Жанубий Корея – Ўзбекистон: 2-1. Терма жамоамиз иккинчи таймда майдонга тушмади!

Афсуски, футболимизда ҳали-бери ўзгариш бўлмайдиган кўринади. Нега дейсизми? Чунки бизнинг футболни ўйинни тушунмайдиган, тактикани билмайдиган мутахассислар бошқаради. Бу гап, эҳтимол, жаҳл аралаш айтаётганимиз учун сал қўполроқ эшитилаётгандир, лекин Жанубий Кореяга қарши ўйин терма жамоамизнинг “писта пўчоғи”га айланиб қолганлигини кўрсатди! Агар Марат Бикмаевнинг голини инобатга олмасак (бу гол ҳам дарвозабоннинг қўпол хатосидан кейин юзага келди), ҳеч нарса қила олганимиз йўқ. Биринчи бўлимда ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлсак-да, иккинчи таймда юрак ҳовучлаб туришимизни тахмин қилгандик. Ишқилиб, натижани ушлашга ҳаракат қилиб, ҳимояга ётиб олишмасин-да, ишқилиб, ҳужумлар ҳам уюштириб туришсин-да, дея ваҳима аралаш ўйинни кўрдик. Минг афсуски, қўрққан нарсамиз содир бўлди. Олдингидек ҳимояга ётиб олиш, ҳали олдинда бутун бошли тайм бўла туриб, натижани ушлашга уриниш, бемақсад тўп узатишлар… Очиғини айтсак, Самвел Бабаян келганидан кейин терма жамоанинг ўйини ўзгаргани йўқ, чунки маълум муддат бу инсоннинг омади келди, холос. У дастлаб кучсиз термаларга қарши ўйнади ва ғалаба қозонди, бу эса биз учун жуда катта натижа бўлиб кўринди. Ваҳоланки, Акмал Шораҳмедовнинг голигина Кореяга ғалаба келтирган ўша машъум ўйинда терма жамоамиз қандай ўйин кўрсатганди, бир эсланг! Қани ўша ўйин ҳозир? Айниқса, иккинчи таймда мен майдонда фақат қизил футболкаларни кўрдим! Иккинчи бўлимда биз ҳурмат қилган, биз олқишлашга тайёр турган терма жамоамиз майдонга тушгани йўқ! Иккинчи бўлимда қандайдир ем еб дамлаб қолганидан югура олмайдиган қўйлар майдонда ҳаракат қилди. Иккинчи бўлимда юрт шаъни учун ўйнашни хаёлига ҳам келтирмайдиган, нуқул ўйинда ғалаба қозонганда қанча пул олишини ўйлаб чиқадиганлар ҳаракат қилди. Иккинчи бўлимда машғулотларда астойдил ишламайдиган, озроқ югурса, чарчаб қоладиган, тўп узатишни билмай, нуқул ёдлаб олган бир-икки финтлари билан рақибни алдашга уриниб, охирида “ўтириб” қўядиган лапашанглар майдонга тушди. Иккинчи бўлимда бир-бирини тушунмайдиган саводсизлар майдонга тушди. Кимга қанақа билмадим-у, шахсан мен иккинчи бўлимда ҳаракат қилган жамоани терма жамоа сифатида тан олмайман! Мен тан олган, мен ҳурмат қиладиган терма жамоа Тошкентда бўладиган ўйинда корейсларнинг дабдаласини чиқаради! Жаноб Бабаян, бизга ўша терма жамоани қайтариб беринг! Сиз бунга мажбурсиз!

Бу янгиликни бошқалар билан ўртоқлашинг:

Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Ҳафта афоризми
Ҳафта афоризми
Календар
Ноябрь 2016
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Окт   Дек »
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930  
Кузатиб боринг!
Кузатиб боринг!
Боғланиш учун
Боғланиш учун
Мақолалар архиви