Ўзбекистон ва Россия: ҳарбий ҳамкорликнинг аҳамияти қандай?

Москвада Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-полковник Қобил Бердиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу хақда Россия Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

“Сизнинг мамлакатингиз чегарасидаги ҳолат ҳақида яна бир бор ўйлаб кўриш лозим. Бу ҳудудда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун Коллектив хавфсизлик бўйича шартнома ташкилоти(КХШТ) ва ШҲТ ҳамкорлик қилиш нақадар муҳим эканини кўрсатади”, дейди учрашувда Сергей Шойгу.

Россия армияси генералининг айтишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасида икки мамлакат хавфсизлиги учун ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик қилишнинг келажаги бор.

Ўз навбатида Қобил Бердиев ҳам Россия Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкори саналишини таъкидлади.

“Бизни Россия билан кўп нарса боғлаб туради. Биз Россия билан алоқаларни ҳеч қачон бузмаймиз. Россия қўшинининг Суриядаги ҳаракатлари мамлакат армиясининг ҳақиқий кучини бутун дунёга намойиш қилмоқда”, дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-полковник Қобил Бердиев.

Шунингдек, Қобил Бердиев 2017 йилда, режага кўра, ҳамкорликда 36 та тадбир ўтказилишини таъкидлаб ўтди.

Музокара якунида Ҳарбий техникаларни ривожлантириш ва Ҳарбий идоралар ўртасида 2017 йилги икки томонлама ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзолади.
Мухторбек Абдуллаев
Манба: қалампир.уз