага, шу жумладан, экологияга ҳам ҳалокатли таъсир қилди. 1982-89 йилларда ТожАЗ ҳар йили ҳавога 40 минг тонна заҳарли газ чиқарди. Бу белгиланган меъёрдан 6-8 баробар кўп эди. Суғориладиган майдонларнинг меъёридан 2 баробар кўп заҳарланиши оқибатида Сариосиё узумлари, Дашнобод анорлари, ипак қурти учун асосий озуқа бўлмиш тут дарахтлари қуриб қолди. Дарахтларнинг қуришига чидаса бўлар, аммо майиб-мажруҳ чақалоқларнинг туғилиши, одамларнинг касалликларга чалинишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Жаҳон андозаларига кўра, бу каби заводлар асосан совуқ минтақаларда қурилиши назарда тутилган. Сибирдан фарқли ўлароқ Ўрта Осиёдаги иқлим, аҳолининг зич жойлашуви, заҳарли газларни тозаловчи ўрмонларнинг йўқлиги ҳисобга олинмаганлиги ўз-ўзидан аён. Тожикистонда ГЭСлар қурилиши халқ манффатлари йўлига хизмат қилмаслигини, балки унинг ортида алюминий ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсади яширинганини эслатиб ўтамиз.

2. Роғун ГЭСининг фойдасидан кўра унинг табиатга ва инсонларга зарари кўпроқ

Тожикистондаги Роғун ГЭСи юқори сейсмик, кўчки ва сел жараёнлари содир бўладиган ҳудудда олиб борилмоқда. Боз устига унинг тўғони остида тош тузига тўла Илоқ-Вахш тектоник ёриғи жойлашган. Шу туфайли кўп миллионлик Ўрта Осиё аҳолиси ҳаётига хавф солаётган Роғун жаҳон жамоатчилигининг, экологлар, нуфузли олимлар, жуда кўплаб экспертларнинг ғазабини келтираётгани бежизга эмас. Бундан ташқари, Амударё ва Сирдарё бутун минтақанинг асосий оби ҳаёт манбаи сифатида юз йиллардан буён Ўрта Осиё аҳолисини сув билан таъминлаб келган ва Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Туркманистон чегараларини кесиб ўтган ҳолда трансчегаравий аҳамиятга моликдир. Шунинг учун ҳам сув хавфсизлиги Ўрта Осиё минтақасидаги барча давлатлар учун яхлит тарздаги стратегик вазифа ҳисобланади.

Роғун тўғони ёрилиб кетиши натижасида жуда катта баландликдаги сув тўлқини саноқли лаҳзаларда Вахш ва Амударё оқими бўйлаб шитоб билан пастга отилади ва дастлаб Тожикистоннинг ўзига, шундан кейин Ўзбекистон, Афғонистон ва Туркманистонга ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказади. Бунинг оқибатида ҳосил бўлган “цунами” туфайли саноқли лаҳзаларда 5 миллион киши яшайдиган 700 дан ортиқ аҳоли пункти сув остида қолади. Шундан кўриниб турибдики, Илоқ-Вахш ҳудудида жойлашган гигант гидроузел янги ва янги ер силкинишларининг сабабчиси бўлиб қолади.

“Цукуба” университети профессори Керол Фошернинг маълум қилишича сейсмик ҳудудда бундай баҳайбат тўғонни бунёд этиш беъманиликдир ва у Ўрта Осиё минтақасида ҳатто ЕвроОсиё ҳудудига узоқ давр мобайнида салбий таъсир кўрсатувчи жуда оғир экологик ва ижтимоий оқибатларни келтириб чиқаради ҳамда ҳамда ушбу оқибатларни Орол денгизи муаммоси билан яхлит ҳолатда янада мураккаблаштиради.

Амударёнинг қуйи оқимидагилар бундай аянчли фалокат оқибатларни аллақачон ҳис қилмоқдалар. Айни пайтда 2008 йилнинг ёзидаги вазият такрорланмоқда. Ўшанда Тожикистондаги Нурек сув омборидан сув оқизиш қисқартирилгани дарёнинг қуйи оқимида суғориладиган деҳқончиликда ва ичимлик суви масаласида жиддий муаммоларни келтириб чиқарган эди. Амударёда сув сатҳининг пасайиб кетиши натижасида Аму-Бухоро машина канали ва Қарши магистрал канали белгиланганидан миллиард куб метрдан зиёд оби ҳаётни ололмаслиги туфайли вегетация даврида йиллик даражадан бор йўғи 20-30 фоиз миқдорида сув билан таъминланилди, холос. Бунинг натижасида биргина Ўзбекистон республикаси қишлоқ хўжалигига юзлаб миллион долларлик зарар етказилди.

Маълумот ўрнида шуни эслатиб ўтиш лозимки, халқаро сув ҳуқуқлари меъёрларига амал қилиш талабларига кўра Амударё ва Сирдарё сувидан фойдаланиш “Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисида”ги (1992) ҳамда “Кемалар қатнамайдиган халқаро сув йўлларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Конвенциялар асосида мувофиқлаштирилади. Шундан келиб чиқиб таъкидлаш лозимки, ушбу минтақадаги мамлакатлар қаерда ва нимани қачон қуриш кераклигини биргаликда ва ҳамжиҳатликда ҳал этишлари лозим. Трансчегаравий дарёлар бир давлат мулки эмаслигини, улар бутун Ўрта Осиё ҳудуди учун ягона ҳудудий сув тизими эканлигини назарда тутсак, буни янада яхшироқ англаб етган бўламиз.

Ана шунинг ўзидан Роғунни бунёд этиш оқибатлари кўламини ангаб олиш қийин эмас.

Сув омборининг энергетика режимида ишлаши оқибатида вужудга келадиган кучли хавф-хатар вегетация даврида сув танқислигига олиб келади ва у минтақада янги экологик оқибатларни вужудга келтиради. Амударёнинг қуйи оқимида 200 минг гектардан зиёд суғориладиган майдон қайта тикланмайдиган даражада деҳончилик учун мутлақо яроқсиз бўлиб қолади. Натижада ҳосилдорлик камайиб, ичимлик суви таъминоти кескин ёмонлашиши Ўзбекистоннинг 12 миллион ва Туркманистоннинг 6 миллион аҳолиси даромади ва турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади.

Япониядаги Саломатлик ва фаровонлик Халқаро университети профессори Момоко Чибонинг қайд этишича Роғун ГЭСи каби иншоотларнинг қурилиши албатта халқаро экспертизанинг қатъий тавсиялари асосида олиб борилиши шарт. Чунки бир неча миллион кишининг ҳаёти уларнинг фаолиятига бевосита ва билвосита боғлиқдир. Бундан ташқари, ГЭС қурилиши ўнлаб турдаги ҳайвонлар, паррандалар ва ўсимликларнинг йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлиб, флора ва фаунага жуда катта салбий таъсир ўтказади.

3. 2016 йилнинг 19 июлида Бош вазир Шавкат Мирзиёев Роғун ГЭС қурилиши масаласида эътирозли нома йўллаган эди

2016 йилнинг 19 июлида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг хати йўлланган эди.

Мазкур хат Тожикистон Республикаси Бош вазири Қ.Расулзода номига йўлланиб, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг Роғун ГЭСи қурилиши бўйича Италиянинг “Salini Impregilo” компанияси билан келишувга эришгани тўғрисидаги янгиликлар билан боғлиқдир.

Номада, “Сизнинг эътиборингизни яна бир бор қурилиш майдонидаги бир қатор тадқиқотлар, биринчи навбатда, Жаҳон банки бошчилигида ўтказилган лойиҳанинг мажмуавий халқаро экспертизаси — Роғун ГЭСининг қурилиши Марказий Осиёнинг барча минтақалари учун улкан хавф-хатар туғдиришини тасдиқлаганини эслатиб ўтишни жоиз деб топдик, бу ҳақида раҳбариятнинг ҳамда қўшни мамлакатлар экспертларининг маълумотларида бир неча маротаба таъкидланган, Тожикистон Ҳукумати ҳам бундан яхши хабардор. Жаҳон банки мазкур лойиҳанинг улкан техноген, экологик, ижтимоий ва иқтисодий хавфини инобатга олиб, Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштиришда иштирок этишдан бош тортди. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Роғун ГЭСини барпо этиш лойиҳаси ўтган асрнинг 70- йилларида ишлаб чиқилган. Бугунги кунда замонавий талаб ва тажрибани ҳисобга олиб, бу лойиҳани қайта кўриб чиқиш шарт”, дейилган эди.

Шунингдек, “Баландлиги бўйича дунёда тенги йўқ ҳисобланган 335 метрлик тўғонга эга бу қадар улкан миқёсли ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9−10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани жиддий шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради. Объектнинг маълум қилинган 3,9 млрд АҚШ доллари миқдоридан анча узоқ бўлган умумий смета қийматида амалий аниқлик мавжуд эмас, лойиҳавий ҳужжатлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, обрўли экспертлар томонидан билдирилган жиддий мулоҳазалар инобатга олинмаган. Тожикистон ҳукуматининг ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам минтақа учун улкан хавф туғдириши мумкин бўлган Роғун ГЭСи қурилишини давом эттириш учун қилаётган уринишлари кишини хавотирга солмай қўймайди, албатта.

Тожикистон раҳбарияти мамлакатнинг энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларни кичик ва ўрта ГЭСлар ҳисобидан ҳал қила олади деб ҳисоблашга асосимиз бор, бунинг учун Тожикистон ҳудудида кўплаб дарёлар ва сув ресурслари мавжуд. Бизга маълум бўлишича, бундай истиқболли дастур Тожикистонда амалга оширилмоқда”, деб якунлаган эди хат.

4. Йирик ГЭСларнинг инсониятга келтирган зарари ҳаётий сабоқ ўрнида

Трансчегаравий дарёларга халқаро талабларга зид равишда йирик ГЭСлар қуриш ўша минтақа ҳавфсизлигига таҳдид солади. Таҳлилчилар сўнгги 10 йилда минтақада зилзилалар 30 фоизга фаоллашганини айтишмоқда. Мутахассислар, йирик ГЭСлар минтақа сув тақчиллиги муаммосининг янада кескинлаштиришини, бунинг оқибатида экология ва қишлоқ хўжалигига миллиардлаб доллор зарар етишини айтишмоқда. Энергетика манбаини ишлаб чиқаришда “энг катта ГЭСни биз қурамиз” деб манманликка берилмай, ривожланган давлатлар каби харажат ва даромад, фойда ва зарар обдон ўрганиб чиқилса, фойдадан холи бўлмасди.

Сўнгги вақтларда жахонда йирик ГЭСлар учун қурилган тўғонларнинг фойдасидан кўра кўпроқ зарари хақида бонг урилмоқда. Тоғларда тўғон қурилиши эса зилзилаларни келтириб чиқариши эҳтимоли хақида айтилмоқда. Мутахассислар йирик тўғонлар жойлашган худуднинг ўқига босим тушиши оқибатида кичик зилзилалар юз бераётганини айтишади. ГЭСларнинг зилзилалар келтириб чиқариши мутахассислар томонидан тан олинган. Чунки бугунги кунда сув омборларида жахондаги барча дарёлардаги сув хажмидан уч баробар кўп сув сақланмоқда. Бу эса зилзилаларни келтириб чиқариши аниқ. Масалан, аввал зилзила кузатилмаган худудларда ГЭС қурилганидан сўнг, мазкур минтақаларда ер қимирлаши билан боғлиқ ходисалар юз бергани борасида кўп айтилган. Бунга Хиндистондаги Койна тўғони яқинида юз берган зилзила ва бунинг оқибатида 180 кишининг халок бўлгани яққол мисол бўла олади.

ГЭСлар тарихида юз берган фожеалар. Италия шимолидаги Вайонт тўғонида 1963 йил 9 октябрдаги фожеани асло эсдан чиқариб бўлмайди. Кўчки оқибатида тўғон бузилди ва 2 мингдан 3 мингача инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. 1975 йилда “Нина” тўфони Хитойнинг Хэнань вилоятидаги Жухэ дарёсида қурилган Баньцяо сув омборидаги тўғоннинг бузилишига сабаб бўлди. Бунинг оқибатида 170 минг киши ҳалок бўлиб, 11 миллионга яқин киши жабр кўрди. 2005 йил 11 февралга ўтар кечаси Покистон жанубий-ғарбидаги Белужистон вилоятида жала қуйиши натижасида Пасни шаҳри яқинидаги баландлиги 150 метрлик тўғон бузилиб кетди ва бунинг оқибатида бир неча қишлоқни сув ювиб кетди, 135дан ортиқ киши халок бўлди. Ўшанда одамларнинг жасади Араб денгизидан балиқчилар тўри билан йиғиб олинган эди. 2007 йил 5 октябрь куни эса Чу дарёсининг сатхи кўтарилиши туфайли Вьетнамнинг Тханьхоа вилоятида қурилаётган Киадат ГЭСининг тўғони вайрон бўлди. Натижада 5 мингга яқин турар-жой биноси вайрон бўлиб, 35 минг киши халок бўлди. 2009 йил 17 август куни эса Россиянинг энг йирик Саян-Шушенский ГЭСида юз берган ҳалокат оқибатида 75 киши вафот этиб, ГЭСдаги иншоот ва жиҳозлар жиддий зиён кўрди.

Шуни таъкидлаш керакки, жахондаги ҳар бир мамлакатнинг харбийлари душманларининг қўшинлари, харбий иншоотлари ва коммуникациясини йўқ қилиш мақсадида тўғонлардан оммавий қирғин қуроли сифатида фойдаланади. Тўғонлар қурилиши режалаштирилаётганда зарурат туғилганда уни портлатиш ҳам кўзда тутилади.

Хулоса ўрнида қуйидагиларни таъкидлаш лозим:

— гарчи халқ манфаати нуқтаи-назаридан қурилиши бошланган мазкур йирик иншоот келгусида бир гуруҳ сармоядорларнинг даромадига даромад қўшишни кўзда тутади;

— Роғун ГЭСининг қурилиши ва келгусида ишга тушган тақдирдаги минтақадаги аҳоли ва табиий муҳитга келтирадиган зарари, унинг Тожикистон давлатига келтирадиган фойдасидан анча юқоридир;

— Роғун ГЭСи қурилиши масаласида Ўзбекистон ҳукуматидан Тожикистон ҳукуматига йўлланган номада, мазкур иншоотнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканлиги ва унинг ўрнига муқобил, барча учун фойдали кичик ГЭСлар қуриш борасидаги таклифи инобатга олинмаган;

— Дунё тарихида йирик ГЭСлар қурилиши жараёни ва уларнинг бузилиб кетиши оқибатида минглаб инсонларнинг ҳаётдан кўз юмиши каби ҳаётий мисоллар Роғун ГЭСи қурилишида инобатга олинмаган.

Тарихдан бир дарё, бир ўзандан сув ичиб келган қардош халқлар ўзаро бир-бири билан боғлиқ масалаларни ҳам биргаликда муҳокама этган, унга ечим топган. Гарчи кўп бора бу масалада Ўзбекистон ҳукумати Тожикистонга мурожаат қилган бўлсада, айни пайтдаги тожик дўстларимизнинг ўзбилармончилик билан иш бошлашининг охири ҳайрли бўлишини чин дилдан истаб қоламиз.

Бунёдбек Шамсутдинов

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Ноябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Окт   Дек »
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви